Сўнгги янгиланиш 30 сентябр 2011 - 16:50 GMT

'АҚШ раҳбарияти ўз манфаатидан келиб чиқиб прагматик қарор қабул қилди' - видео

АҚШ Конгресси Ўзбекистонга 2004 йилда тўхтатилган кўмакларни қайта тиклашга қарор қилгани ортидан Давлат котибаси Ҳиллари Клинтон Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Элёр Ғаниев билан учрашди.

"Биз Ўзбекистонни ҳурмат қиламиз, биз Ўзбекистон билан муносабатларимизни қадрлаймиз. Ўзбекистон шимолий таъминот тармоғимизда бизга катта ёрдам бермоқда. Шунингдек, улар Афғонистонни қайта тиклаш ишларига кўп кўмак кўрсатмоқдалар. Афғонистонни тинч-фаровон мамлакатга айлантириш йўлида Ўзбекистон Афғонлар ва Афғонистон ҳукуматига катта ёрдам кўрсатаяпти. Биз ишонамизки, Ўзбекистон ҳукуматидаги расмийлар билан бизнинг давом этаётган диалогимиз муҳим аҳамиятга эга. Ва биз ҳар доим инсон ҳуқуқлари ва сиёсий эркинликлар борасидаги хавотиримизни билдириб келмоқдамиз. Буни мен кўтарганман, бизнинг ҳукуматимиздаги бошқалар кўтарганлар, лекин айни пайтнинг ўзида биз Ўзбекистон билан уларнинг илгари силжишга эришишлари йўлида бирга ишламоқдамиз. Биз бу илгари силжишнинг айрим аломатларини кўрмоқдамиз ва бундан кейин ҳам ҳамма масалалар бўйича муносабатларимизни янада чуқурлаштиришни истаймиз", деб айтган АҚШ Давлат котибаси Ҳиллари Клинтон.

Қатор халқаро инсон ҳақлари ташкилотлари Ўзбекистонга ёрдамни қайта тикламаслик чақириғи билан чиққан эдилар.

АҚШ ва Ўзбекистон ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг учрашуви олдидан эса инсон ҳуқуқларини ҳимоя этиш ташкилотлари, турли ширкатлар, касаба уюшмалари ва сармоячилар дохил 20 та ташкилотдан иборат гуруҳ АҚШ Давлат котибаси Ҳиллари Клинтонга мактуб йўллаб, Ўзбекистонга ёрдам дастурларини қайтиб тикламасликни сўрашган.

АҚШ-Ўзбекистон муносабатлари илиқлашаётганига турли муносабатлар билдирилаяпти.

Айримлар ихоталаш сиёсатидан кўра расмий Тошкент билан мулоқотларни мунтазам ушлаб туриш Ўзбекистондаги демократия ва инсон ҳақлари вазият учун муҳим деса, бошқа мухолифатчилар Каримов ҳукумати Америкадан оладиган ҳарбий ёрдамни ўз халқига қарши ишлатади, демоқдалар.

Ҳозир муҳожирликда истиқомат қиладиган ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Тошпўлат Йўлдошев фикрича, АҚШ раҳбарияти ўз манфаатидан келиб чиқиб, прагматик қарор қабул қилган.

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.