Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистонга берилган савдо имтиёзини бекор қилди

пахта тераётган қизалоқ

Оврўпо парламенти Ташқи ишлар қўмитаси иттифоқ ва Ўзбекистон ўртасида ўзбек пахтасининг Оврўпода сотилишини осонлаштиришни кўзда тутган имтиёзни бекор қилди.

Оврўпо парламенти томонидан якдиллик билан қабул қилинган мазкур қарор Ўзбекистонда пахта йиғим-теримига балоғатга етмаган болалар жалб этилаётгани билан изоҳланган.

Оврўпо Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасида 1999 йили имзоланган "Шерикчилик ва Ҳамкорлик келишуви"га мувофиқ, иттифоқ Ўзбекистонда ишлаб чиқилган тўқимачилик молларининг ўз ҳудудида сотилишида қулайликлар яратган эди.

Ўзбекистон ҳукумати болалар меҳнатидан фойдаланаётганини рад этиб келади.

Охирги икки йилда Ўзбекистон парламенти болалар меҳнатини тақиқловчи икки халқаро конвенцияни ратификация қилган ва маҳаллий қонунчиликнинг болаларнинг меҳнат ёшини тартибга солувчи бандлари халқаро қонунларга мувофиқ холга келтирилган.

Бироқ фаолларга кўра, Ўзбекистон расмийлари балоғатга етмаган болалар меҳнатидан ҳали-бери воз кечадиганга ўхшамайди.

Бу йил ҳам коллежлар, лицейлар талабалари ҳамда ўрта мактаблар юқори синф ўқувчиларининг оммавий равишда пахта йиғим-теримига сафарбар этилгани бунга исботдир.