АҚШ ‘Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари аҳволининг яхшиланаётгани нишонаси бор’ демоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

АҚШ Президенти Барак Обама маъмурияти ва расмий Тошкент орасидаги сўнгги мулоқотлар Ғарб матбуотининг эътиборидан ҳам четда қолмаган.

Жумладан, “Вашингтон Пост” газетаси АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон хонимнинг Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни яхшилаётгани ва сиёсий эркинликларни кенгайтираётгани нишоналарини намоён этаётганига оид сўзларига эътибор қаратади.

"Ассошэйтед Пресс" ахборот агентлиги хабарига таянган мақола эса, “Барак Обама маъмурияти Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг ўнгланаётгани белгиларини кўрмоқда”, деб номланади.

Унда Ҳиллари Клинтон хонимнинг мамлакати Ўзбекистон билан алоқаларини мустаҳкамлаш ниятида эканига оид сўзлари ҳам келтирилади.

Аён бўлишича, АҚШ Давлат котиби бу ҳақда пайшанба куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Элёр Ғаниев билан музокаралари ортидан баён қилган.

“Клинтон хоним “Хьюман Райтс Вотч” халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя этиш ташкилоти уни Ўзбекистоннинг “авторитар” ҳукуматига ҳарбий ёрдамни тиклашга қаршилик кўрсатишига даъват этишидан кун ўтиб, АҚШ-Ўзбекистон ҳамкорлигини ҳимоя қилиб чиқди”, деб ёзилади хабарда.

“Амнести Интернейшнл”, “Хьюман Райтс Вотч” ва Халқаро Инқироз гурухи дохил йигирмата ташкилотдан иборат гуруҳ эса, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири билан учрашуви олдидан АҚШ Давлат котибига мактуб йўллашганди.

Мактуб муаллифлари яқинда АҚШ Сенати томонидан маъқулланган қонун лойиҳасидан хавотир изҳор этишганди.

Уларга кўра, бу инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ абгор кўрсаткичлари учун 2004 йилда АҚШ томонидан Ўзбекистонга мўлжалланган ёрдамларга қўйилган чекловнинг бекор қилинишига олиб келиши мумкин.

Мактубда Америка томонидан инсон ҳуқуқлари масаласида Ўзбекистонга нисбатан бундан кейин ҳам қатъий мавқеда қолишлари сўралганди.

Муҳим иттифоқчи

Клинтон хонимнинг хабарда келтирилган сўзларига қаралса, Афғонистонга юк таъминоти ва мамлакати бошчилигида у ерда олиб борилаётган қайта тиклаш ишларида Ўзбекистоннинг Америкага ёрдами жуда катта бўлмоқда.

Мақола АҚШ Давлат котибининг мамлакати инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ хавотирларини изҳор этишда давом этиши, аммо Ўзбек ҳукумати билан мулоқотлари самара бера бошлаганига оид сўзлари билан якун топади.

Айни ўринда шуни таъкидлаш жоизки, АҚШ Давлат департаменти Диний эркинликларнинг аҳволига оид сўнгги халқаро ҳисоботида Ўзбекистонни Хитой, Саудия Арабистони, Бирма, Шимолий Корея, Эритрея, Эрон ва Судан қаторида бу гал ҳам "алоҳида хавотирга лойиқ давлатлар" рўйхатида қолдирганди.

Британияда чоп этилувчи “Дейли Телеграф” газети эса, бутунбошли битта мақоласини Ҳиллари Клинтон хонимдан сал аввалроқ АҚШ Президенти Барак Обаманинг Ислом Каримов билан телефон орқали олиб борган мулоқоти тафсилотларига бағишлаган.

Мақолада ёзилишича, расмий Вашингтон Покистонга қарамлигини камайтиришга уринаркан, президент Обама Ўзбекистондан Афғонистондаги қўшинлари таъминотида кўпроқ ўрин тутишини сўраган.

АҚШ Покистондаги таъминот йўлларидан воз кечишни бошларкан, ўтган йили Шарқий Оврўподан бошланиб, Россия ва Марказий Осиё орқали Афғонистонга борувчи Шимолий Таъминот Тармоғининг аҳамиятини янада кучайтирган.

Америка томони ўз элчихонасига қаршиси дохил Афғонистон пойтахти Кобулда уюштирилган сўнгги ҳужумларда Покистон Жосуслик хизматини айбларкан, ҳар икки давлат дипломатик инқирозга юз тутишган.

Расмий Вашингтон ва Исломобод орасидаги танглик кучайиб бораркан, АҚШ учун Покистоннинг Афғонистондаги ҳарбий амалиётларда банд ҳарбийларига бундан кейин ҳам қанчалик йирик таъминотчи бўла олишига оид саволлар қизиб бормоқда.