'Модалар кўргазмаси сиёсатга аралаштирилмаслиги керак'ми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Гулнора Каримованинг либослар кўргазмаси Нью Йоркдаги Cipriani ресторанида бўлиб ўтган

Халқаро босимлар ва норозилик намойишларига қарамай, Ўзбекистон президенти тўнғич қизи Гулнора Каримованинг "Гули" коллекцияси намойиши 15 сентябр куни Нью Йоркда намойиш этилди.

Томоша, бошида режаланганидек, Нью-Йоркдаги Модалар намойиши ҳафталиги доирасида Линкольн марказида эмас, балки хусусий ресторанида бўлиб ўтди.

Каримова хонимнинг вакиллари буни меҳмонлар хавфсизлигини таъминлаш билан изоҳлашган.

"Гули" коллекцияси маҳсулотлари 2012 йилнинг баҳор-ёз мавсумига мўлжалланган кийимлар фасонлари кўргазмаси бўлган, янги кийимларни намойиш этувчи модельерлар махсус модалар саҳнасида эмас, ўзбекона қилиб ерга тўшалган гиламлар устида юришган.

Cipriani ресторанида ўтган шоуга ҳам ташқарида ташкил қилинган норозилик намойишлари соя солган. Намойишчилар Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланишни тўхтатишга чақиришган.

Хабарларга кўра, Гулнора Каримованинг ўзи "Гули" коллекцияси намойишида иштирок этмаган.

У "Гули" модалари кўргазмаси можароси бошланганидан буён бунга муносабат ҳам билдиргани йўқ.

Бироқ "Гули" бранди вакилларидан бири бўлаётган ушбу муносабат жуда ғазабланарли, деб айтган.

Cipriani ресторанидаги либослар кўргазмасига келган айрим тарафдорлар бу санъат ва ижод маҳсули экани, уни сиёсатга аралаштирмаслик зарурлигини айтишган.

Франс Пресс ахборот агентлигига гапирган томошабинлардан бири Каримова хонимнинг гуруҳи ўта қаттиқ босим остида қолишганини билдирган.

"Бу сиёсатга боғлиқ эмас", деб айтган у.

Шунингдек, томошабиннинг қўшимча қилинишича, модалар кўргазмасини бир гуруҳ ижодкорлар тайёрлашган ва бу чекка бир мамлакатдаги 60 инсоннинг машаққатли меҳнатини намоён этади.

Cipriani ресторанидаги шоуда иштирок этган ижодкорлардан бири эса: "Бу санъат, ижод билан боғлиқ. Бу одамлар аслида ёшларни яратувчанликка илҳомлантиришади", деб айтган.

Хабарларга кўра, Росссияда ҳам айрим машҳур шахслар Гулнора Каримова ҳимоясига интернетда фикр қолдиришган.

Россиялик машҳур шахслар - қўшиқчи Филипп Киркоров ва телебошловчи Андрей Малахов Твиттерда Гулнора Каримовани қўллаб-қувватлашлари ҳақида ёзишган.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари босимлари ҳамда Ўзбекистонда пахта йиғим-теримида болалар меҳнатидан фойдаланишига қарши ташкил этилган норозиликлар туфайли Гулнора Каримовнинг коллекцияси Нью-Йоркдаги Модалар ҳафталиги дастуридан олиб ташланганди.

Шундан сўнг, Гулнора Каримова либослар ва тақинчоқлардан иборат ижоди намуналариги Нью Йоркдаги анчайин ҳашаматли, бироқ муайян молиявий қийинчиликларга юз тутгани айтилган Cipriani ресторанида ўтказишга мажбур бўлган.