Руслан Чагаев: 'Мен албатта Жаҳон чемпионлиги учун яна рингга тушаман'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Профессионал бокснинг WBA йўналиши бўйича энг оғир вазн тоифасида собиқ Жаҳон чемпиони, ўзбекистонлик донгдор боксчи Руслан Чагаев сўнгги мағлубияти ортидан Би-би-си Ўзбек Хизматига берган эксклюзив суҳбатида албатта яна Жаҳон чемпионлиги камари учун рингга тушиш ниятида эканини айтди.

Руслан Чагаев шу йилнинг 27 август куни Олмониянинг Эрфурт шаҳрида бўлиб ўтган жангда россиялик рақиби Александр Поветкинга фақат очколар ҳисобига ютқазиб қўйганди, холос.

Тўлиқ 12 раунд давом этган жанг деярли тенгма-тенг курашда кечган ва ҳатто, 6-раундда Руслан ўзининг кучли зарбалари билан рақибини довдиратиб қўйишга ҳам муваффақ бўлганди.

Ўзбекистонлик донгдор боксчи ўз суҳбатида сўнгги жангидан қониқмагани ва рингда бор имкониятини ишга солишга муваффақ бўлмаганини айтди.

Русланга кўра, бир муддат дам олгач, яна қатор жанглар ўтказиб, Жаҳон чемпионлиги камарига даъвогарлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритиш мақсадидадир.

У 2007 йилнинг 14 апрел куни россиялик рақиби Николай Валуевни енгиб, илк бор профессионал бокснинг WBA йўналиши бўйича энг оғир вазн тоифасида Жаҳон чемпиони бўлганди.

Ва орада британиялик рақиби Матт Скелтонга қарши жангда ўз мавқеини муваффақиятли ҳимоя ҳам этганди.

Аммо 2009 йилнинг июн ойида WBO ва IBF таснифи бўйича энг вазн тоифасида Жаҳон чемпиони украиналик рақиби Владимир Кличкога енгилиб, чемпионлик камаридан буткул мосуво бўлганди.

Руслан профессионал боксда бундан аввал 29 та жанг ўтказган, шундан 27 тасида ғолиб чиққан, бир бор мағлубиятга учраган ва яна бир жанггини дуранг натижа билан якунлаган.

Ўзбекистонлик донгдор боксчи бир неча йилдан буён Олмониянинг Universum Box-Promotion клубида шуғулланиб келади.

Ҳаваскор боксда ҳам бир неча бор Осиё ва Жаҳон чемпионлари бўлган Руслан Чагаев профессионал боксда ҳам энг оғир вазн тоифасида дунёдаги энг кучли боксчилардан бири саналади.

Ўзбекистонлик донгдор боксчи Руслан Чагаев билан эксклюзив суҳбатимизни тинглаш учун плейерни ўйнанг:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди