'Этник адоват қўзғашда' айбланган тожик журналисти Ўзбекистондан қувилди

Бухоро
Image caption Хомид Отахонов Бухорога кўчганидан бери бирон тожик газетаси билан ҳамкорлик қилмаганини айтади

Тожик журналисти Ҳомид Отахонов Ўзбекистондан Бухоро прокуратураси қарори билан чиқариб юборилган.

Хабарларга кўра, ўзбекистонлик расмийлари уни тожиклар ва ўзбеклар ўртасида этник адоватни қўзғашда айблашган.

Журналистнинг ўзига кўра, қарор Бухоро аҳолисидан икки кишининг ўзбек хавфсизлик хизматларига мурожаати асосида олинган.

Улар журналист этник адоват қўзғаётганидан шикоят қилишган. Ҳомид Отахонов ўзига қарши айбловларни рад этади.

"Мени милиция ҳамроҳлигида мамлакатдан чиқариб юборишди ва ҳатто оилам билан хайрлашишга ҳам имкон беришмади", деб айтган журналистнинг ўзи.

Аммо, Ўзбекистон қонунларига биноан мамлакатдан чиқиб кетиш учун 5 кун берилиши кераклиги айтилади.

Би-би-сининг Бухоро прокуратураси нуқтаи назарини олишга қаратилган уринишлари зое кетди.

Отахонов 2003 йил Бухорога кўчиб борган. Бундан олдин Тожикистондаги "Известия" газетасида фаолият олиб борган.

Журналист ўшандан бери бирон бир тожик газеталари билан ҳамкорлик қилмагани ва ё Тожикистон ва Ўзбекистон муносабатларидаги муаммолар хусусида мақолалар ҳам чоп этмаганини айтади.