Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Қозоғистондан экстрадиция қилинган айрим қочқинлар устидан ҳукм ўқилган

Қозоғистондан Ўзбекистонга экстрадиция қилинган 29 ўзбек қочқинларининг айримлари устидан маҳкама ҳукми ўқилган.

Улар Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовузга уриниш, ноқонуний гуруҳлар тузиш ва жамоат хавфсизлигига таҳдид қилувчи материаллар тарқатишга оид айбловларга юз тутгани айтилади.

Халқаро мурожаат ва босимларга қарамасдан, Олма отадаги маҳкама ушбу қочқинларни Тошкентга топширишга қарор берганди.

Фаолларга кўра, улар ҳозир Ўзбекистоннинг турли вилоятларида тергов қилинмоқда.

Тошкентдаги "Эзгулик" ташкилоти вакили Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, "ҳозирда жиноят ишлари бўйича Сурхандарё вилоят суди томонидан 1992 йилда туғилган Аҳмад Болтаевга ҳукм ўқилган.

"Бундан ташқари Сирдарё вилояти суди томонидан Файзуллахон Акбаровга нисбатан ҳукм ўқилган. У 5 йилга озодликдан маҳрум қилинган", дейди Абдураҳмон Ташанов.

Унга кўра, ҳукмлар борасидаги хабар судланганнинг яқинлари берган маълумотлар асосида тарқатилган.

"Мен ота-оналарнинг ўзлари билан гаплашдим. Улар судларда иштирок этганларини айтишди. Энди бу йигитлар асосан, ўша Жиҳодчилар" диний радикал оқимига мансубликда айбланган", дейди ҳуқуқ фаоли.

Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, ҳозирда Қозоғистондан Ўзбекистогнга топширилган бошқа қочқинлар устидан ҳам тергов ва суд жараёнлари кетаётгани ҳақида маълумотлар бор, лекин улар ҳали тўлиқ тасдиғини топмаган.

"Энди ўн нафар шахснинг жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судида ишлари кўрила бошлагани ҳақидаги маълумотлар бор. Мен айтаётган маҳкамаларнинг ҳаммаси чоршанба кундан бошланган", дея маълум қилади "Эзгулик" ташкилоти вакили.

Ўзбекистондаги диний таъқиблардан қочиб, Қозоғистонда бошпана сўраган 29 нафар қочқинларнинг июн ойи бошида ватанларига мажбуран қайтарилиши халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан қораланган.

Ҳюман Райтс Вотч ва Халқаро Амнистия қочқинлар Ўзбекистонда қийноққа тутилишидан хавотир билдирганди.

Ҳар икки ташкилот қозоқ ҳукуматини бошпана изловчилар ҳуқуқларини поймол этиш, ўзининг халқаро мажбуриятларини бажармасликда айблаган.