Би-би-си меҳмони - Мели Қобилов

Image caption Мели Қобилов Ўзбекистон парламенти қонунчилик қўмитасининг аъзоси бўлган

BBCUzbek.com ўқувчиларининг саволларига СССР КГБсининг собиқ ходими, 1990-йилларда Ўзбекистон парламентининг депутати ва сиёсий маҳбус Мели Қобилов жавоб беради.

Мели Қобилов 1943 йилда Жиззах шаҳрида таваллуд топган.

1978 йилда Сирдарё вилоят педагогика институтининг тарих факултети, 1991 йилда эса Тошкент Давлат Университетининг ҳуқуқшунослик факултетларида таҳсил олган.

1969 йилдан 1988 йилгача СССР Давлат Хавфсизлик Қўмитаси-КГБ идораларида ишлаган.

1962-1968 йилларда Олмонияда хизмат қилган.

КГБ майори ва СССР Қуролли кучларининг фахрийси.

Истеъфога чиққач, Олий Кенгаш депутатлигига сайланган Мели Қобилов парламентнинг қонунчилик ва ҳуқуқ-тартибот қўмитаси аъзоси бўлган.

1994 йил 27 октябрда, парламент депутати экан, ҳибсга олинади.

У амалдаги ҳокимият, хусусан, Жиззах вилоятидаги амалдорларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига қарши курашгани туфайли сохта айбловлар билан қамоққа ташланганини айтади.

2002 йилда қамоқдан озод этилганидан сўнг, адвокатлик фаолияти билан шуғулланган.

2010 йилда унга қарши иккинчи жиноят иши очилади.

"Сохта гувоҳлик бериш"да айбланган Мели Қобилов жаримага тортилиб, адвокатлик лицензиясидан маҳрум этилади.

У билан бирга айбланган ўғли Бекзод Қобилов эса, 2 йиллик ахлоқ тузатиш ишларига маҳкум қилинган.

2009 йилда Қобиловлар оиласининг яна уч аъзоси-икки ўғли ва келини таъмагирликда айбланиб, узоқ йиллик қамоқ жазоларига маҳкум этилган.

Мели Қобилов ўзи ва оиласига қарши тазйиқлар ортида сиёсий, инсон ҳуқуқлари ва адвокатлик соҳасиданги фаолиятлари турганини айтади.

Avalom bor assalomu alaykum. Siz ishlagan davr bilan hozirgi davr mahsus xizmatlari farqi nimada? Kimga hizmat qigansiz, hozir kimga hizmat qilishadi, halqqami yoki shahslargami? Oldindan rahmat.

Eldor, Andijon

Мели Қобилов: Ассалому айлайкум Элдоржон!

Биз ишлаган даврда «Соц законность» деган ибора бор эди. Фақат қонун билан белгиланган ваколатимиз доирасида хизмат вазифамизни бажарар эдик. Иш натижаси қаматилганлар сони билан эмас, балки қамалишга келиб қолган қонунбузарларни ўз вақтида аниқлаб, уларга таъсирий чоралар кўриб, йўлдан адашганларга профилактик тадбирлар асосан қўлланарди. Давлатга қонун талабида хизмат қилганмиз.

Мен ўз тақдиримдан келиб чиққан ҳолда ўз исботини топмаган менга адвокат сифатида Ўз,Р.ЖКсини 238-модда 2-қисми билан Ш.Муродовга «Руҳий тазйиқ ўтказиш билан қўрқитиш» жиноятини содир қилишда айблашиб, МХХ Жиззах вилоят бошқармаси ходимлари ғайриқонуний равишда мен бошқарадиган «Жаҳонгир» адвокатлик бюросининг хизмат хонамда майор Андрей Волков ва уни гурухи ходимлари менга ва ёрдамчимга нисбатан жисмоний куч ишлатиб, хизмат ваколатларини суистеъмол қилишиб, прокурор санкциясисиз хизмат хонамни, шахсан мени, автомобилимни тинтув қилишиб, видеоларга олишиб, шундан кейин прокуратура терговчисини чақиришиб, уни номидан баённома тузишди.

Бу воқеа 29 декабр 2009 йили содир этилиб, Жиззах вилоят прокуратураси тергов қилиб, Жиззах вилоят Янгиобод жиноят суди судяси Ўткир Жўраев суд жараёнини қонунга зид олиб бориб, ЖПКни моддаларини қўпол бузиб, очиқдан-очиқ суд қасамёдини бузиб, ҳукм чиқарди. Улардан биттасинигина мисол учун келтираман.

Мен КГБ органларида 26 йил бенуқсон хизмат қилиб, 9 та давлат орден ва медалларини, СССР қуролли кучлар ветерани, 2-гурух Улуғ Ватан Уруши қатнашчисига тенглаштирилган ногирон ва бир умр ҳарбий хизмат кийимида юриш имтиёзи берилиб, 1990-1999 йиллари Ўзбекистон Республикаси Олий кенгаш ва Жиззах вилояти кенгаши депутати бўлиб сайланган бўлсам-да, судя Жўраев Ўткир одил судлов системасига қарши тугалланган жиноятни содир этиб, судя қасамёдини жиддий бузиб, М.Қобилов депутат бўлиб сайланмаган, давлат мукофотларини олмаган деб очиқдан-очиқ суд нохолисона фақат айблов йўналишида бўлиб хукум чиқарди. Мақол бор «Туяни шамол учирса, эчкини осмонда кўр» деган.

Сизни саволингизга жавобим шуки, мени шундай аҳволга келтириб, қонунбузарлик қилган ҳамкасбларим жойларда нима иш ва қандай хизмат қилишадиганини кўриб, баҳо беришар.

МХХ ва ИИБ хизмати тўғрисида қонун чиқарилган бўлганда, ундан четланишга йўл бўлмасди. Қонун талабида хизмат кафолатланган бўларди.

Salom Meli aka, mani savolim quyidagicha: Hammamiz bilamiz usha Sovetni tugashi va 90 yillar boshlarida siz judayam obruga ega, va lavozimli siyosatchi ediz. Mani qiziqtirgan savol esa aynan shu vaqtda qildirgan bir ishiz haqida. "Man yashab turgan kuchadan mashinalar utmasin" dib yashab turgan kuchangizni bir tomonini berkitib quyganingizni sababi nima? rostan mashinalar qatnovini tuxtatishmi yoki boshqa siyosiy/shaxsiy sabablari bormi? shu narsani qildirishga qonuniy haqqiz bormidi?

Muhojir

Мели Қобилов:Мухтарам "Муҳожир". "Мени қизиқтирган савол эса айнан шу вақтда қилдирган бир ишингиз ҳақида" дебсиз. Раҳмат! Мен кўп яхши ишлар қилдиргандим. 450 рўйхатда ер участка олишга турганларга Олий кенгашни биринчи сессиясида сўзга чиқиб, "Зилол", "Олмазор", "Кўтарма" ва бошқа мавзеълардан ер-томорқалар тарқатдириб, "Гавҳар", "М.Ортиқов" кўчаларини қурдириб, асфалт қилдириб, Жиззах Политехника институтини Президентимизга кириб, Тошкент Политехника институти филиаллигидан алоҳида қилдириб, кўп ҳужжатлар тўплаб, тақдим қилиб, фармон чиқартиргандим. Ш.Рашидовни қадриятини тиклатиб, олиб ташланган бюстини жойига ўрнатиб, депутатлик наказида бўлгани учун шахсан Президентимизни ва депутатларни, жамоатчиликни ҳамоҳанглигида биринчи сессияда шу масалани кўтариб, 1993 йили у кишини 75 йиллик юбилейларида ўз жойига ўрнатдиргандим. Ундан ташқари ҳоказо, хоказо ишлар ҳисоботимда бор. Сиз "Ман яшаб турган кўчадан машиналар ўтмасин" деб, яшаб турган кўчангизни бир томонини беркитиб қўйганингизни сабаби нима, дебсиз.

Мен ва бошқалар яшайдиган Гавҳар бурилиш-тупик кўчада икки томонидан бештадан ҳовли бўлиб, узунлиги 150 метрча келади. Шу кўчача ҳақиқатан ҳам тупик бўлиб, тўғри бориб, икки қаватлик ХПФ домларига қадалади. Маҳалламизни ривожлантириб, ўша ХПФ уйлари олдидан "Вардозлик" кўчасини очиб, "Фурқат" ва "Бобур" кўчаларига ва Тошлоқдаги кўча орқали Ш.Рашидов кўчасига чиқадиган кўча барпо қилдириб, асфалт қилдирдик. "Гавҳар" бурилиш кўчадан катта "Камаз" ва бошқа турдаги юк машиналари полиз экинлари, қовун, тарвузлар ортган машиналар катта трассалар-"Халқлар Дўстлиги","М.Ортиқов", "Фурқат", "Бобур" кўчаларига тўғридан-тўғри чиқиши лозим бўлса-да, шу кўчадан ўтиши лозим бўлмаса-да, ўтиб, кўча хажмига тўғри келмай, кўчада ўйнайдиган бола-чақаларни ва шу кўчада яшаган Улуғ Ватан Уруши қатнашчиси ногирон Ином бобо Абдусаматов ва Пўлатов Илҳомни, меҳнат ногирони Мамараҳимов Жўрабой, меҳнат фахрий нафақахўри Расулов Акмаллар бир неча марта маҳалла кенгашига ва менга Олий ва вилоят кенгаши ҳалқ депутати сифатида қилган шикоятидан сўнг, кўчага тезлик чекловини белгисини ўрнатишди ДАН ходимлари. Автомобилларга бу ҳам кор қилмай, ўтиб-қайтаверганидан сўнг, маҳалла кенгаши ва ДАН ходимларининг иштирокида вилоят ДАН бошлиғи полковник Н.Муродов Ином бобони ва шу кўчада яшовчи бошқа ногиронларнинг талабига асосан, кўча боши берк бўлиб, ноқонуний мостланмаган ариқ кўприкларига ўрнатилган асбест қувурлари синиб, катта машиналарга белгиланган мавжуд йўллар бўлса-да, ўтаверганига чек қўйиш мақсадида маҳалла кенгаш аъзолари ДАН ходимлари иштирокида масалани ўрганиб, шаҳар ижроқўмига маҳалла қарори берилиб, шаҳар ижроқўми қарори билан "Гавҳар" бурилиш боши берк кўча деб, қарор қонуний чиққан ва бу ерда ҳеч қандай сиёсий, шахсий сабаб йўқ. Маҳалла ва ижроқўмнинг шундай қарор чиқаришга қонуний ҳаққи бор.

assalomu alaykum ! Meli Qobilov sizga yullamoqchi bulgan savolim bizning yurtimizda yani uzbekistonda oddiy fuqorolarga yoki siyosiy shahslarga tuhmat qilish ulardi uzoq muddatli qamoq jazolariga tortish bunchalik keng tarqalishiga asli sabab nima deb uylaysiz bizning halqimizning uzini huquqini yahshi bilmaslikmi yoki buning ortida boshqa bir insonlarning turganligimi ? sizga oldin rahmat!

sobir nosirov, Dubai

Мели Қобилов: Ўзбекистонда фуқаролар ўз ҳуқуқларини яхши билишга ҳаракатдалар. Халқимиз ҳуқуқини яхши билган билан қонун талаби ҳуқуқ идоралари томонидан тан олиб, бажарилмай оқни қора қилиб қамаб ташлашса, бундан ачинарлиси йўқ. Адвокатлар ҳам, зукко ва ўткирлари мавжуд, лекин уларни қилган қонуний талаблари аппеляция, кассация, назорат аризаларига қонуний баҳо берилмай, дастлабки суд ҳукмида нима ёзилган бўлса, ўша ўзгартирилмайди. Омбудсманнинг ваколатида суд ишларига аралашмаслик қайд этилган. Энди айтинг-чи, қайси иш судсиз ҳал қилинади?

Мени 27 октябр 1994 йили Ўзбекистон Республикаси Жиззах вилоят кенгаши ва яна бўладиган Олий Мажлисга халқ депутатлигимга қарамай, қамашди.

23 октябр 1994 йили вилоят Республика сайлов комиссияси вакиллари иштирокида Жиззах вилоят "Ватан тараққиёти" партиясининг 23 нафар пленум аъзолари қатнашган мажлисда мени Олий Мажлисга бўладиган сайловга шу партияни раиси сифатида рўйхатга олишиб, партиянинг тикланишига қисқа муддатда 12 та туманда партия ташкилотлари тузилиб, аъзоларимиз 5000 кишига етгани ва ХДП партияси билан сайловда рақобат бўлиб, партиямиз муваффақият қозонишини пленум аъзолари чиқишларида таъкидлашганди.

Бундан хабар топган вилоятнинг ўша вақтдаги ҳокими А.Тошкенбоев ташкилий ишлар бўлими бошлиғи Б.Узоқовни юбориб, Олий Мажлис депутатлигидан номзодимни олдириб, вилоят кенгашига сайланиши лозим бўлган 55 депутатликдан фақатина 10-15 тагина номзодни кўрсатишимни, акс ҳолда ўзига ёмон бўлади, деб айтган. Мен Б.Узоқовга А.Тошкенбоев мен қатнашган сессияларда қатнашиб, сайлов тўғрисидаги қонунни қабул қилган. У кишининг бундай қилишлари қонунга ҳилоф-ку, мен ҳурматли Президентимизнинг "адолатли рақобатга, демократияга энди партияларимиз, жамиятимиз ўрганиши лозим" деганларидан келиб чиқиб, йўлимиздан қайтмайман, дедим. Б.Узоқов "ўзингизга ёмон қилдингиз", деди.

Айтганидек, 27 октябр куни менинг хизмат хонамга Зарбдор тумани "Ватан тараққиёти" партиясининг собиқ раиси мендан тадбиркорлик ишини ривожлантиришда партияга кўмаклашиш учун олган 27 000 000 сўм купон қарзининг бир қисмини қайтаришини "пора олди" деб қамоққа олишди. Эмишки, мен унга Зарбдор туманидан ер олиб беришга пора олган эмишман. Мен эса Республика ҳуқуқ органларига вилоятда давлат ерлари кўплаб сотиладиганига ўзим депутат сифатида комиссия тузиб, хужжатлаштириб, чора кўришни сўраб қилган депутатлик сўровларим ва уларни қонун даражасида чора кўрилиши лозим бўлса-да, ўзимга қарши қонунбузарликларни қилишди.

Ундан ташқари, ўзим чекмасам-да, уйимни тинтув қилишиб, уйдагиларни ошхонага қамаб, касал турмуш ўртоғимгина қолиб, 10 дан ортиқ милиция, прокуратура, хокимлик вакиллари ҳар қайсиси беш хонага тарқалишиб, бири уйдан жанговар патрон, бошқалари наркотик модда- опиум "топишди".

Шундан кейин Республика прокуратурасининг коррупция бўлими бошлиғи Архипов Бахмалдаги тергов изоляторига келиб, "Сиз шошибсиз партия демократиясига. Сизга яхши таклиф қилинган экан, ўйиндан чиқинг, деб. Бу ёғи сизга боғлиқ. Сизни қамадик, орқага қайтиш йўқ, ёрдамимиз сиздаги бор наркотик моддани ва патронни тан оласиз, пора моддасини қўймай, суд залидан наркотик ва патрон учун уч йил шартли қамоқ бериб, озодликка чиқарамиз", -деди. Мен "КГБ органларида пок ва виждонан ишлаб, бир нечта давлат мукофотларига сазовор бўлиб, бир умр КГБ катта офицери ҳарбий кийимида юришга ва қуролли кучлар фахрий ветерани нишонига сазовор бўлиб, Ўзбекистон Олий ва вилоят кенгашларини ва бўладиган Олий Мажлис депутатига «Ватан тараққиёти» партиясидан номзод қилиниб, рўйхатга олинган бўлсам-да, менга бундай фитна ишлатиш инсофдан эмас-ку, мен бундай нопокликдан норози бўлиб, сиёсат қурбони бўладиганим тўғрисида жамоатчиликга билдириб нажот сўрайман",- дедим. У менга "Вы грамотный человек, политик. Зачем с ними не согласились? От Вас жду кардинального решения, а то я Вас должен отправить в г.Ташкент в подвал для обработки", - деди.

Мен унинг таклифига рози бўлмаганимдан МВД подвалининг 13-камерасида қийноқ усулларини қўллашди. Лекин мен уларнинг азобларига чидаб, мажбур бўлишди 19 декабр 1994 йили Тоштурмани 4-подвалига 451-камерага «Бандит» деган рецидивистни чангалига қўйиб беришди. Менга пора эпизодини ҳам қўйишиб, 10 йил қилиб беришди. Биринчи суд процессида иккита пора эпизоди олиб ташланиб, патрон ва иккита хизмат лавозимини суистеъмол моддаси билан 6 йил жаъзо беришганди.

Мен тўрт йил Тоштурманинг зиндонида ва тўрт йил Бекобод турмасида 8 йил берилган жаъзони ўтаб, 2 йили амнистия актига тушган бўлган. Қамоқдан чиқиб келган бўлсам-да, доимо таъқибда бўлиб, менинг адвокатлик фаолиятим ҳуқуқ ходимларига халақит қилиб, яна жиноят ишини сохта уюштиришиб, кенжа ўғлим иккаламизни сохта исботини топмаган айблар билан жазолар беришиб, адвокатлик лицензияларимни бекор қилишган.

Бизда фуқароларни, сиёсий шахсларни қамашлар ортида айнан конкрет шахслар туради. Бу ҳолатни икки марта судланиб, ўз гарданимда ўтказган, кўп йиллар ҳуқуқ идораларидаги, парламентдаги, адвокатликдаги ва ҳаётдаги тажрибага эга инсон сифатида ўз фикримни билдираяпман. Мени матонатимни синдиришимга, режаларимдан қайтиб, МХХ жиноят ишларидаги қонунбузарликларга кўз юмишимга, адвокат сифатида ҳаракатсиз бўлишимга қилинган тазйиқ, таклифлар кор қилмагандан сўнг, айнан бош фарзандим Дадажонни, унинг турмуш ўртоғини ва набирам Ғолибжонларни уюштирилган "пора" операцияси билан Жиззах вилоят МХХ ходимлари Андрей Волков ва шериклари қамоққа олишиб, "Жаранглаган" оилавий пора операциясини (Хали тарихда бўлмаган) Ўзбекистон теливидениясида намойиш қилишиб, лаззатланишди.

Уларни кирдикорларига қонун талабида дунё жамоатчилигига билдириб, ҳаракат қилганимга эса, менга адвокат сифатида кенжа ўғлим, ёрдамчим Бекзод Қобиловларга Ўз.Р.ЖКни 238-моддаси 2-қисми билан МХХ очган жиноят ишини прокуратура тергов қилиб, судя Жўраев Ўткир одил судлов системасига қарши тугалланган жиноятни содир этиб, судлар тўғрисидаги қасамёдни қўпол бузиб адолатсиз суд хукми чиқарган.

Мен мана иккинчи йил адвокатлик лицензиямдан маҳрум бўлиб, инсонларга ўз ёрдамимни кўрсатолмаяпман. Ҳуқуқ ходимлари эса билганларича қонунбузарликларни давом эттиришаяпти. Халқнинг ибораси билан айтганда, "Ҳай дегани ҳожи йўқ, қўрқитгани бўжи йўқ". Аллоҳ инсоф берсин уларга!.

Muhtaram Meli aka Siz ham bir vaqtlar KGB ishlagan keyinchalik esa uzingiz usha hizmat tomonidan tahqirlanibsiz, bir necha davlatlar tajribasidan bilamizki mahfiy hizmatlar halqni dardini uylaydigan odamlarni etishtiradi, bizda aksincha, nima deb uylaysiz SNB ichidan ham yorib chiqib revolyutsiya qilishni hohlaydiganlar bormi, agar bulsa ular qachon va qanday harakatga keladi, oddiy halqni uylab biron ish qilayotgan SNB hodimlari ham bormi aslida, halqqa qanchasi qushila oladi quzg'olon bulsa.

Alibey, Jeneva

Мели Қобилов:Мен беш вақт намоз ўқийдиган, тақводор инсонман. "Гумон иймондан айиради" деган доно ибора бор. Мен МХХ идорасида бирон кун ҳам ишламаганман. Шунинг учун саволингиздаги "қўзғолон бўлса" деган сўзингиз менга ёқмади. Шуни таъкидлайманки, "Қўзғалон" дегани қон тўкилиш, дегани. Ўзбек ҳалқини Аллоҳ асрасин бундай ҳолатдан. Исломда мўмин-мусулмон Аллоҳ берган ўзгани жонига қасд қилиши у ёқда турсин, ҳатто фикридан ўтказиши ҳам гуноҳлиги қайд этилган. Аллоҳ эса ҳар банданинг фикрини билгувчидир.

Muhtaram Meli aka! Qirg'izistonda bo'lib o'tadigan prezidentlik saylovlaridan keyin mamlakat qay ahvolda namoyon bo'lishini ko'rmoqdasiz? Odiljon Maxdumiy, O'sh

Мели Қобилов: Қирғизистонда бўлиб ўтадиган сайловлардан кейин албатта мамлакатларинг ибрат қиладиган демократик, адолатли ва фаровон давлат бўлишини кўришни, миллатлар ўртасида нифоқлардан фориғ бўлиб, ўзаги бир бўлган қирғиз-ўзбек ота-боболаримиз қилиб келган қариндошлик ришталарини узвий боғлашларини кўраман.

Assalomu alaykum! Siz deputat bo'lgan 1991 yilda yuz bergan 7-sessiya haqida nima bilasiz? Rahmat. Sehrzod Abdulla

Мели Қобилов: Шерзоджон, Мен 7-сессия ҳақида кўп нарса биламан. Сизни қайси масала қизиқтиради? Чунки у сессияда кўп масалалар кўрилган.

Ассалому алекум, мен, Киргизистон давлати фукароси эдим, хозирда Россия фукаросиман менга нисбатан Андижон вилоят орган ходимларини иктисодий жиноятлар содир этган деган билан Узбекистон республикаси жиноий кодексни 167 229 моддалари билан халкаро кидирувга беришибди.Буни кандай тушинса булади ва буни кандай килиб одвокат ёллаб йук килиш мумкин? Иззатилло Мамадалиев, Ozgan

Мели Қобилов: Ҳурматли Иззатилло, Сизга таалуқли муаммо бўйича мен аъзо бўлган ва мажлисларида қатнашган Москвадаги Халқаро адвокатлар жамиятига мурожаат этишингиз лозим, деб биламан. Улар Сизга халқаро ваколати бор малакали адвокатларни ҳуқуқий ёрдам беришга тавсия беришлари мумкин.

Международный Союз (Содружество) адвокатов <mcca@mail.ru>. Тел- 628-42-80, 628-34-26

1.Janob Meli Qobilov siz avval KGBda mas'ul lavozimlarda ishlagan ekansiz. Hozirgi MXX va cobiq KGB o'rtasida tafovut bormi? Bor bo'lsa u qanday? 2.Siz ishlagan vaqtingizdayam dindorlar kuzatuv ostida olinganmi? Javobingiz uchun rahmat. Noqulay savol bergan bo'lsam uzr so'rayman. Abdulloh, Toshkent

Мели Қобилов: 1.Мен МХХда бирон кун ишламаганим учун ва МХХ тўғрисида қонун булмагани учун бу саволингизни очиқ қолдираман. Агар қонун бўлганида солиштириб тафовутини ёзган бўлардим.

2. КГБ даврида ҳам қонунни бузувчи диндорлар яъни давлат тизимига ҳилоф харакат қиладиганлар, уни шаъни, обрўсини тўкишга уринганлар, шундай харакатлари пайдо бўлган заҳоти тезкорликда назоратга олиниб, зудлик билан уларни адашиб бу йўлга киргани аниқланса, дархол профилактик тадбир ўтказилиб чекланарди, лекин қамоққа олиб борилмасди. Қамоқ тарбия воситаси ҳисобланмасди. Шундан сўнг қилмиши ғайриқонуний фуқаро жамоатчилик назоратида бўлиб, меҳнат коллективларини қуршовида ва тарбиясида бўлиб, қилмишига чек қўйиб, жамиятда ўз ўрнини топиб кетарди.

Би-би-си: Профилактика чоралари қандай чоралар эди? Батафсилроқ гапириб берасизми?

Мели Қобилов: Масалан, биронтаси билган-билмаган ҳолда давлатга қарши гаплар тарқатади. Биттаси бойлик орттириш мақсадида диний маросимларда шарлатанлик ҳолатларини содир қилади. Шундай ҳолатларда жамоатчилик орқали унга адашганини тушунтириб, қишлоқ советлари орқали ёки шахсий суҳбатларда унинг хатти-ҳаракатининг оқибатлари тушунтирилиб, тан олганидан кейин, пушаймонлик хати олиб, жамоатчилик назоратига қўйганмиз. Улар тўғри йўлга тушиб кетарди.

Би-би-си: Ҳозиргидай ўқ-дори ташлаб қўйиш, қийноққа солиш ҳоллари ҳам бўлганми?

Мели Қобилов: Ундан Аллоҳ асрасин!. Агарда одамларга бирон ўринсиз хатти-ҳаракат қилинса, чора кўриларди. КГБ дегани шунақа тоза, пок идора эдики, унда ҳеч қандай нуқсон бўлиши мумкин эмасди. Инсоннинг қадри ҳамма нарсадан устун эди. Ҳозиргидай қора дори солиб қўйиб, патрон, диний нималар ташлаб қўйиб, унақа нарсалар бўлмаган, бўлиши ҳам мумкин эмасди. Ўша пайтлар республика бўйича йилига 4-5 одам наркотик ёки бошқа каттароқ жиноят билан қамалса, катта нарса бўларди.