Ўзбекистон: янги қонун маҳбусларнинг аҳволини яхшилайдими?

Image caption Ўзбек милицияси ва хавфсизлик кучлари маҳбуслар ва маҳкумларни мунтазам қийноққа тутиши айтилади.

Президент Ислом Каримов маҳбуслар ва гумондорларнинг ҳуқуқларига доир янги қонунни имзолаган.

Қонун ҳар қандай қийноқ ва бошқа турдаги ноинсоний муомалани тақиқлайди ва маҳбусларнинг ҳуқуқларини батафсил баён қилади.

Шу йилнинг июлида парламентнинг қуйи палатаси томонидан қабул қилинган қонун 26 август куни Сенат тарафидан маъқулланган эди.

Янги қонунда, шунингдек, ҳибсда ушлаб турилган шахс, унинг жиноят содир этгани қонунда белгиланган тартибда исботланмагунича ва маҳкама ҳукми билан тасдиқланмагунича, айбсиз ҳисобланиши таъкидланади.

Ўзбекистон дунёдаги инсон ҳуқуқларининг аҳволи энг аянчли бўлган давлатлардан бири.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳамда БМТнинг махсус маърузачиси милиция ва хавфсизлик кучлари маҳбуслар ва маҳкумларни мунтазам қийноққа тутишини айтишган.

Қоғоздаги ва амалдаги ҳуқуқлар

Янги қонунда маҳбусларнинг ҳуқуқлари батафсил баён қилинган.

Жумладан, маҳбус ўз ҳуқуқ ва эркинликлари, ҳибсхона тартиби, ушлаб туриш қоидалари ва шикоят, аризалар ёзиш ҳуқуқига эга.

Шунингдек, ҳибсхона нозирлари ва бошқа мулозимларининг шахсий қабулига кириш, ёзишмалар олиб бориш, шахсий хавфсизлик, ҳимоячи ва яқинлари билан кўришиш, бепул озиқ-овқат ва дори-дармонлар олиш, кунда саккиз соатлик уйқу ва камида бир соат сайр, қамоқхона ходимлари томонидан яхши муомала, адабиётлар, жумладан, диний адабиётлар ва ибодатларни адо этиш сингари ҳуқуқлар.

Ўзбекистон қонунчилигида маҳбусларнинг ҳуқуқларига биринчи марта эътибор қаратилаётгани йўқ.

Ўзбекистон Қийноқларга қарши БМТ Конвенциясини имзолаган ва бу борада махсус дастур ҳам қабул қилган.

Бундан ташқари, Жиноий Процессуал Кодекс қийноқ ва бошқа турдаги ноинсоний муомалани тақиқлайди ва руҳий ёки жисмоний босим остида олинган далилларни кучга эга эмас, деб ҳисоблайди.

Норасмий Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Сурат Икромовнинг айтишича, муаммо қонунларнинг ижросида.

"Ҳар бир маҳкаманинг очилишида судя айбланувчидан қийноққа тутилиб-тутилмаганини сўрайди. Ҳатто сўрамаган ҳолатларда ҳам айбланувчилар кўпинча қийноққа солинганликларини айтишади ва баъзилари баданларидаги қийноқ изларини ҳам кўрсатадилар. Аммо на судя ва на прокурор буни инобатга олмайди", - дейди Сурат Икромов.

"Бунга ўхшаган қонунларнинг қабул қилинаётганига қарамай, қийноқлар натижасида вафот этганларнинг сони камаймаяпти", - дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Унинг ишонишича, муаммонинг илдизи Ўзбекистонда қарор топган тизимда.

"Бу сиёсий масала. Диний ва сиёсий маҳбусларга қарши қийноқлар энг юқори даражада маъқулланган", - дейди Сурат Икромов.