Oxus Gold: Ўзбек ҳукуматининг амаллари адолатсиз, нотенг ва таҳқирловчи

Британиядаги Oxus Gold ширкати Ўзбекистон ҳукуматидан камида 400 миллион доллар ундирмоқчи.

Ўзбекистон ҳукумати билан Омонтойтоу Голдфилдс қўшма корхонаси ташкил этган Британ ширкати бу борада баёнот эълон қилган, бу баёнотда қўшма корхона юзасидан келиб чиққан можарони ўзбекистонлик шериклари билан тинч йўлда ҳал этиш уринишлари муваффақиятсизликка учрагани боис ушбу чорага қўл уришга қарор қилинган.

Oxus Gold ўзининг Интернет саҳифасида эълон қилган пресс-релизда айтилишича, ўртада юзага келган баҳсни тинч йўл билан билан уч ой мобайнида ҳал этишлари лозим эди, бу Буюк Британия билан Ўзбекистон ўртасида 1993 йил 24 ноябрида имзоланган "Сармояларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш ҳақидаги келишув"да белгилаб қўйилган.

Oxus Gold ширкати Омонтойтоу Голдфилдс қўшма корхонаси бўйича форс-мажор ҳолатини шу йилнинг 18 мартида эълон қилганини эслатади.

"Ширкат муҳокамаларга киришишга фаол ҳаракат қилгани ва турли даражадаги Ўзбек ҳукумати вакиллари билан учрашувга, шу жумладан, Ўзбекистон президентига расмий таклифнома йўллаганига қарамасдан, Ўзбек ҳукумати ўзини муҳокамалардан олиб қочди", дейилади Oxus Gold баёнотида.

Шундан кейин ширкат баҳсни ҳал қилиш мақсадида арбитраж маҳкамасига мурожаат этишга мажбур бўлганини билдиради.

Oxus Gold га кўра, Ўзбек ҳукумати ўзларига ҳамда ширкат тасарруфидагиларга адолатсиз, нотенг ва таҳқирловчи муомала қилган, Британия билан Ўзбекистон ўртасидаги битимни бузган ҳолатда ширкатга тўла ҳимоя ва хавфсизлик таъминламаган.

Oxus Gold маълум қилишича, шу йилнинг 21 июл куни Англия Олий маҳкамасига Ўзбекистон Молия вазирлигидан даъво аризаси келиб тушган, бунда Ўзбекистон тарафи Oxus ширкатидан 10 миллион доллар миқдоридаги махсус дивидендни ундириб беришни талаб қилган.

Oxus ширкати Ўзбекистон Молия вазирлигининг ушбу қарорини Британиядаги арбитраж муҳокамасини издан чиқариш мақсадидаги амал деб кўришини билдирган.

"Арбитраждан ширкат фойдасига бугунги кунда камида 400 миллион АҚШ доллари деб баҳоланаётган ҳисобда зарарни ҳисоблаш ва тасдиқлаш сўралаяпти", дейди Британ ширкати.

Oxus ширкати Ўзбекистонда олтин қазиб чиқаришга ихтисослашган қўшма корхонани Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси билан элликка эллик фоизлик шериклик асосида барпо этган, ўртадаги баҳс шу йилнинг январида бошланган.

Британия ширкатига кўра, қўшма корхонани ликвидация этишга мажбур қилиш учун Ўзбек ҳукумати томонидан адолатсиз солиқ текширувларига дучор этилганлар.

Госкогеология Oxus ширкатини ночор технологик ва экологик меъёрлар асосида ишлаганликда айблаган, Oxus Gold буни нотўғри ахборот тарқатиш йўлига ўтиб олиш, деб қабул қилди.

Бир ой олдин Ўзбекистон Ҳарбий маҳкамаси Омонтойтоу қўшма корхонасининг собиқ геологини Саид Ашуровни жосусликда айбдор деб топиб, 12 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида қарор чиқарган, Oxus Gold ширкатига кўра, бу Ўзбекистон ҳукумати томонидан Оxus манфаатини ҳимоя қилиб чиқиши мумкин бўлган инсонларнинг овозини ўчиришга қаратилган кампаниянинг бир қисмидир.