Ўзбекистон пахта далаларидаги заҳарли дорилар назорат қилинадими?

Image caption Ўзбекистон пахт далаларидаги шароитлар халқаро кузатувчилар назаридан яширин қолиб келмоқда

Ўзбекистоннинг ўқувчи-талабалар меҳнат қилаётган пахта далаларида ғўзани дефолиация қилиш ишлари ҳам олиб борилмоқда.

Хабарларга кўра, қатор вилоятлар, жумладан, Фарғона водийсида кичик авиация ғўзани дефолиация қилишга киришган.

Ўзбек матбуоти шўро даврида ғўза баргини тўкишда ишлатилган пестицидларнинг атроф-муҳит ва одамларга ҳалокатли таъсири ҳақида кўп ёзган.

Аммо айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати заҳарли кимёвий моддаларни назорат қилишга доир Стокголм конвенциясини ратификация қилишни орқага суриб келмоқда.

Атоқли биолог олим, Ўзбекистон Фанлар Академиясининг академиги Бек Тошмуҳамедовнинг Би-би-сига айтишича, Ўзбекистонда пестицидларни ишлатиш совет давридагидан сезиларли даражада камайган.

"Сабаби ҳозирда ҳаводан туриб, қайта ишланган йирик колхоз пахта плантациялари йўқ. Пахта майдонлари ҳажмининг қисқариши боис одамлар пахтани қўлда теришга ўтишди. Пахта машинада кам терилади, агар умуман терилаётган бўлса. Пахта қўл билан терилганида эса, дефолиация қилишга ҳожат йўқ. Мен қўл билан терган яхшироқ, демоқчи эмасман. Аммо бу пахта плантацияларидан фойдаланишнинг экологик жиҳатдан тозароқ бўлган кўриниши. Бундан ташқари, кимёлаштириш техникаси ҳам ўзгарди. Шунинг учун айтишимиз мумкинки, ҳозирда пестицидларни ишлатиш кескин камайган", - дейди ўзбекистонлик олим.

Унинг фикрича, ҳозирда ҳозирда кимёвий модда ҳақини давлат эмас, балки фермер ўз чўнтагидан тўлаётгани боис, фермер ундан камроқ ва самаралироқ йўлда фойдаланишдан манфаатдор.

"Шубҳасиз, пестицидларнинг аҳоли соғлиги, генофондга салбий таъсири катта. Ҳозирда энг катта хавф, менимча, совет давридан қолган қишлоқ хўжалик аэродромлари худудларидир. Бурунги қишлоқ хўжалик авиацияси йўқолиб кетгани боис, эски аэродромлардан халқ хўжалик мақсадларида фойдаланилмоқда. У ерларда эса ўз вақтида катта микдордаги заҳарли дорилар, пестицидлар, айтиш керакки, жуда ёмон шароитларда сақланган. Ҳозирда ана шу майдонларни аниқ белгилаб, у ердан одамларнинг фойдаланишларига йўл қўймаслик муҳим. Болалар меҳнатига эса бутунлай чек қўйилиши керак", - дейди академик Бек Тошмуҳамедов.

'Заҳар қабристонлари'

Ўзбекистон Давлат Табиатни муҳофаза қилиш Қўмитаси эълон қилган маълумотларга кўра, совет давридан қолган 461 та қишлоқ хўжалик аэродромлари бўлиб, уларда заҳарли пестицидларнинг қоришмаси тайёрланган.

Ўзбекистон ҳудудида қўлланилган пестицидларнинг энг хавфлиси СОЗ номи билан билинган Мустаҳкам Органик Заҳарловчилар бўлиб, ҳозирда Ўзбекистон ҳудудидаги 13 та "заҳар қабристонлари"да сақланаётган 1. 5 минг тонна заҳарли моддаларнинг 118 тоннаси айнан шу турдаги пестицидлардир.

Мутахассисларга кўра, 40 йил муқаддам барпо этилган қабристонлар ҳозирда атроф-муҳитга жиддий таҳдид солмоқда.

Ўзбекистоннинг Стокголм Конвенциясига аъзо бўлиши ана шу хавфни бартараф этиш учун зарур молия ва техник ёрдамни олиш имконини яратади, дейишади мутахассислар.

Ўзбекистон Давлат Табиатни муҳофаза қилиш Қўмитаси 2001 йилда конвенцияни имзолаш ташаббуси билан чиққани айтилади.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон Қишлоқ ва Сув хўжалиги, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, шунингдек, бошқа бир қатор вазирлик ва идоралар конвенцияга қўшилишнинг мақсадга мувофиқлигини билдиришган.

Аммо ҳукумат шу йил бошида парламентга тақдим этилган конвенцияни ратификация қилишга шошилмаётир.

Шу тариқа болалар меҳнати билан бўлгани каби, пестицидлар билан боғлиқ вазият ҳам халқаро кузатувчиларнинг назаридан четда қолиб келмоқда.