Oxus Gold Ўзбекистондаги собиқ ходими ҳимоясига имзо тўплашга киришди

Ўзбек ҳукуматини ноқонуний амалларда айблаб чиққан Британиядаги Oxus Gold олтин ишлаб чиқариш ширкати ўзининг Ўзбекистондаги собиқ ходими ҳимоясига имзо тўплаш кампаниясини бошлаган.

Ўзбекистон маҳкамаси Oxus Goldнинг Саид Ашуровни шу йил баҳорида жосусликда айблаб, 12 йилга озодликдан маҳрум этганди.

Расмий Тошкент Ўзбекистонда узоқ йиллар олтин қазиб чиқариш билан шуғулланган Британия ширкатини ўз мажбуриятини бажармаганликда айблаган ва ширкат фаолиятини тақиқлаб қўйганди.

"Оксус голд" эса Ўзбекистон ҳукуматини ноқонуний амалларда айблади.

Би-би-си Oxus Gold ширкати адвокати Роберт Амстердамдан Саид Ашуров петициясига ойдинлик киритди:

Роберт Амстердам: Жаноб Саид Ашуров кончилик бўйича мутахассис. У Тожикистон фуқаросидир. "Оксус Голд" ширкати уни ишга ёллаганди. У ушбу ширкатда яхши ишлаган мутахассислардан бўлган. Унинг ширкатдаги фаолияти шу йил март ойида Ўзбек расмийлари "Оксус Голд" ширкатига рейд уюштиришлари ортидан тўхтаган эди.

Би-би-си: Ҳозирда ширкат ҳомийлиги остида Саид Ашуровни озод этишни мақсад қилган махсус веб саҳифа очилган. Унда Саид Ашуровни озод қилиш петицияси ҳам бошлатилган. Ҳозиргача кимлар бу петицияни қўллаб қувватлашди?

Роберт Амстердам: Ушбу петицияни унинг оиласи бошлади. Уларни қўллаб-қувватлаётганлар жуда кўп. Бутун дунёда инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва нодавлат ташкилотлар Саид Ашуров ишига катта қизиқиш изҳор этганлар. Чунки жаноб Ашуровнинг соғлиғи Ўзбек қамохоналарида ёмонлашиб бораётир. Ўзбек қамоқхоналаридаги шароит ўзининг ўта абгорлиги билан танилган.

Би-би-си: Саид Ашуров иши юзасидан ўзбек расмийларидан бирон бир расмий жавоб олдингизми?

Роберт Амстердам: Саид Ашуровнинг ноқонуний қамоққа олинишига нисбатан Ўзбек мулозимларидан олганимиз ягона жавоб - умуман уйдирма айбловлар билан ёпиқ маҳкама томонидан унинг 12 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилгани бўлди. Ғарб давлатлари ҳудудидларида жойлашган ширкатлар борасида Ғарб ҳукуматлари хавотир изҳор этсаларгина, Ўзбекистон ҳукумати жавоб бериши мумкин.

Би-би-си: Сиз Ўзбек расмийлари куни келиб чақириқларингизга жавоб беришади, деб ишонасизми?

Роберт Амстердам: Мен Ўзбекистон ҳукуматининг жанжал билан иш олиб боришидан дунё огоҳ бўлаётганидан хушбинман. Ўзбекистон Шимолий Корея сингари қонунга умуман риоя этилмайдиган давлат. Яхшиямки, кўплаб мамлакатлар бу ҳолатдан огоҳ бўла бошладилар. Жаноб Ашуров ва режим томонидан уйдирма айбловлар билан қамоққа ташланган кўпларнинг ягона умидидир.

Би-би-си: "Оксус Голд" ширкати шунча йиллар давомида Ўзбекистон давлати билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келди. Инсон ҳуқуқларининг ўта абгорлиги ҳақида узоқ йиллардан буён гапирилади. Нима учун "Оксус Голд" ўз даромад манбаидан айрилгандан кейингина, инсон ҳақлари ҳақида қайғуриб қолди? Нега бу ҳақда олдин гапирмади?

Роберт Амстердам: "Оксус Голд" ширкати, Ўзбекистонда фаолият юритувчи кўплаб ширкатлар сингари, нафақат у ердаги ўз бойликлари ҳақида, балки ўз ходимлари хавфсизлигини ҳам ўйлашга мажбур эди. Маълум бўлишича, бундай сиёсат на ширкат ходимларини ва на ширкат бойлигини сақлаб қола олди.