Расмий Тошкент Путин ғоясига ҳозирча муносабат билдирмайди

Путин Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Путининг собиқ Совет ҳудудида Оврўосиё Иттифоқини тузиш ғояси айрим таҳлилчилар томонидан Совет Иттифоқини қайта тиклаш уриниши, дея талқин этилмоқда.

Жаноб Путин кеча "Известия" газетасида чоп этилган мақоласида янги иттифоқ Шўролардан кўра кўпроқ Оврўпо Иттифоқига ўхшаш бир тузилма бўлишини айтган.

Келаси йил учинчи муддатга президентликка сайланиши кутилаётган Владимир Путиннинг янги иттифоқ ғояси ҳозирда амалда бўлган Россия, Беларус ва Қозоғистон ўртасидаги Божхона Иттифоқига Қирғизистон ва Тожикистоннинг ҳам аъзо бўлиб киришини назарда тутади.

Мақолада Ўзбекистон тилга олинмаган.

Ўзбекистон собиқ СССР ҳудудидаги интеграция жараёнларига шубҳа билан қараб келади.

АҚШ дипломатларининг "Викиликс" веб саҳифасига сизган ёзишмаларида Президент Каримов Москванинг "империячилик" интилишларидан хавотир билдиргани қайд этилган...

Хўш, Владимир Путиннинг Оврўосиё Иттифоқи ғояси Тошкентда қандай қабул қилинмоқда?

Би-би-си ушбу мавзуда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги стратегик тадқиқотлар институтининг собиқ директори Рафиқ Сайфуллин билан суҳбатлашди.

Сайфуллин: Бу - Владимир Путиннинг сайловолди дастури. У бу ҳақдаги баёнотини ўзининг партияси - "Ягона Россия" фирқаси қурултойида эълон қилган эди. Иккинчидан, бу - Путиннинг эски стратегик орзусини ҳаётга татбиқ этилиши. Ёдингизда бўлса, Елциндан кейин ҳокимият тепасига келган Владимир Путин "эски замондан қолган тошларни йиғиб олиш" сиёсатини бошлаган эди. Мана энди у яна президентликка номзодини қўяётган экан, собиқ СССР мамлакатларидаги аҳоли қатламларининг айримларига ёқиши мумкин бўлган ўзининг эски ғоясини илгари сураяпти. Бу нарса унга сайловда дастак бўлиши мумкин.

Би-би-си: Бугун жаноб Путин ғояси қизғин муҳокама қилинаётганини, унинг бу ғояси ҳаётга татбиқ этилишига қўшни мамлакатлар раҳбарлари шубҳа қилишлари айтилаётганини кўриш мумкин? Бу шубҳалар асоси, сизнингча, нимада бўлиши мумкин?

Сайфуллин: Шубҳа билдирилаётгани рост. Лекин Путиннинг ўзи ҳам бу мақоласида гап СССРни қайта тиклаш ҳақида кетмаётганини айтиб ўтган. У бу масалага янада кенгроқ қарашни таклиф этаяпти. Буни дунёга бир янги чақириқ билан чиқиш, глобал чақириқ, деб аташ мумкин. Албатта, бу таклиф Россия атрофидаги мамлакатларда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам кўплаб саволларни юзага келтирган - Тошкентда ҳам бу ғоя қизиқиш уйғотмай қолмади, албатта. Лекин ҳозирча айтилаётгани - Оврооссиё Иттифоқи. Бу нима дегани? Ҳозирча бу ғоя таркибига киритилган конкрет таклифлар илгари сурилмас экан, соғлом ақлли сиёсатчилар бунга муносабат билдирмайдилар. Кимдир қизишиб бирор нарса дейиши мумкин, лекин менимча, расмий Тошкент бу борадаги хулоса ва жавоблари билан баёнот беришга шошилмайди.

Би-би-си: Биз биламизки, ҳали 1996 йилда Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев Оврўосиё ғояси билан чиққанида Ўзбекистон бунга қарши бўлган. Мабодо бугун "келинглар, шу иттифоқни барпо этайлик", деб кун тартибига масала қилиб қўйилса, бунга расмий Тошкентнинг муносабати қандай бўлади?

Сайфуллин: Расмий Тошкент ҳали гап нима ҳақда бораётгани аниқ бўлмагунча, бунга бирор муносабат билдирмаслик мавқеини эгаллайди. Лекин охир-оқибатдаги Ўзбекистоннинг муносабати бунга ижобий бўлмаса керак. Мана мисол учун Божхона Иттифоқи ғоясини олинг. Бу иттифоқ ташкил этилди, ишлаяпти. Лекин ҳали бу иттифоқ келтирган наф яққол кўзга ташланганича йўқ. Ҳозирча кўриниб тургани, фақат салбий томонларидир. Тўғри, ўз вақтида Назарбоев бу ғояни илгари сурган. Лекин у умуман ишлаб чиқилмаган, хом ғоя эди. У қандай ташкилот бўлади? Би тизим давлатлараро тизимдан юқоридаги структура бўладими? Қандай фаолият юритади, деган саволларга аниқ жавоблар йўқ эди. Шунинг учун, мен айта олишим мумкинки, бу ғояни ҳатто ташвиқот майдонида кенг илгари суриб, ҳаётга татбиқ этишни бошлаган тақдирларида ҳам, Тошкент қарор бериш масаласида шошмай тураверади.

Би-би-си: Ўзбекистон собиқ Шўро мамлакатлари орасидаги ташкилотларда фаол эмас, бунинг ягона сабаби Ўзбекистон раҳбариятининг бу ташкилотларда Россиянинг "империятпараст интилишларини" кўришидами?

Сайфуллин: Авваламбор, аслида "империяпараст интилишлар" мавжудлигини тан олиш керак. Бу МДҲми, ОДКБми, ЕвразЭС ва ҳатто ШОС ташкилотида ҳам. Тўғри, Шанхай ташкилотида Хитойнинг устунликка интилиши кўпроқ кўзга ташланади. Иккинчидан, Ислом Каримовнинг мавқеи шундайки, у бирорта иттифоқ ёки альянсларга қўшилишга шошилмайди. Бу ерда Ўзбекистоннинг бир пайтлар қабул қилинган "Ташқи сиёсат ҳақидаги қонуни"ни эслатишнинг ўзи кифоя. Бу қонунда Ўзбекистон фақат сиёсий ё ҳарбий ҳисобланган иттифоқларга қўшилишдан бош тортади, деб ёзиб қўйилган. Яна бир жиҳатики, кўпинча бундай ғоя ёки концепциялар қандайдир интилишу-амбициялардан келиб чиқади. Шунинг учун ҳам Ўзбекистоннинг бундай ташкилотларга қўшилишга шошилмаслиги табиийдир.

Би-би-си: Бу йил Шўролар Иттифоқининг парчаланганига 20 йил тўлди. Оддий ўзбекистонликлар билан суҳбатлашганда, уларда Шўролар замонини қўмсаш ҳисси борлигини кузатиш мумкин. Нима деб ўйлайсиз, агар мамлакатлар раҳбарлари бугун Оврўосиё Иттифоқини барпо этиш таклифи билан чиқишса, оддий ўзбекистонлик одамларнинг бу ғояга муносабатлари қандай бўлиши мумкин?

Сайфуллин: Оддий одамларга нима керак? Уларга иш, боши устида бошпана, тинч шароитда болаларини тарбиялаш ва истиқболли келажакка ишонч керак. Агар ҳозирча фақат назарий жиҳатдан илгари сурилаётган Оврўосиё Иттифоқи ана шу имкониятларни оддий одамларга берса, албатта оддий одамлар буни қўллаб-қувватлашлари мумкин. Бу ғоянинг оддий одамлар учун жозибали томони нимада? Гап шундаки, ҳамма одам эртага бугунгидан кўра яхшироқ яшашни, ҳеч бўлмаганда, бугун кечагидан ёмон бўлмаган шароитда яшашни истайди. Агар бу иттифоқнинг ана шундай устунликлари кўзга кўриниб қолса, ўшанда ҳам аҳолининг ҳамма қисми эмас, маълум қисми томонидан дастакка эга бўлиши мумкин. Собиқ Шўро республикалари бўйлаб эркин ҳаракатланишга имкон бўлса, меҳнат муҳожирлари учун қулай шароит яратилса, албатта, катта сиёсатни тушунмайдиган оддий одамларни буни қўллаб-қувватлашлари мумкин. Аммо бу масала жуда катта сиёсат масаласидир. Ҳукумат эса аҳоли кайфиятларини кузатиб боради ва буни инобатга олади.