Ўзбекистон тўрт карра Осиё чемпиони Японияга қарши майдонга тушди, ҳисоб 1:1

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Футбол бўйича 2014 йилги Жаҳон чемпионатининг Осиё қитъасидан учинчи босқич саралаш беллашувларини давом этдираётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз майдонида қитъанинг энг кучли жамоаси Япония билан дуранг натижага эришди.

Ўйинда ҳисобни Ўзбекистон миллий терма жамоаси очди. 8 - дақиқада ўзбекистонликлар сардори Сервер Жеппаров ўз жамоасини олдинга олиб чиқди.

Ўзбекистонлик футболчилар номдор рақибларига муносиб қаршилик кўрсатишди. Устма-уст ҳужум уюштиришга ҳаракат қилишди.

Сервер Жеппаров, Александр Гейнрих, Одил Аҳмедов ва Санжар Турсуновларда рақиб дарвозасини нишонга олишнинг яхшигина имконияти бўлди.

Аммо бир гал японлар дарвозабони тўсқинлик қилган бўлса, бошқасида тилга тушган метиндек ҳимояси яхши иш берди.

Иккинчи таймнинг ўрталарига келиб, Япония миллий терма жамоаси ҳужумга зўр берди.

Ана шундай ҳужумлардан бири иш бериб, 65-дақиқада Шинжи Оказаки ҳисобни тенглаштирди.

Кейин томонларнинг бир-бирларининг дарвозаларини нишонга олиш уринишлари самарасиз якунланди.

Ўйиннинг сўнгги дақиқаларига қадар ҳисоб ўзгармади.

"С" гуруҳидан кейинги босқичга чиқишга қаттиқ умид қилаётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси бугунги учрашувдан камида дуранг натижага умид қилаётганди.

2-тур учрашувлари ортидан бу икки миллий терма жамоа 4 очкодан тўплаб, гуруҳда етакчилик қилишмоқда.

Бугун гуруҳдаги қолган икки миллий терма жамоа орасида ҳам навбатдаги ўйин бўлиб ўтади.

Тожикистон сафарда Шимолий Кореяга қарши майдонга тушади.

Гуруҳдаги миллий терма жамоалар бундан кейинги учрашувларини 11 октябр куни ўтказишади.

Ўзбекистон меҳмонда Шимолий Кореяга, Япония эса, Тожикистонга қарши тўп суради.

Бугунги учрашув арафасида Ўзбек футболи афсонаси Биродар Абдураимов Би-би-си Ўзбек Хизматига берган интервьюсида ўйинни бутун Ўзбекистон орзиқиб кутаётгани, ўз миллий терма жамоасининг ғалабасига умид қилаётганини айтади.

Таниқли футболчига кўра, бугунги ўйин буткул бошқача бўлади ва майдонда йўл қўйилган битта хато ҳам кечирилмаслиги мумкин:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Томонларнинг "С" гуруҳидан чиқишларида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган учрашув Тошкент вақти билан соат 19:00 да "Пахтакор" марказий стадионида бошланади.

Бугунги беллашувни ўн минглаб ўзбекистонлик футбол ишқибозлари бевосита стадионнинг ўзидан, яна юз минглаби эса, телевизор экранлари қаршисида туриб томоша қилишлари кутилмоқда.

Ўзбекистон-Япония ўйинидан олдин стадион чипталари 'осмонга кўтарилиб' кетган

Ахбор Имомхўжаев: 'Японларга қарши ўйинда ҳар бир ўйинчи жонбозлик кўрсатиши керак'

Япония миллий терма жамоаси 3 сентябр куни Тошкентга етиб келган ва бўлажак учрашувга тайёргарликларни бошлаб ҳам юборган.

Расмий маълумотларга қаралса, бугунги учрашувда олган жароҳатлари туфайли Япония миллий терма жамласининг ўзбекистонлик футбол ишқибозларига яхши таниш икки ўйинчиси - Кейсуке Хонда ва Кенго Накамура майдонга тушишмайди.

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Япония миллий терма жамоаси бугунги учрашувга Голландия, Олмония, Бельгия ва Англияда тўп сурувчи ўндан ортиқ легионерларини жалб этган.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам бугун бошқалари қатори Россия, Украина, Жанубий Корея ва араб клубларида ўйнаётган футболчиларини майдонга туширишни режалаган.

Япония миллий терма жамоаси учинчи босқич саралаш учрашувларининг дастлабкисида Шимолий Кореяни сўнгги дақиқаларда 1:0, ўзбекистонлик футболчилар эса, тожикистонлик рақибларини 11 метрлик жарима тўпи ҳисобига худди шундай натижа билан мағлуб этишганди.

Ҳозир бир ўйиндан учтадан очко тўплаган икковлон "С" гуруҳида пешқадамлик қилишмоқда.

Лекин Ўзбекистон аввалбошдан "С" гуруҳидан кейинги босқичга чиқишига имкон берувчи иккита ўриндан биттасига қатъий кўз тикканини яшираётгани йўқ.

Статистика

Image caption Бугунги учрашувни бутун Ўзбекистон орзиқиб кутмоқда

Шу пайтгача бу икки миллий терма жамоа орасидаги ўйинларнинг аксарияти японияликлар ҳисобига ҳал бўлиб келган. Етти учрашувдан иккитаси дуранг ҳисоби билан якунланган.

Ўзбекистон миллий терма жамоасини ўз тарихида энг йирик мағлубиятга учратган ( 1 - 8, 2000 йил) жамоа ҳам Япония бўлади.

Япониялик рақибларида фарқли тарзда, Ўзбекистон миллий терма жамоасига ҳалича Жаҳон чемпионатининг финал босқичига кўтарилиш насиб этмаган.

Агар бу гал ҳам гуруҳ босқич саралаш учрашувларини муваффақиятли якунласа, бу - Япония миллий терма жамоасининг кетма-кет бешинчи бор Жаҳон биринчилигининг якуний босқичида тўп суриши бўлади.

Аммо ўзбекистонлик футбол мутахассислари бугунги учрашувда ҳар бир футболчи жонбозлик кўрсатса, Япониядек рақибларини ҳам бемалол доғда қолдиришлари мумкинлигини айтишмоқда.

Япония тўртинчи бор Осиё чемпиони бўлган ўтган йилги Осиё кубоги ўйинларида Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз тарихида илк бор ярим финалгача кўтарилган ва қитъанинг юнг юқори тўртлиги сафларига киришга муваффақ бўлганди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси мураббийси Вадим Абрамов ҳам бугунги учрашув арафасида, "Осиё чемпионига қарши тўп суришдан ниҳоятда мамнун эканликлари, аммо майдонда ўз футболларини намойиш этиб, ғалаба қозонажаклари"ни айтди.

Бугун "С" гуруҳининг 2-тур учрашувида Тожикистон меҳмонда Шимолий Кореяга қарши майдонга тушади.

Гуруҳдаги миллий терма жамоалар бундан кейинги учрашувларини 11 октябр куни ўтказишади.

Ўзбекистон меҳмонда Шимолий Кореяга, Япония эса, Тожикистонга қарши тўп суради.