Чипталар сотиб бўлинган, бироқ Нью Йоркда Гулнорани катта намойиш кутмоқдами?

Image caption Мақола Ўзбекистон президенти ва унинг тўнғич қизини қаттиқ қоралайди.

АҚШда чоп қилинадиган Нью Йорк Пост газетаси бош сарлавҳасини Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага бағишлаган.

Мақола "Қотил диктаторнинг қизи модалар ҳафталигида ўзининг баҳорги коллекциясини намойиш қилмоқчи" дея номланади.

"Ўз сиёсий душманини тириклай қайнатган, ва минглаб ватандошларини қийноқларга солган, ўлдирган ва қул қилган золимнинг эркатой қизи Линкольн марказида ўтадиган Модалар ҳафталигида ўз баҳорги коллекциясини кўрсатади," деб ёзилган мақоланинг илк сатрларида.

Мақолада 15 сентябрга мўлжалланган томошага қарши Халқаро ишчилар хуқуқлари форуми ташкилоти норозилик намойишини ўтказиши режаланаётгани айтилади.

Вашингтонда жойлашган Халқаро ишчилар ҳуқуқлари форуми жаҳон бўйлаб ишчиларга адолатли ва инсоний муносабат учун курашувчи ноҳукумат ташкилотдир.

Би-би-си айни ташкилот вакили Тим Нюманни сухбатга тортиб, аввало президент қизи мода томошасини кўрсатса, бунинг нимаси ёмон экани ҳақида сўради.

Нюман: Гулнора Каримова, Ўзбекистон ҳукуматининг расмий вакили сифатида, ўз мамлакати пахта далаларидаги мажбурий болалар меҳнатига қарши янграётган халқаро танқидлардан яхши огоҳ бўлиши керак. У ўз либосларида маҳаллий газламаларни ишлатаётганидан шунчалар фахланар экан, болалар меҳнатига оид вазиятдан жуда яхши хабардор бўлади. У шуни била туриб ўз коллекциясини намойиш қилишига имконият берилмаслиги керак деб ўйлаймиз.

Би-би-си: Лекин, Америкада Гулнора Каримовани нақадар яхши билишади? Сизнинг намойишу чақириқларингиз бирон натижага етаклайди деб ўйлайсизми?

Нюман: Тўғри, албатта, у АҚШда Гуччи ё Долче ва Габбана каби номи чиққан дизайнер эмас. Лекин, эшитишимча, унинг шоусига барча чипталар сотиб бўлинган. Шундай экан, унда кўп сонли мода саноати раҳбарлари ва матбуот вакиллари қатнашади. Унинг либослари сифати ҳақида хабар тарқатилиши бу бир нарса, лекин унинг ортидаги каттароқ манзарага боқиш керак. У ҳам бўлса болаларнинг мажбуран далага олиб чиқилаётгани. Чунки айнан шу масала АҚШдаги истеъмолчиларни ҳафа қилиши мумкин. Ўтган бир неча йил давомида АҚШдаги жуда кўп йирик савдо ширкатлари болалар меҳнати туфайли ўзбек пахтасини таъқиқлаб қўйишган. Бунга эса истеъмолчилар босими сабаб бўлган. Гулнора Каримова машҳур киши бўлмаслиги мумкин, лекин болалар меҳнати ва пахта масаласи АҚШда борган сари кўп хавотирларга сабаб бўлмоқда.

Би-би-си: Қандай намойиш ўтказишни режалаяпсиз?

Нюман: Гулноранинг мода шоуси ташқарисида пикет ўтказамиз, лекин ўзимиз ҳам бир ижодий мода томошасини қўймоқчимиз. Унда 100тача одам қатнашади, ёш йигит ва қизлар мажбурий болалар меҳнатига қарши сурат ва шиорлар ёзилган, ҳамда улар бундай меҳнат маҳсули бўлган кийимларни кийишни истамасликлари ёзилган майкаларни кийиб, подиумда юриб беришади. Қўшилишга қизиқаётганлар сони тобора кўпаймоқда.

Би-би-си: Сиз ўз хавотирларингиз ҳақида Модалар ҳафталиги ташкилотчиларига мурожаат қилдингизми?

Нюман: Менинг ташкилотим бевосита уларга мурожаат этмади, лекин Ҳюман Райтс Вотч гуруҳи бу томошанинг энг бош ҳомийларидан бўлган IMGга мурожаат қилган. Бу ширкатнинг муносабати матбуотда чоп этилди, ўз баёнотида улар Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари топталиши ҳолларидан даҳшатга тушганлари ва Ҳюман Райтс Вотч ва бошқа ташкилотлар билан елкама-елка туриб Ўзбекистонда бу каби ҳолларга қарши чора кўрилишига қарши ишлашга бел боғлашганини айтилади.

Би-би-си: Нима деб ўйлайсиз, Мишел Обама Гули кийимларини киярмикан?

Нюман: (Кулади) Йўқ, бунинг ҳозирча гувоҳи бўлганим йўқ. Унинг кийимларини кийиш ўрнига, балки Мишел Обама Гулнорага бир сим қоқар ва Ўзбекистондаги пахта далаларидаги мажбурий болалар меҳнатини тўхтатишга қарши қаттиқроқ кураш деб айтади деб умид қиламиз.