Саида Қурбонова: мени милицияхонанинг иккинчи қаватигача судраб олиб чиқишди

Image caption Милиция ходимларининг муносабатидан кейин Саида Қурбонованинг саломатлиги ёмонлашган

Жиззахлик амалдорларнинг Ўзбекистон қонунларига зид қарорларига қарши норозилик чиқиши уюштирмоқчи бўлган икки аёл вилоятнинг Пахтакор туман милиция идорасида мажбуран ушлаб турилган.

Натижада, улардан бири, жиззахлик таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Саида Қурбонованинг саломатлиги ёмонлашган.

"Ўзбекистонда норози инсонлар йўқ, айниқса Мустақиллик байрами арафасида кимнингдир норозилик амалиётига чиқиши ақл бовар қилмайдиган нарса."

Буни Жиззах вилояти Пахтакор тумани милицияси ходимларининг инсон ҳақлари фаоли Саида Қурбоновага кўрсатган муомалаларига дастуриламал бўлиб хизмат қилган хулоса, дейиш мумкин.

"Раҳбарлар гаплашмоқчи", деб инсон ҳақлари фаолини туман милиция идорасига олиб боришади, у ердан кетмоқчи бўлганида эса, кетишга рухсат беришмайди.

"Мени иккинчи қаватгача судрашди", деб айтди Саида Қурбонова.

Саида Қурбонова пахтакорлик Нурнисо Холбоевага инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатида кўмак берган.

Пахтакор туман маҳкамаси Нурнисо Холбоевани ўзи ёш боласи билан яшаётган қаватли турар-жой биносидаги хонадонидан пропискадан чиқариш ҳақида қарор чиқарган.

"Ҳокимият тортиб олаяпти", дейди Саида Қурбонова.

Унинг айтишича, уйи ноқонуний тортиб олиниб, кўчада қолишига тўғри келаётган Нурнисо Холбоева Ўзбекистондаги турли мутасадди идораларга, ҳатто Ўзбекистон президенти девонига мурожаат қилган.

Бироқ натижа бўлмаганидан кейин Нурнисо Холбоева Жиззах вилоятидаги турли мутасадди идоралар ыаршисида норозилик амалиёти уюштириши ҳақида эълон қилган.

Бунинг олдини олиш мақсадида пахтакорлик милиционерлар Нурнисо Холбоевани ҳам, унга ҳуқуқий маслаҳат берган Саида Қурбоновани ҳам ички ишлар бўлимига олиб кетганлар.

15 август куни деярли кун давомида Саида Қурбоновани ҳам, Нурнисо Холбоевани ҳам милицияхонада ушлаб туришган.

Саида Қурбонованинг айтишича, Пахтакор туман милицисиядагилар унинг ўзини одамларни протестларга ундаётган фаол сифатида кўришаяпти ва бунга қарши чора кўришни ўзларининг бурчи деб билганлар.

Журналистлар Пахтакор туман Ички ишлар бўлими ходимлари билан боғланганларида, милиция мулозимлари икки кишининг ғайриихтиёрий ушлаб турилганини рад этганлар.

Орадан бир кун ўтиб, тиббий ёрдам олганидан кейин ҳам кечаги жисмоний ва руҳий босимлар туфайли ўзини ёмон ҳис қилаётганини айтган Саида Қурбонова, тез орада прокуратура ҳамда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига милиция ходимларининг ўзбошимчалигидан шикоят қилиш ниятида эканини айтди.