Сервер Жепаров яна бир бор 'Осиёнинг энг яхши ўйинчиси' деб топилиши мумкин

Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Сервер Жепаров Осиё Футбол Конфедерациясининг "2011 йилнинг энг яхши ўйинчиси" номинациясига номзодлар қаторидан жой олди.

Сервер Жепаров ушбу мақомга даъвогарлик қилаётган ягона Марказий Осиё минтақаси вакилидир.

Ўзбекистонлик сара футболчи 2008 йилда ҳам "Осиёнинг энг яхши ўйинчиси", деб топилганди.

Сервердан ташқари янги рўйхатда яна Осиё қитъаси давлатларидан бўлган 14 та футболчи бор.

Улардан аксариятини Жанубий Корея ва Япония вакиллари ташкил этишади.

Жумладан, 2010 йилги Осиё Кубогининг энг кучли ўйинчиси, деб топилган Кейсуке Хонда ҳам ушбу мақомга даъвогарлик қилмоқда.

Аммо, айни ўринда шуни таъкидлаш жоизки, ушбу рўйхат 2014 йилги Жаҳон чемпионатининг саралаш босқич ўйинларидан кейин яна ўзгариши мумкинлиги айтилади.

Сервер Жепаров "Осиёнинг энг яхши ўйинчиси" бўлиш билан бирга бир неча бор "Ўзбекистоннинг энг зўр футболчиси", деб ҳам топилган.

Бу йилги "Осиёнинг энг яхши футболчиси" 23 ноябр куни аниқланади.

Сервер Жепаров

Янги рўйхатга тушган Осиё қитъаси вакиллари билан таққосларкан, ўзбекистонлик фахрий футбол шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаев Сервер ўзининг меҳнаткашлиги билан ажралиб туради, дейди.

"Сервер Жепаров ўзини ярим ҳимоячилар қиладиган қора ишлардан олиб қочмайди. Тўпсизми, тўп биланми, тўпни олиш, тўпни шерикларига ошириб бериш, янги комбинацияларни бошлаб бериш борасида Сервер ҳақиқатдан ҳам Осиёдаги энг кучли ўйинчилардан бири".

Таниқли футбол шарҳловчиси Сервер Жепаровнинг миллий терма жамоа ўйинларида бўладими ёки клуб учрашувларида, катта тезликда ўйнаш олиш маҳоратига эга эканини ҳам урғулайди.

"Сервер биринчи дақиқадан охирги дақиқагача майдонда жон бериб ҳаракат қилиши билант рўйхатдаги қолган рақиб номзодлардан анчагина устун", дейди Ахбор Имомхўжаев.

Унинг айтишича, Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардорини яна бир бор "Осиёнинг энг яхши футболчиси" рўйхатига киритишда масъуллар унинг ана шу жиҳатларини инобатга олган бўлишлари тайин.

Ўзбекистон футболи афсонаси Биродар Абдураимов ҳам қолган рақибларига қараганда, Сервернинг тактикаси, техникаси яхши, дейди.

Унга кўра, "бунақа қобилиятни футболчига фақат Худо беради".

"Майдонда мияси тез ишлайди. Тепни зудлик билан кимга оширишни билади. Унинг шу томонларига яхши баҳо беришяпти".

Фахрий футболчи ёши 30 ни қоралаб қолганига қарамай, Сервер яхши формада эканини ҳам таъкидлайди.

"Яқинда Япония миллий терма жамоасига қарши учрашувда ҳам Сервер яхши ўйин кўрсатди".

Статистика

Агар ўтган йилги расмий маълумотларга қараладиган бўлса, Сервер Жепаров "Пахтакор" ва "Бунёдкор" сафларида Осиё чемпионлари лигасида ўтказган 58 учрашувида рақиблари дарвозасига саккизта тўп киритган.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафларида киритган тўплари сони эса, ўндан ортади.

Шу йилнинг июл ойида Саудия Арабистонининг "Ал-Шабаб" клуби билан уч йилга шартнома имзолаб, Сервер ўзбекистонлик энг қиммат легионер футболчига айлангани айтилганди.

"Бунёдкор" юлдузи сўнгги мавсумни Жанубий Кореянинг "Сеул" жамоасида ўтказганди.

Сервер тўп сурган йил "Сеул" ўтган ўн йил бадалида илк бор яна Жанубий Корея чемпиони бўлганди.

Аммо Жанубий Корея Олий лигасида ўттиздан ортиқ учрашув ўтказган бўлса, бор-йўғи бир маротаба тўп киритишга муваффақ бўлган, холос.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Сервер Жепаров сардорлиги остида Қатарда бўлиб ўтган 2010 йилги Осиё Кубогида қойилмақом ўйин кўрсатиб, ўз тарихида илк бор қитъанинг энг яхши тўрт жамоаси сафларига кирганди.

"Осиёнинг энг зўр ўйинчиси", деб топилган 2008 йилда эса, "Бунёдкор" клуби Осиё чемпионлар лигасининг ярим финалига чиқишга муваффақ бўлганди.