Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Қозоғистондан қайтарилган Ўзбекистон фуқароларига ҳукм ўқилган

Қозоғистондан экстрадиция қилиниб, турли йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этилган Ўзбекистон фуқароларининг маҳкама тафсилотлари ошкор бўлмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ташаббус гуруҳи хабар тарқатган.

Гуруҳга кўра, Сурхондарёда 43 ёшли Болтаев Аҳмад 15 йилга, Тошкент вилоятининг Қибрай туманида Қобилжон Қурбонов 4 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Сирдарё вилоятида эса, Файзуллахон Акбаровни 5 йиллик қамоқ жазоси бериш юзасидан ҳукм чиқарилган.

Маҳкамалар уларни тақиқланган диний ташкилотга аъзолик, жамоат хавфсизлигига таҳдид соладиган материаларни тайёрлаш-тарқатиш, Ўзбекистоннинг конституцион тузумига тажовуз қилишда айбдор деб топган.

Файзуллохон Акбаровнинг онаси Раҳима Акбарова Би-би-си билан суҳбатда ўғлига қўйилган айбловлар биронтаси ҳам маҳкама жараёнида исботини топмаганини айтди.

"Суд Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида бўлди. 17 сентябр куни охирги суди бўлди. Ман ўзим ўша ерда иштирок этдим. Очиқ суд бўлди. Лекин, исботини, далилини топадиган ҳеч нарса бўлгани йўқ", дейди Раҳима Акбарова.

Раҳима Акбаровга кўра, ўғлига нисбатан айбловлар 2009 йилларда Қирғизистонда Болтаев Аҳмад билан танишиб қолгани ва қисқа муддат ундан араб грамматикасини ўргангани асосида қўйилган.

"Ман ўзим савдогарчилик билан кўп шуғулланганман. У ёқ бу ёқларга қатнаганман. Болам ўзимга ёрдамлашиб юрган. Шу вақтда бозорда танишиб қолишган. Араб грамматикасини яхши билгани учун бу одамдан озгина сабоқ олган. Қўйилган айблов шу, бошқа ҳеч қандай айблов йўқ", дейди 5 йил озодликдан маҳрум этилган Файзуллохон Акбаровнинг онаси.

Раҳима Акбаровага кўра, ўғли 2009 йилда Қозоғистонга қочиб ўтган: "Қонунсиз ҳатти-ҳаракат қиладиган инсонларнинг орқасидан тазйиқ еганидан кейин мажбур бўлиб чиқиб кетади".

Ўзбекистондаги диний таъқиблардан қочиб, Қозоғистонда бошпана сўраган 29 нафар қочқин халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг хавотирларига қарамай, июн ойининг бошида ватанларига мажбуран қайтариб юборилганди.

Қозоғистон ҳукуматининг ушбу қарори халқаро ташкилотлар томонидан қаттиқ қораланди.

Ҳюман Райтс Вотч ва Халқаро Амнистия қочқинлар Ўзбекистонда қийноққа тутилишидан хавотир билдирганди.