Руслан Чагаев: 'Мен рингга фақат ғалаба қозониш учун тушаман'

Image caption Руслан Чагаев ўзининг фақат ғалаба иштиёқида эканини айтмоқда

Ўзбекистонлик донгдор боксчи, профессионал бокснинг "Оқ Тайсон"и, энг оғир вазн тоифасида собиқ Жаҳон чемпиони Руслан Чагаев чемпионлик учун бўлажак жангида ғалаба қозонишига ишончи комиллигини айтди.

Руслан Чагаев бу ҳақда жанг арафасида Би-би-си Ўзбек Хизматига берган суҳбатида билдирди.

Унинг айтишича, россиялик номдор боксчи Александр Поветкинга қарши жанги шу йилнинг 27 август куни Олмониянинг Эрфурт шаҳрида бўлиб ўтади.

Руслан бир неча йилдан буён Олмониянинг Universum Box-Promotion клубида шуғулланиб келади.

Ўзбекистонлик таниқли боксчининг билдиришича, бу хусусдаги шартнома икки жамлоқ орасида ўтган ҳафта имзоланган.

Руслан ҳозир асосий эътиборини бўлажак жангига ҳозирлик кўришга қаратаётганини айтди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Русланнинг рақиби Александр Поветкин профессионал боксда илк бор энг оғир вазн тоифасида Жаҳон чемпионлиги учун рингга тушади

Унга кўра, рақиби Александр Поветкин кучли ва тажрибали боксчи эса-да, кимнинг қандай экани фақат рингда билинади.

Ўзбекистонлик донгдор боксчи рингга фақат энг оғир вазн тоифасида Жаҳон чемпионлиги камарини қайтариб олиш нияти билан тушажагини урғулади.

Руслан бундан икки йил аввал украиналик боксчи Владимир Кличкодан мағлубиятга учраб, энг оғир вазн тоифасида чемпионлик камаридан буткул мосуво бўлганди.

Аммо ўтган йил май ойида австралиялик рақиби Кали Мианни енгиб, яна чемпионлик камарига даъвогарлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритганди.

Руслан Чагаев 2007 йилнинг 14 апрел куни россиялик рақиби Николай Валуевни енгиб, илк бор профессионал бокснинг WBA йўналиши бўйича энг оғир вазн тоифасида Жаҳон чемпиони бўлган.

Аммо бу - 2005 йилда профессионал боксга ўтган Александр Поветкиннинг профессионал боксда Жаҳон чемпионлиги учун олиб борадиган илк жангги бўлади.

Александр Поветкин WBA рейтингида Руслан Чагаевдан кейин 2-ўринни эгаллаб турибди.

Ўзбекистонлик таниқли боксчи профессионал боксда бундан аввал ўтказган 26 та жангининг 24 тасида ғалаба қозонган, биттасида мағлуб бўлган ва яна биттасини дуранг ҳисоби билан якунлаган.

Олмониянинг Sauerland Event промоутерлик ширкати ҳомийлиги остида рингга тушувчи рақиби эса, профессионал боксда 19 та жанг ўтказган бўлса, уларнинг ҳаммасида ғолиб чиққан.

Биз бўлажак жанг арафасида Руслан Чагаев билан боғланиб, унинг бугунги кайфияти ва сўнгги ҳозирликлари билан қизиқдик:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди