Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Қирғизистондаги сўнгги миллий низо юзасидан муфассал тергов ўтказишга чақирди

Ўзбекистон Бош вазири муовини ва Ташқи ишлар вазири Элёр Ғаниевнинг айтишича, ўтган йили Қирғизистон жанубида юз берган зўравонликлар юзасидан муфассал тергов ишлари ўтказилиб, жавобгарлар жазоланмас экан, ўзбеклар ва қирғизлар орасидаги миллий танглик барҳам топмайди.

Жаноб Ғаниев бу ҳақда 26 сентябр куни Нью Йоркда Бирлашган Миллатлар Олий Ассамблеясининг йиллик йиғинида қилган чиқишида баён қилган.

Унга кўра, 2010 йил июн ойидаги тўқнашувлар “Марказий Осиё минтақасидаги тинчлик ва барқарорлик учун жиддий бир синовга айланган”.

Қирғизистоннинг жанубий Ўш ва Жалол-Обод вилоятларида юз берган қонли низоларда юзлаб кишиларнинг қурбон бўлгани, тўрт юз мингга яқинининг ўз турар-жойларини тарк этишга мажбур бўлганликлари айтилади.

Юз берган зўравонликларни тадқиқ қилган қатор халқаро ташкилотлар ҳисоботларида жабрдийдалар аксариятининг этник ўзбеклар экани урғуланади.

Халқаро мустақил ҳайъат

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Парламент Ассамблеяси президентининг муовини бошчилигидаги халқаро мустақил ҳайъат ўтган йили қирғиз ҳукуматининг сўрови билан июн қирғинини ўрганишга киришган ва шу йил май ойида ўз текширувлари натижасини эълон қилганди.

Июн воқеаларига алоқадор фактлар ва шарт-шароитлар силсиласига таяниб, июн низоларини халқаро қонунлар меъёрларида таснифлаб чиққан халқаро мустақил тергов ҳайъати уларни уруш жиноятлари ёки қатлиом сирасига киритмаслигини баён қилганди.

Аммо агар маҳкамада тўлиқ тасдиғини топса, 11-13 июн кунлари Ўш шаҳрининг айрим маҳаллаларида уюштирилган муайян ҳужумларни инсониятга қарши жиноят сирасига киритиш мумкинлигини айтганди.

Халқаро ҳайъат, бундан ташқари, июн ойидаги воқеалар чоғида бошқа кўплаб жиноятлар ҳам содир этилгани ва инсон ҳуқуқларига оид халқаро қонунларнинг жиддий оёқ-ости қилиниш ҳоллари юз берганлигини ҳам таъкидлаганди.

Ўз ўрнида, июн воқеалари чоғида қўл урилган жинсий ва гендер асосдаги бошқа зўравонликларнинг деярли ёритилмай келаётгани, масъуллар бу каби ҳоллар юз берганлигини деярли тан олмасликларини ҳам билдириб ўтганди.

Аммо халқаро мустақил ҳайъат жиноий тергов жараёнларини олиб бориш ваколатида ва ҳужжатлаштирилган жиноятларга масъул шахсларни аниқлаш мавқеида ҳам бўлмаган.

Шу боис ҳам, бу йўлда қирғизистонлик масъуллар томонидан барча имкониятлар ишга солиниши муҳимлигини алоҳида урғулаганди.

Халқаро мустақил тергов ҳайъатининг ҳисоботига ўз муносабатини билдираркан, Қирғиз ҳукумати ундаги тавсияларни бажаришга ҳозир экани, аммо кўплаб хулосаларга қўшилмаслигини баён қилганди.

Ўз ўрнида, расмий Бишкек терговни олиб бориш жараёнидаги жиддий камчиликлар мамлакатдаги миллатлараро тангликни кучайтириши мумкинлигини иддао ҳам қилганди.

Ўтган ҳафта Бирлашган Миллатлар Бош котиби Пан Ги Мун президент Ўтинбоева билан учрашуви чоғида ҳайъат ҳисоботида таклиф этилган тавсияларни бажаришга ҳам ундаганди.

"Муфассал тергов лозим"

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Аммо жаноб Ғаниевнинг айтишича, “ўша пайтдаги жиноятларга қўл уришга буйруқ берган, уларни ташкиллаштирган ва амалга оширган барча кучлар ва алоҳида шахсларга на-да сиёсий ва на-да юридик ҳукмлар чиқарилган”.

“Бошдан-оёқ тергов ишлари олиб борилиб, миллати, келиб чиқиши ва мавқеидан қатъиназар, жавобгарлар жазоланмас экан, ўзбек ва қирғиз жамоалари орасида ўзаро ишонч ва ҳамкорликни қарор топтириб бўлмайди”, деб айтган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири.

Қирғизистон воқеалари юзасидан халқаро мустақил ҳайъатдан ташқари, Қирғизистон ва Ўзбекистондаги қатор инсон ҳақларини сақлаш ташкилотлари ҳам ўз текширув ишларини олиб боришганди.

Улар томонидан эълон қилинган ҳисоботлар эса, қирғизистонлик сиёсатчилар томонидан бир хилда қарши олинмаган.

Ўтган йил сентябр ойида БМТ Тараққиёт саммитида сўзлаган Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ҳам Қирғизистон жанубидаги сўнгги қонли ҳодисалар юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказишга чақирганди.

Ўзбекистон раҳбари фақат мустақил халқаро текширувгина қирғизлар билан ўзбеклар ўртасидаги ярашувга етакловчи йўл экани, бундай текширувсиз қонли ҳодисалар яна такрорланиши мумкинлигини айтганди.

2010 йил декабр ойида ОХҲТнинг Остона саммитида қилган чиқишида Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги Ташқи ишлар вазири Владимир Норов ҳам яна бир марта худди шундай мазмундаги даъват билан чиққанди.

Элёр Ғаниевнинг бугун – чоршанба куни Вашингтонда бўладиган Ўзбекистон-Америка бизнес-форумида ҳам иштирок этиши режаланган. Америкадаги ҳуқуқ фаоллари Америка-Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан ташкиллаштирилаётган мазкур учрашув бўлиб ўтажак бино ташқарисида пикет уюштириш мақсадида эканликларини айтишмоқда.

Хабарларга кўра, улар ўз чиқишлари билан Ўзбекистондаги болалар меҳнати ва инсон ҳуқуқларининг оммавий бузлиши ҳолларига қарши ўз норозиликларини изҳор этишмоқчи.