Динга қарши зўравонликлар ва таҳқирлашлар кўлами дунё бўйлаб ортмоқда

Масжид Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

2006-2009 йиллар мобайнида динга таалуқли зўравонликлар ва таҳқирлашлар кўлами дунё бўйлаб ўсган.

АҚШда жойлашган Pew Тадқиқот Маркази чиқарган ҳисоботда зўравонликлар ва таҳқирлашлар асосан мусулмонлар ва насронийларга қарши қаратилгани айтилади.

"Уч йил давомида олиб борилган тадқиқотлар насронийларга қарши дунёнинг 130 мамлакатида (66%) ва мусулмонларга қарши 117 мамлакатда (59%) ҳаракатлар бўлганини аниқлади," - дея хабар қилади Pew Тадқиқот Марказининг Дин ва Жамият ҳаёти форуми.

2009 йилда дунёнинг 101 мамлакатида ҳукуматлар диний гуруҳларга қарши куч ишлатган. Бир йил муқаддам бундай куч ишлатишлар дунёнинг 91 мамлакатида кузатилганди, дейилади ҳисоботда.

2009 йилга келиб дунё аҳолисининг деярли учдан бир қисми диний чекловлар кучайган мамлакатларда яшаган.

Инсонларнинг эътиқод эркинлигига ҳукуматлар томонидан чекловлар энг кўп Яқин Шарқ ва Шимолий Африка минтақаларида жойлашган мамлакатларда кузатилган.

Ҳозирда ҳокимиятдан четлатилган Ҳусни Муборак президентлиги даврида Миср ҳукумат томонидан диний жамоаларга нисбатан энг кўп чекловлар жорий этилган мамлакат дея топилган.

Диний чекловлар кўп бўлганлар рўйхатидан Миср ортидан Эрон, Саудия Арабистони, Ўзбекистон, Хитой, Малдив ва Малайзия каби мамлакатлар ўрин олган.

Pew Маркази тадқиқотлари асосан 18 йирик ва ишончли манбаларга асосланган. Бундай манбалар жумласига АҚШ Давлат Департаменти, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Оврўпо Иттифоқи Кенгаши ҳисоботлари киради.

Ироқ - диний зўравонликлар энг юқори бўлган мамлакат деб топилган.

Оврўпо мамлакатларида ҳам динга таалуқли ижтимоий адоват кўлами салмоқли даражада кўтарилган.

Бу ҳолат айниқса Британия, Булғористон, Дания, Россия ва Испанияда яққол кўзга ташланган.

Ҳукумат томонидан диний чекловлар кучайтирилган Оврўпо мамлакатлари эса иккитадир - Франса ва Сербия.

Франсада Президент Николя Саркози 2009 йилги чиқишида миллий ҳуввият ҳақида гапириб, Франса жамиятида бурқага ўрин йўқлигини айтди ва натижада қонун чиқарувчилар бурқани таъқиқлашга қаратилган ҳаракатларни бошлашди.

Сербия ҳукумати эса насронийларнинг протестант гуруҳини рўйхатдан ўтказишдан бош тортди.

Россияда диний адоватга асосланган ҳужумлар қурбонига айланганлар сони 2009 йилда 2008 йилга нисбатан икки бараварга ортган.