Мустақилликнинг 20 йили: дам олиш кунлари кимга фойда, кимга зарар?

Image caption Мустақиллик кунини ҳамма ҳар хил байрам қилади

Мустақилликнинг 20 йиллиги муносабати билан президент Ислом Каримов дам олиш кунларини кўчирган ва натижада ўзбекистонликлар 4 кун кетма-кет дам олиш имконига эга бўлган.

Ўзбекистонда байрам муносабатлари билан дам олиш кунларини ўзгартириш одатий ҳолга айланган, аммо аҳолисининг аксар қисми бозор иқтисоди шароитларида кун кечиришга ўтган шаҳарликлар 4 кун дам олиш оила бюджетига таъсир қилишини айтишади.

Қишлоқ хўжалигида эса байрам қилиш учун пул топиш муаммо эканлиги таъкидланади.

Илк суҳбатдошимиз Наргиза мустақиллик билан тенгдош, у талаба бўлиш билан бирга қўшимча иш билан ҳам шуғулланади. Наргиза 4 кунлик байрам айни муддао бўлганини айтади.

"Нафақат юртимиз, балки мани ўзим ҳам 20 ёшни қаршилайман. Қанақадир ҳаяжон кучли, чунки 20 ёш инсоннинг гўзал даври дейишади. Байрамни ўзига хос нишонлаш ниятим бор, лекин унинг қандай бўлишини ҳали ўйлаб кўрганим йўқ", дейди тошкентлик Наргиза.

Ўзбекистонда кетма-кет тўрт кун дам олиш деб эълон қилингани Наргиза сингари ҳаммани ҳаммани ҳам ҳурсанд қилмаётир. Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи исми ўзгартирилган Шокирбек оиласини боқиш учун 2 та жойда ишлашига тўғри келади. Шокирбек 4 кун дам олсак, тирикчилик қандай ўтади дейди.

"Сизга ҳеч ким бекордан бекорга нон чой бермайди-ку. Тўрт кун дам оламан деса тадбиркор қанча зарарга кетиб қолиши мумкин. Иши тўхтаб қолиши мумкин", дейди Шокирбек

Қишлоқ жойларда 4 кун байрам қилишнинг ҳеч иложи йўқ. Мавсумий ишлашга ўрганган қишлоқ хўжалигида ҳатто шанба, якшанба каби дам олиш кунлари ҳам унут бўлгани айтилади.

Фермер хўжалигида иш юритувчи бўлиб ишловчи исми ўзгартирилган Акром фақат 1 сентябр куни дам олишга вақт ажрата олишини айтади.

"Байрам кунидан бошқа вақти далада бўламиз. 1 сентябр куни байрам қиламиз. Чунки ҳозир пахтага охирги сувини қўйяпмиз. Лекин байрамларни канда қилмаймиз. Ҳар байрам куни чиқамиз. Болаларга пул бериб айланишга чиқамиз. Пулни банкдан иш ҳаққи сифатида оламиз", - дейди тракторнинг шовқинида далада ишлаб юрган Акром.

Жиззах вилоятида фермерлик қилувчи яна бир суҳбатдошим ўз ҳақини талаб қилиш бўйича раҳбарлар орасида анча танилган. Аммо шундай бўлса-да исмини ошкор қилмасликни афзал билдик. Бу фермер иш айни қизиган вақтида 4 кун дам олиш ҳеч кимнинг ҳаёлига келмаётганини айтади.

"Оддий пахтага ишлатиладиган солярка йўқ. Ҳеч кимда йўқ. Ҳозир нарезка олиш керак, чеканка қиладиган жойлари бор. Сув қўйиш керак, ўқ ариқ оладиган жойлари бор. Бир жойда солярка йўқ. Неча кундан бери йўқ. Келиб ҳокимга айтдим, прокурорга айтдим. Ҳеч ким миқ этмайди," - дейди жиззахлик фермер.

Фермернинг айтишича, бундай муаммолар бор бўлиб турган вақтда байрамни ўйлаш хаёлга ҳам келмайди.

"Болаларга мактаб учун уст - бош қилиш керак, тирикчиликни ўйлаб байрамни эслаганимиз ҳам йўқ. Қўл остимдаги ишчилар ҳам байрам қилмайди. Ҳаммаси қўл учида яшайди, банкдан ҳеч нарса бермайди. Фақат дўқ-пўписа, ҳақорат ва хўрлаш", - дейди фермер.