Рус телеканалида шикоят билан чиққан тошкентлик фаол уйида тинтув ўтказилган

Image caption Кўрсатувда Татьяна Довлатова нафақахўр қўшнисининг қийин аҳволда яшаётгани ҳақида гапиради

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Татьяна Довлатова уйида душанба куни кечқурун тинтув ўтказилган. Маҳаллий ички ишлар бошқармасидан келган тинтув гуруҳи унинг ўғлининг гиёҳванд моддалар савдосига алоқадорлигини текшириш учун тинтув ўтказилиши кераклиги ҳақида буйруқни кўрсатишган.

Довлатованинг ўзи эса бу амалларни ўзининг ҳуқуқ фаоли сифатидаги фаолияти билан боғламоқда.

Унга кўра, ўтган апрел ойида Россия 1 телеканалининг "Махсус мухбир" дастурида намойиш этилган кўрсатувда Ўзбекистондаги рус жамоаси ҳаёти ҳақида берган интервьюси туфайли унга нисбатан тазйиқлар ошган.

Фаол Би-би-си билан суҳбатда тинтув учун келганини айтган милиция ходимларини уйига киритмасликка уринганини айтди.

"Менга муҳр босилмаган тинтув буйруғини кўрсатишди. Шаҳар ички ишлар бошқармасига телефон қилиб сўрасам, муҳр босилмаган буйруқ бўлса, киритманг дейишди. Лекин эшикни бузишга таҳдид қилганлари учун киритишга мажбур бўлдим," дейди у.

Довлатова хоним уйидан ҳеч нима топилмаганини билдирди.

"Ҳеч нарса топишмади, проткол ёзишди, лекин менга беришмади. Мен бугун бориб ўзим зўрға олиб келдим протокол нусхасини. Биласизми, мен яширмайман, ўғлим ичишни яхши кўради. Лекин ҳеч қачон гиёҳванд моддалар савдосига аралашган эмас. Охирги бир ой мобайнида унинг кетидан муттасил равишда кузатиб юришганди," дейди у.

Татьяна Довлатованинг ўғли ҳозирда ҳибсда сақланмоқда. Фаол эса бу амал билан расмийлар унинг овозини ўчиришга уринишаётганига ишонади.

"Улар шу билан менинг оғзимни ёпишмоқчи. Мени бадном қилишмоқчи. Мен безориманми? Шу вақтгача маҳкама икки маротаба менга нисбатан безориликда ҳукм чиқарди. Бунинг ҳаммаси ана шу жараённинг бир қисми," дейди у.

Руслар шикояти

Россия 1 телеканалида 24 апрел куни намойиш қилинган кўрсатув ортидан тошкентлик фаоллар Елена Урлаева, Татьяна Давлатова ва Виктория Баженовалар уйига бир гуруҳ аёллар бостириб киришган ва уларни кўчага олиб чиқиб дўппослашга уринишганди.

Ҳужумчилар фаолларга "Россиянгга йўқол, бўлмаса ўлдирамиз" дея таҳдидлар қилишган.

Кўрсатувда нафақат Ўзбекистон, балки қўшни Қирғизистонда этник рус миллатига мансуб кишилар қандай кун кечираётгани ҳақида ҳикоя қилинади.

Унда Довлатова ва бошқа фаоллар рус адабиётига бўлаётган ҳурматсизлик, кўчалардан рус арбобларининг номлари олиб ташланаётгани, рус адабиёти китоблари ёқиб юборилаётгани ҳақида сўз юритишади.

Яна бир фаол Тошкент мавзеларида рус тилидан таълим берадиган мактаблар ва боғчалар йўқолиб бораётганидан шикоят қилади.

Татьяна Довлатованинг даъво қилишича, ўзбек расмийлари уни ўз сўзларидан қайтишини исташади.

"Улар мени Россия телевидениесига ёлғон гапирганман деб айтишимни хоҳлашяпти," дейди у.