'Ўзбекистонда кредит уюшмалари ёппасига ёпилмоқда'

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Ўзбекистон Марказий Банки қарори билан мамлакат бўйлаб жуда кўплаб кредит уюшмалари лицензиядан маҳрум этилган.

Бу ҳақда хабар тарқатган норасмий Эксперт ишчи гуруҳига кўра, мазкур ҳолат кридет уюшмалари билан ҳамкорлик қилиб келган мижозларни ўта мушкул аҳволда қолдирган.

Улар ёпилган ва ликвидация жараёнини бошидан кечираётган кредит уюшмаларидан ўз пулларини ололмай сарсон бўлишмоқда.

Нафақахўр Шавкат Исломов Инвест-Кредит уюшмасига 3 ярим миллион пули бўлгани ва ҳозир уни қайтариб олиши амримаҳол кечаётганини айтади:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

"Отпуска пулим бор эди, яна бир отпускага тайёрландим, яна бердим. Етти йилдан бери кўпайиб-кўпайиб, ҳозир Инвест-Кредитда 3 миллион 560ми, тахминан, шунча пулим бор", дейди Шавкат Исломов.

Шавкат Исломов нима учун давлат банкларига эмас, кредит уюшмаларига пулини топширгани ҳақида гапираркан: "Давлат банклари проценти 24дан ошиқ эмас эди, биз шуни қўйганимизда. Булар 40дан ошиқ тўлашга ваъда берган эди... Энди ёшим улғайгандан кейин манга буни олиб кетиш мақсади йўқ эди. Ёшим 73га қараб кетяпти. Эртага болаларимга оғир бўлмасин, эртага олиб, майда-чуйдамга яраб қолармикан, болаларни ўзига ҳам бир нарса ортармикан, деган мақсад эди", дейди.

Унга кўра, уюшма то шу кунгача берган ваъдасини устидан чиқиб келаётган: "Ваъдаларини устидан жуда яхши чиқишаётган эди. Ҳеч бир нуқсонсиз тўлашаётган эди. Ҳар йили пулимнинг қирқ фоизини диведент шаклида берарди..."

Аммо, энди, Шавкат Исломовнинг айтишича, пулни қачон қайтариб бериш ёки умуман, қайтариб бериладими-йўқлиги ҳақида аниқ жавоб берилмаётир.

"Йиғин бўлади, йиғинга келсангиз, айтамиз", дейишди. Йиғинга бордик, яна йиғин бўлишини айтишди. Кейин: "Бизни тўхтатишди. Лицензиямизни олиб қўйишди", дейишди", дея қўшимча қилади нафақахўр.

Кредит уюшмаси мижозларига фаолиятлари тўхтатилиши сабабларини нақд пулни давлат банкларига йўналтириш мақсадида қилинаётган ишлар бир қисми сифатида тушунтиришган.

Кредит уюшмалари ёпилишидан жабр кўраётганлар сони эса, бир неча юз кишини ташкил қилиши айтилмоқда.

"Мижозлар жуда асабийлашган, кўплар умидсизланиб юришибди. Ҳозир бу одамлар икки ўртада қолишган. Марказий Банкка боришса, улар бу кредит уюшмалари айби экани ва маҳкамага мурожаат қилишлари кераклигини айтишган. Кредит уюшмаларини эса, ликвидация жараёнида табиий жиҳатдан судга тортиб бўлмайди. Суд бунақа аризаларни қабул қилмайди. Иккинчи муаммо, Ўзбекистон суд тизимида фуқаролар мана шунақа ишлар, низолар юзасидан фуқаролик ишлари судига мурожаат қилишадиган бўлишса, ўзлари қилаётган мурожаатнинг пул эвазида ўлчанадиган миқдори бўйича 10 фоиздан 20 фоизигача қийматни олдиндан суд божи сифатида тўлашлари керак. Бу ерда миллиардлаб, Ўзбекистон валютаси - сўмда бўлган миқдор ҳақида гап кетяпти", дейди Эксперт ишчи гуруҳидан Суҳроб Исмоилов.

Ўзбекистонда кредит уюшмалари "Кредит уюшмалари тўғрисида"ги қонунига мувофиқ, жисмоний ҳамда юридик шахслар томонидан ихтиёрий тенг ҳуқуқли аъзолик асосида кредитлар бериш ва бошқа молиявий хизматлар кўрсатиш мақсадида тузилган.

Ва қисқа муддат ичида мамлакат бўйлаб уларнинг сони ва фаолияти сезиларли равишда ўсгани айтилганди.

"Марказий Банк кредит уюшмаларига лицензия берувчи ва ушбу соҳа учун қонун-қоида ўрнатувчи, кўрсатмалар берувчи давлат органидир. Мана шу кўрсатмалар бузилган ҳолатда Марказий Банк кредит уюшмасини лицензиясидан маҳрум қилиши мумкин", дейди Суҳроб Исмоилов.

Аммо, унинг айтишича, Ўзбекистон Марказий Банки сўнгги қарори хусусида ҳеч қанақа расмий тушунтириш бермаган:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Суҳроб Исмоиловга кўра, ҳозиргача Ўзбекистондаги кредит уюшмалари сони 120га яқинни ташкил қилган бўлса, 26 августдаги маълумотлар биноан мамлакат миқёсида 57та кредит уюшмаси ёпилган.