Ҳиллари Клинтонга мактуб - 'АҚШ, Ўзбекистонга нисбатан қатъий мавқеда бўл'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя этиш ташкилотлари, турли ширкатлар, касаба уюшмалари ва сармоячилар дохил 20 та ташкилотдан иборат гуруҳ АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтонга мактуб йўллаб, Ўзбекистонга ёрдам дастурларини қайтиб тикламасликни сўрашган.

АҚШ Сенати қўмитаси ўтган ҳафта Ўзбекистонга мўлжалланган ёрдам дастурларига қўйилган чекловни олиб ташлашга изн берувчи қонун лойиҳасини маъқуллаганди.

Бу эса, Ўзбекистонга ҳарбийси дохил, бошқа ёрдамларнинг ҳам яна йўлга қўйилишига эшик очади.

Аввалроқ АҚШ матбуоти президент Барак Обама маъмурияти хорижий иттифоқ кучларининг Афғонистондаги ҳарбий амалиётларида муҳим транзит нуқтасига айланган Ўзбекистонни рағбатлантириш учун 7 йил муқаддам жорий этилган чекловни бекор қилишни сўрагани ҳақида ёзганди.

Халқаро таҳлилчиларга кўра, бунга сўнгги йилларда Американинг минтақадаги асосий иттифоқчиси ва таъминот йўли вазифасини бажариб келган Покистон билан алоқаларининг жиддий совуқлашуви сабаб бўлган.

Аммо мактуб муаллифларига кўра, Ўзбекистондаги фаоллар, журналистлар ва мухолифатга қарши давомий қатағонлар, устига устак болалар меҳнатининг суиистеъмол этилиш ҳоллари расмий Тошкент билан одатий олди-бердиларга қайтишга изн бермайди.

Ушбу мактубнинг АҚШ Давлат котибига йўлланиши Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Элёр Ғаниев Вашингтонда Ўзбек-АҚШ Савдо палатаси вакиллари билан учрашаётган бир пайтга тўғри келмоқда.

У "Хьюман Райтс Вотч", "Фридом Ҳауз" ва болалар меҳнати ёрдамида етиштирилган Ўзбек пахтасини билиб туриб сотиб олмасликка ваъда берган ўнлаб халқаро ширкатларни бирлаштирувчи "Манбага масъулият билан ёндашув тармоғи" (Responsible Sourcing Network) каби дунёдаги қатор обрўли ташкилотлар томонидан ҳам имзоланган.

Расмий Тошкент эса, пахта йиғим-терими ишларида болалар меҳнатидан фойдаланмаслигини айтиб, мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳволни яхшилашга муваффақ бўлаётганини таъкидлаб келади.

Аммо АҚШ Сенати қўмитаси маъқуллаган қонун лойиҳасини ҳали мамлакат Конгрессининг ҳар икки палатаси ҳам тасдиқлаши лозим бўлади.

Ўз ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, АҚШ Конгрессига яқин манбалар унга тўсиқ қўйилиши эҳтимоли кам, дейишмоқда.

Расмий Вашингтон Афғонистоннинг 2001 йилги ишғоли ортидан, 2002-2004 йиллар оралиғида Ўзбекистон ҳукуматига ҳарбий ёрдам бериб келган.

Бу кўмак расмий Тошкент АҚШ томони билан Стратегик Ҳамкорликка оид битимни имзолаши ортидан бошланган эди.

Айрим маълумотларга қаралса, Ўзбекистон шу вақт ичида Америкадан қарийб ярим миллиард доллар ёрдам олишга муваффақ бўлган.

Аммо 2004 йилда Ўзбекистон ҳукумати ушбу битимнинг сиёсий эркинликлар ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни ўнглашга оид бандини бажармагани важидан, АҚШ Конгресси ушбу ёрдамни тўхтатишга қарор қилганди.