Тошкент ва Исломобод мудофаа соҳасида ҳамкорликни кучайтириш истагида

Толибон жангчилари
Image caption Тошкент ва Исломобод Покистонда паноҳ топган ўзбек жангчиларига қарши курашда яқиндан ҳамкорлик қилиш ниятида

Покистон пойтахти Исломободга сафар қилаётган Ўзбекистон Мудофаа вазири Қобил Бердиев мамлакати Покистон билан мудофаа масалаларида ўзаро ҳамкорликни кучайтириш истагида эканини айтган.

Жаноб Бердиев бу ҳақда покистонлик ҳамкасби Чаудри Аҳмад билан учрашуви чоғида баён қилган.

Расмий баёнотда айтилишича, томонлар Афғонистондаги хавфсизлик масаласини ҳам муҳокама этганлар.

Афғонистондаги мавжуд вазият ҳам Покистон ва ҳам Ўзбекистонни бирдек хавотирга солиб келади.

Би-би-си покистонлик мухбир Раҳимуллоҳ Юсуфзай билан боғланиб, энг аввало Қобил Бердиев сафари тафсилоти билан қизиқди

Раҳимуллоҳ Юсуфзай: Менимча, Ўзбекистон томонини Афғонистон, Покистон ва умуман минтақадаги жангарилик билан боғлиқ вазият қизиқтиради. Бошқа томондан, сўнгги пайтларда Покистон ва Америка орасидаги алоқаларнинг ниҳоятда совуқлашиб кетгани манзарасида Ўзбекистон томони нималар бўлаётганини расмий Исломободнинг ўз оғзидан эшитиш истагида ҳам бўлиши мумкин. Чунки Америка Покистонни "Толибон" ҳаракати ва "Ҳаққоний" афғон жангари гуруҳига алоқаси борликда айбламоқда. Бундан ташқари, ўзбек ҳукуматини Афғонистондаги вазият ниҳоятда қизиқтиради. Ушбу масалада унга қўшни Покистоннинг қарашини билишни хоҳлайди. Шунингдек, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ҳам муаммоси бор. Ҳаракатнинг айрим аъзолари ҳануз Покистон тупроғида. Менимча, Ўзбекистон ана шу масалаларда Покистон билан яқиндан фаолият олиб боришни истайди.

Би-би-си: Афғон можаросига ҳамма томонни бирдек қониқтирувчи ечим топишда Ўзбекистоннинг тутган ўрнини қандай баҳолайсиз?

Раҳимуллоҳ Юсуфзай: Менимча, бу масалада минтақада барча давлатлар у ёки бу даражада рол ўйнашади. Дейлик, афғон можаросидан жиддий зиён кўрган Эрон ва Покистоннинг тутган ўрни, сўзсиз, катта. Америка ва бошқа қатор хорижий давлатлар эса, анчадан буён Афғонистон муаммосига минтақавий ечим топиш масаласида сўз юритишмоқда. Бу Ўзбекистонни ҳам назарда тутади. Чунки Афғонистонда этник ўзбеклар ҳам яшашади. Бундан ташқари, Ўзбекистон - Афғонистоннинг муҳим савдо ҳамкори. Бошқа томондан, Америка Афғонистондаги ўз ва халқаро иттифоқ қўшинлари таъминотида Ўзбекистон янада кўпроқ ўрин тутишини истамоқда. Ушбу масалада Покистон ҳануз асосий таъминотчи сифатида қолаётган бўлса ҳам, бу таъминот йўлининг хавфсизлиги ёмонлашиб бормоқда. Шунинг учун ҳам Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришда Ўзбекистон ижобий рол ўйнаши мумкин.

Би-би-си: Сўнгги пайтларда Покистон билан ҳам Афғонистон ва ҳам Американинг муносабатлари ниҳоятда совуқлашиб кетди. Ўзбекистон Мудофаа вазирининг Исломободга сафари худди шу манзарада кузатилмоқда. Шундай бир вазиятда, ушбу ташрифга расмий Кобул ва америкалик мулозимларнинг муносабати қандай бўлиши мумкин?

Раҳимуллоҳ Юсуфзай: Ушбу саволга аниқ бир нарса дейиш қийин. Аммо Ўзбекистон ва Покистоннинг мудофаа масалаларида ҳамкорликни кучайтиришлари қолган томонлар учун жиддий бир муаммога сабаб бўлади, деб ўйламайман. Чунки бу террорга қарши уруш доирасидаги шерикликдан бошқа нарса эмас. Бундан эса, ҳар уч томон ҳам бирдек манфаатдор. Чунки террорга қарши урушда минтақавий ҳамкорлик қанча кўп бўлса, бу - уларнинг ҳаммаси учун яхши. Менимча, буни Америка ҳам, Афғонистон ҳам хоҳлайди. Шунинг учун ҳам, Ўзбекистон Мудофаа вазиринг Покистонга сафарига улар салбий муносабатда бўлишмаса керак.