Oxus Gold ширкатининг Ўзбекистондаги ходими жосусликда айбдор деб топилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Oxus Gold аввалроқ ўзбек ҳукуматини халқаро маҳкамаларга тортиш нияти борлиги ҳақида билдирганди

Ўзбекистонда ҳарбий маҳкама ҳозирда ўзбек ҳукумати билан иқтисодий тортишувларни олиб бораётган Oxus Gold ширкатининг собиқ ходимини 12 йилга озодликдан маҳрум қилган.

Ёпиқ эшиклар ортидан ўтган маҳкама Ўзбекистон ва Британиянинг Oxus Gold ширкати очган қўшма Amantaytau Goldfields кончи корхонасида бош металлург бўлиб ишлаган Саид Ашуровни ўзбек жиноий кодексининг 160-моддасига биноан жосусликда айбдор деб топган.

Жаноб Ашуровнинг ҳимоячилари айбларни рад қилишган ва ўзбек ҳукумати Ашуровни Oxus Gold мулкини эгаллаб олиш йўлида гаровда ушлаб турганини айтишган.

Oxus Gold маҳкама ҳукмини қоралаб чиқарган баёнотда "Ашуров ишини кўрган ҳар бир одам унинг маҳкамаси ва ҳукми мутлақо асоссиз экани ва том маънода қурол билан гаровда ушлаб турилган хорижий сармоядорларни қўрқитишга қаратилган эканини кўради," дейилади.

Баёнотда уч фарзанднинг отаси бўлган 46 ёшли Ашуров бутун касбий ҳаётини кончиликда ўтказгани ва нуқсонсиз профессионал ўтмишга эга экани айтилади.

"Давлат расмийларининг ширкатни йўқ қилиш йўлидаги қаттиққўл чораларидан Oxus ширкатининг кўплаб хорижий раҳбарлари қочганидан сўнг, Ашуров уйига кетаётганида Тожикистон билан чегарада ҳибсга олинган. Расмийлар уни давлат сирлари ёзилган флеш картани олиб кетаётганликда айблашган. Бироқ, ширкатдаги лавозими доирасида у бундай маълумотларга эга бўла олмаган," дейилади баёнотда.

Би-би-си билан суҳбатда Oxus Gold ҳимоячиси Роберт Амстердамнинг айтишича, жаноб Ашуровнинг нозик маълумотга алоқаси бўлмаган.

"Ашуров - геолог. У шпионаж учун маҳкамага тортилиши ва касаллигига қарамай 12 йилга қамалиш у ёқда турсин, ҳеч қандай мамлакатда нозик табиатли дея ҳисобланмайдиган тижорат соҳасида фаолият олиб борган. Бу даҳшатли ҳол ва бу йигирма йилдирки қонун устиворлиги амал қилмай келаётган Ўзбекистон учун, афсуски, одатий ҳол," дейди жаноб Амстердам.

Гепатит касали билан оғрувчи жаноб Ашуровнинг ҳозирда саломатлиги ёмонлашгани айтилади.

"Бу мамлакатда тижорат билан шуғулланаётган ҳар бир одам биргалашиб, ўзбек ҳукуматига бу каби аҳмоқона амалларга чегара борлигини айтиш вақти келди," дейди жаноб Амстердам.

Тортишувлар

Амантайтаудаги олтин қазиб чиқарувчи қўшма корхона ҳиссаларининг ярмига эгалик қилувчи Oxus Gold ширкати март ойидан буён ўзбекистонлик масъуллар билан тортишиб келади.

Ширкатнинг айтишича, қўшма корхонани ликвидация этишга мажбур қилиш учун у адолатсиз солиқ текширувларига дучор этилган.

Аввалроқ олтин қазиб чиқариш ишлари тўхтаб қолгани туфайли Oxus ҳалокатли йўқотишларга учраётгани ва июл ойидан бошлаб Лондондаги ҳиссалари савдосини тўхтатишга мажбур бўлаётганини билдирганди.

Oxus Gold вужудга келган вазиятга ечим топиш учун музокаралар олиб боришга ҳаракат қилиб келмоқда.

Бироқ, ширкатнинг даъво қилишича, ўзбекистонлик расмийлар бунинг ўрнига нотўғри ахборот тарқатиш йўлига ўтиб олишган.

Аввалроқ қўшма корхона ҳамкорларидан бири бўлган Госкомгеология ширкатни ночор технологик ва экологик меъёрлар асосда ишлаганликда айблаганди.