Мустақил Ўзбекистон: 'Жуда ақлли ёки пулдор бўлмасангиз, ишсиз қолиб кетасиз'

Шўролар Иттифоқи қулаганига бу йил 20 йил тўлди.

Коммунизмдан бозор иқтисодиёти, диктатурадан демократияга ўтишларини баралла баён қилган собиқ Шўро давлатларидаги бугунги вазият қандай?

Орадан 20 йил ўтиб, ушбу мамлакатлар аҳолиси ўз турмушларидан қанчалар мамнун? Уларнинг ҳаётлари орада кечган вақт давомида қандай ўзгаришларга юз тутди?

Биз Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллиги санасида ушбу савол билан турли тоифа ўзбекистонликларга мурожаат этдик.

Навбатдаги қаҳрамонимиз ўзбекистонлик ишсиз ёшлардан бири Анвар:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

4 - ҳикоя

Суҳбатдошимиз Анвар ҳозир 20 ёшда. Айнан Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилган 1991 йилда туғилган.

Мустақиллик даври ўзбекистонлик ёшларга берган имкониятлар ҳақида сўзларкан, Анвар коллеждаги таҳсилини тугатиб олгунча, ҳеч бир муаммо йўқлиги, аммо ҳаммаси ундан кейин бошланишини айтади.

"Тўғриси, жуда ақлли бўлмасангиз ёки чўнтагингизда пулингиз бўлмаса, ўқишга киришингиз ёки ишга жойлашишингизнинг имкони йўқ, ҳамма қатори ишсиз қолиб кетасиз", дейди у.

Шундай қилиб, ёш боши билан ўзи ҳам ишсиз қолиб кетган Анвар бир неча йилдан буён Россияда меҳнат муҳожирлигида банд.

"Ўзбекистоннинг ўзида бир нечта давлат корхоналарига иш излаб борганимда, пул сўрашди. Ўша пайтда менинг иқтисодий аҳволим кўтармасди".

У илк маошини ҳам муҳожиратда, Россияда олганини айтади.

"Агар олий маълумотли бўлиб, жуда ақлли бўлмасангиз, Ўзбекистонда яшаш учун етадиган маошли ишга киролмайсиз. Ё одамларни алдаб, пулини оладиган савдогар бўлишингиз керак, ёки Ватандан узоқда, муҳожиратда бўлса ҳам, қийналиб пул топишингиз керак, ўқимаганлар бизларга ўхшаб, четга чиқиб, юради, ишлайди, қайтиб боради..."

Анвар озми-кўпми муҳожиратдаги меҳнатларининг Ўзбекистонга ҳам фойдаси тегиши, валютанинг чиқиб кетгандан кўра, кириб келгани ўша давлатнинг манфаатига бўлишини урғулайди.

"Аммо менга энг ёқмайдигани - уйга борган чоғларимда, телевидениедан, "Ўзбекистонда ишлашни, ўқишни хоҳламай, осон пул топиш учун, чет элларга чиқиб, ишлаб келишяпти, деган гапни кўп такрорлашлари. Энг осон йўли шу эмиш. Агар шу осон йўли бўладиган бўлса, ўша гапирган одам келиб, бир ишлаб кўрса, кейин шу гапни қайтариб айтмайдиган бўлади. Ана шу нарса менга алам қилади", дейди у.

Анвар болаликдан ўқиб, ҳарбий бўлиш ниятида бўлгани, аммо ҳозир ҳамма нарсадан кўнгли қолиб кетганини ҳам яширмайди...

Давоми бор

Ушбу туркумдаги суҳбатларимиз билан "Дараклар" дастуримиз ва веб саҳифамиз орқали танишиб боришингиз мумкин.