Путиннинг президентликка қайтиши Ўзбекистон учун нимани англатади?

Image caption Каримов Путиннинг президентлик лавозимидан кетишидан норози бўлгани хабар қилинганди

Россия Бош Вазири Владимир Путин учинчи муддатга президентликка номзодини қўйишини тасдиқлаган.

Шанба куни Президент Дмитрий Медведев унга номзодликни таклиф қилган эди.

Ҳокимиятдаги "Ягона Россия" партиясининг қурултойида икки раҳбар келаси йил апрелида ўрин алмашишларини маълум қилишган.

Америкалик республикачи сенатор Жон Маккейн Путиннинг номзодини қўйиш ҳақидаги янгиликдан "даҳшатга тушгани"ни айтган.

Хўш, Путиннинг Кремлга қайтиши Марказий Осиё ва Ўзбекистон учун нимани англатади?

Би-би-си ушбу саволни Кремлга яқин Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги институтидан Андрей Грозинга берди.

Грозин: Менимча, Россиянинг Марказий Осиё давлатларига нисбатан сиёсатида ҳеч қандай кескин ўзгариш содир бўлмайди. Чунки Путиннинг қайтиши кутилган эди. Албатта, унинг бу каби қисқа муддатда содир бўлиши бошқа масала. Лекин мен Кремлнинг Остона ёки Тошкентга нисбатан мавқеида қандайдир бурилиш бўлади деб ўйламайман. Ҳатто яхши томонга ўзгаришни ҳам кутиш мумкин. Президент Каримовнинг ўз вақтида қилган машҳур баёноти - "Путин президентликдан кетмаслиги керак" деган сўзларини ёдга олсак, айтиш мумкинки, ҳозирда Ўзбекистон президентининг орзуси ушалмоқда. Ҳамма нарса ўз ўрнига қайтаяпти. Шу маънода охирги тўрт йилда Тошкент-Москва алоқаларида кузатилган бир қадар тарангликнинг юмшашини кутишимиз мумкин. Марказий Осиё раҳбарлари Путинни Россиянинг амалдаги президентидан кўра қатъиятлироқ, қаттиққўлроқ ва қайсидир даражада яккаҳокимроқ раҳбар сифатида кўрадилар. Ҳойнаҳой, Путиннинг бу сифатлари уларга маъқул келса керак. Қолаверса, Владимир Владимирович Путиннинг Россия ўз қуролли кучларини такомиллаштириши ҳақида қилган кечаги баёноти Афғонистон ва Марказий Осиёдаги вазиятга тўғридан-тўғри боғлиқ. АҚШ кучларининг Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши билан Тошкент учун ҳам, Душанбе ва Ашхобод учун ҳам қўшимча бош оғриғи пайдо бўлади. Шундай шароитда минтақа давлатлари Россияга хавфсизлик кафолати сифатида қарашлари табиий.

Би-би-си: Аммо, Россия матбуоти сўнгги пайтларда Кремлнинг жаноб Каримов сиёсатидан сабр косаси тўлиб бораётгани ҳақида ёзмоқда. Хусусан, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг Остонадаги охирги саммитида Ўзбекистонга ултиматум қўйилган. Ё ташкилотда тўлақонли иштирок этиш ёки ундан чиқиш тўғрисида. ОДКБ ва бошқа минтақавий тузилмаларда Москванинг Тошкентга нисбатан сиёсати қаттиқлашишини кутишимиз мумкинми?

Грозин: Ўзбекистонни ОДКБдан чиқаришни Беларус президенти таклиф қилди. Аммо, Александр Григорьевич кайфият одами. Унинг сўзларини на Кремл ва на жаноб Бордюжа тасдиқлади. Аксинча, раддияга ўхшаган изҳоротлар бўлди. Шунинг учун Кремл унинг бу баёнотини қўллаб-қувватлаганми, йўқми, бу ҳақда бир нарса дейиш қийин. Аммо, бу ерда бошқа бир муҳим нуқта бор. Президент Медведев тарафдорлари йиғилган Замонавий Тараққиёт Маркази - ИНСОР бир ҳисобот тайёрлаган. Махфий деб айтилишига қарамай, ҳамма ўқиган бу ҳисоботда марказий раҳбари Игор Юргенс ОДКБда қарор қабул қилиш механизмини ўзгартириш, консенсусдан воз кечишни талаб этади. Унинг фикрича, Ўзбекистоннинг алоҳида мавқеи ташкилотнинг самарали фаолиятига тўсқинлик қилмоқда. Шунинг учун Ўзбекистонга "ё биз билан ёки бизсиз" қабилида шарт қўйилиши керак. Яъни, бу масалани Медведевга яқин таҳлилчилар кўндаланг қўйишди. Аммо, Медведевга яқин одамларнинг ўрнига Путинга яқин одамлар келиши билан Ўзбекистонга нисбатан муносабатда радикал ўзгаришларни кутиш қийин. Бу ерда кўп нарса Тошкентнинг Кремлдаги ўзгаришларга қандай муносабат билдиришига боғлиқ.

Би-би-си: Марказий Осиё раҳбарлари, жумладан, Президент Каримовнинг кексайиб қолгани инобатга олинса, Ўзбекистондаги ҳокимият ўзгариши Кремлни қанчалик безовта қилади деб ўйлайсиЗ?

Грозин: Бу ерда кўп нарса келаётган ойларда Ўзбекистон элитаси ичидаги жараёнларнинг қандай ривожланишига боғлиқ бўлади. Сиёсий ўтиш масаласи Остона учун ҳам, Тошкент учун ҳам жуда долзарб. Ҳозирда Президент Каримовни энг кўп безовта қилаётган масала сиёсий келажак масаласидир. Ўзининг ва мамлакатнинг сиёсий келажаги, Ўзбекистон ичидаги жараёнларнинг қандай кечиши. Бу каби ҳал қилувчи босқичда Кремлнинг Тошкентга нисбатан сиёсатида кескин бурилишдан дарак берадиган тенденцияларни илғаб олиш жуда қийин бўлади. Худди шу каби Тошкентнинг Москвага муносабатида ҳам.