Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистонда кичик бизнес қўллаб-қувватланмоқдами?

Президент Каримов Ўзбекистонда кичик бизнесни ривожлантириш йўлида баъзи эркинликларни назарда тутувчи фармонга имзо чекан.

Унда кичик бизнеслар ўз валюта тушумларининг 50 фоизини давлатга сотиш мажбуриятидан озод этилганлар.

Бу муҳим енгиллик сифатида кўрилмоқда. Аммо, айни пайтда кичик бизнесларнинг хорижга экспорт фаолиятларини назорат қилиши мумкин бўлган "Ўзтадбиркорэкспорт" воситачи ширкати тузилиши ҳақида ҳам эълон қилинган.

Ана шу манзарада янги фармон кичик тадбиркор фаолиятига амалда не қадар енгилликлар туғдириши мумкин?

Би-би-си билан суҳбатлашган иқтисодий шарҳловчи Анвар Ҳусаиновга кўра, ушбу фармонда банклар ва молиявий муассасаларнинг эътибори қаратилган. "Ва ўша кредит банкка тўғридан-тўғри кўрсатма берилган. Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлашни қўллаб-қувватлаш бўйича вазифалар аниқлаштирилган", дейди иқтисодчи.

У Ўзбекистонда кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш яхши йўлга қўйилганини айтади.

"Айниқса, қишлоқ жойларида, чорвачилик билан шуғулланувчилар, кичик фермерлар...уларнинг ҳаракатида маълум бир жонланиш ва фойда олиш ҳолатлари бор", дейди Анвар Ҳусаинов. Аммо, унга кўра, тадбиркорларнинг хорижга мол чиқаришларига кўпроқ эркинликлар берилиши керак.

Айни пайтда иқтисодчи ўрта бизнес Ўзбекистонда деярли ривожланмай қолаётган йўналиш эканини айтади.