Андижон шоҳкўчаларида яшовчилар уйларини уч қаватли қилишга мажбурлар

Андижон кўчасида
Image caption Андижон шоҳкўчаларида яшовчи одамлар уйлари кўримсиз, деб топилса, уни бузиб, ўз ҳисобларидан уч қаватли қилиб тиклашга мажбурлар.

Андижон шоҳкўчалари бўйлаб жойлашган хонадон соҳиблари ўз уйларини уч қаватли қилиб, қайта тиклашга мажбурланмоқдалар.

Инсон ҳуқуқлари фаол Саиджаҳон Зайнобиддиновнинг билдиришича, уйини қайта тиклашга қурби етмайдиган хонадонларга кредит берилади. Лекин буни истамаган одамлар ё уйларини сотишади ва ёки уйлари бузилади.

"Ўзимнинг бир қариндошим қурби етмасдан, қайта тиклай олмаганди" - дейди ҳуқуқ фаоли - "Аммо ҳокимиятдан келавериб, қайта тиклайсиз, дея қўйишмади. Хуллас, қаердан пул топганини билмайман, аммо ҳозир бузиб, кўтараяпти".

Маҳаллий ҳокимият истаги билан амалга оширилаётган бу тадбирлардан мақсад шаҳарни кўркамлаштириш дейилмоқда.

"Президентимиз илгари Андижонга катта миқдорда пул келишини айтганди, балки шу пуллар келаётгандир энди" - дея айтади Саиджаҳон Зайнобиддинов.

Бироқ пули йўқ хонадонларга уйини қайта тиклаш учун кредитлар берилса-да, ҳеч кимнинг уйи давлат тарафидан ва ёки фаол айтаётган "келаётган пул" ҳисобидан қайта кўтарилмайди.

Одамлар ўз уйларини қайта қуриш учун ўз ҳисобларидан лойиҳа тайёрлашади ва уни ҳокимиятда тасдиқлатадилар. Кейин қандай қилиб бўлса ҳам бу уйни кўркам ва басавлат қилиб кўтаришлари керак.

"Уйи бузилган одам норози бўлиши табиий, аммо ҳеч ким норози бўлиб, намойиш ўтказаётгани йўқ" - деб айтади Саиджаҳон Зайнобиддинов.

Олти йил олдин Андижонда аксилҳукумат намойишига чиққан аҳоли ўққа тутилган ва кузатувчиларга кўра, ўшандан Ўзбекистон аҳолисида ўз норозилигини бирон алфозда бўлсин изҳор этишдан қўрқув янада кучайган.

Андижонлик оддий одамлар эса ҳозир қайта қуриш авжида эканини айтиб, шу боис шаҳарнинг қатор маҳаллаларида газ таъминотида узилишлар бўлаётганини айтишди.

Ўзбекистонда одамларни ўз кўчмас мулкларини қайта тиклашга ундаш илк бора кузатилаётгани йўқ.

Фаолларга кўра, икки йил олдин Хонобод тумани марказида ҳам одамлар уйларини икки қаватли қилиб тиклашга мажбурланган эдилар.

Ўзбекистон шаҳарларида қайта қуришлар, улкан тадбирлар ва ёки юбилейлар ўтказилган пайтлари баъзан одамларнинг уйлари ҳам бузилган. Кўп ҳолларда норози аҳоли етарлича товон ололмаганини ва ёки эски уйига мос мулк берилмаганини айтади.