Ўзбекистонда хорижий янгилик сайтларига қўйилган тўсиқлар қисман олиб ташланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи others
Image caption Ўзбекистондаги интернет кафеларда ҳукуматга қарши сайтларга кирмаслик ҳақида ҳам огоҳлантирилади

Ўзбекистон шу ҳафта янгилик сайтларига қўйилган тўсиқларни қисман олиб ташлаган.

Россиянинг Регнум агентлиги ўз вебсаҳифасига қўйилган тўсиқнинг 12 август куни олиб ташланганини тасдиқлаган.

Ассошиэйтед Пресс агентлиги жума куни таҳририятга сим қоққан ўзбекистонлик уч нафар интернет фойдаланувчилар тўсиқнинг олиб ташланганини билдирганликлари ҳақида хабар тарқатган.

Агентликка кўра, улар ўз исмларини ошкор этмасликни сўрашган.

10-11 август кунлари Ўзбекистондаги барча етакчи хорижий янгилик сайтларининг тўсиб қўйилгани ҳақида хабар олинган.

Улардан баъзилари ҳали ҳам очилмаётгани айтилади.

Хорижий янгилик сайтларининг ёппасига тўсиб қўйилиши Тошкентда миллий UZ доменига бағишланган интернет фестивали ўтаётган кунга тўғри келган.

Регнум агентлигининг билдиришича, ўз сайти жорий йил ҳисобидан учинчи марта ёпиб қўйилиши.

Агентлик ўз янгиликларига биринчи марта 2005 йил майида, Андижон воқеалари ортидан тўсиқ қўйилганини билдирган.

Би-би-си ва "Озодлик" радиоларининг веб саҳифаларига 2004 йилдан буён тўсиқ қўйилган.

Охирги ёппасига чеклов мустақилликнинг 20 йиллик санасига тайёргарлик доирасида кўрилаётган хавфсизлик чоралари билан боғланмоқда.

Айрим таҳлилчиларга кўра, бу бир нави "ўқув машғулоти" ҳам бўлиши мумкин.

Кузатувчиларнинг ишонишларича, ўзбек ҳукумати араб давлатларидаги воқеаларда интернетнинг ролидан жиддий хавотирга тушган ва уни янада қаттиқроқ назорат қилишга киришган.

СА-News сайтига кўра, расмийлар ўтган ҳафта тўсиқ қўйилган сайтларни авваллари саралаш асосида чеклаб келганлар.

Унда алоҳида мақолаларга тўсиқ қўйилиб, уларга босилганда мақоланинг ўрнига сайтнинг асосий саҳифаси чиқиб келади.

Парижда жойлашган "Чегара билмас мухбирлар"га кўра, "Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш" агентлиги интернетдаги сайтлар, аудио ва видео материалларни яқиндан кузатади, исталмаган мақола ва матнларни олиб ташлайди ёки IP-адресларни блок қилиш орқали филтрдан ўтказади.

Ўзбекистон расмийлари интернетнинг цензура қилинишини рад этиб келадилар.

Аммо айни пайтда "Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги" мулозимлари интернет провайдерлари билан келишувлар "террорчи" ёки "беҳаё" сайтларга тўсиқ қўйилишини назарда тутишини ҳам айтишган.