Журналист Дилмурод Саййиднинг онаси БМТ Бош котибига мурожаат қилди

Image caption Дилмурод Саййиднинг онаси ўғлининг иши халқаро кузатувчилар назорати остида қайта кўриб чиқилишини талаб қилмоқда.

Ўзбекистонда қамоқдаги журналист ва инсон ҳуқуқлари фаоли Дилмурод Саййиднинг онаси БМТ Бош котиби Пан Ги Мунга мурожаат билан чиққан.

Интернет орқали тарқатилган мурожаатида Ҳамди Толипова ўғлига қарши жиноят ишини халқаро матбуот ҳамда БМТ кузатувчиси иштирокида қайта кўриб чиқишни сўраган.

Ўзининг танқидий мақолалари билан танилган журналист Дилмурод Саййид 2009 йил февралида ҳибсга олинган, Самарқанддаги маҳкама журналистни таъмагирлик, катта миқдорда пора талаб қилишда айбдор деб топиб 12,5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этган эди.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинликлари ташкилотлари Дилмурод Саййиднинг қамалишини қоралаб чиқишган.

Улар Дилмурод Саййид журналистик ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фаолияти учун жазоланганини айтишади.

Би-би-си билан суҳбатда Дилмурод Саййиднинг онаси, 86 яшар Ҳамди Толипова ҳам ўғлининг бегуноҳлигини таъкидлади.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Дилмурод Саййид Ўзбекистоннинг Навоий вилоятидаги 64/36-сонли қамоқхонасида сақланмоқда. Йил бошларида унинг "колония тартибини бузган"лиги айтилиб, жазо карцерига ташлангани ҳақида хабарлар олинганди.

Ҳамкасблари ҳамда яқинлари ўткир сил касалига чалинган журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячисининг тақдиридан хавотир изҳор қилиб келишади.

"Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамиятидан Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, Дилмурод Саййидни бориб кўрган яқинлари унинг аҳволи яхши эмаслигидан хавотир билдирганлар.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Дилмурод Саййид мустақил журналист сифатида коррупция, порахўрлик, мансабни суистеъмол қилиш ҳамда аҳолининг ижтимоий ва иқтисодий шароитларини ўрганган.

Унинг тадқиқий мақолалари эса, маҳаллий нашрларда ҳамда турли хабар агентликлари интернет саҳифаларида чоп этилганди.

"Эзгулик" инсон ҳуқуқлари ташкилоти аъзоси бўлган Дилмурод Саййид 2004 йилдан то қамалгунига қадар деҳқон-фермерлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келганди.

Ўтган йилнинг августида Ўзбекистон Олий суди таниқли журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Дилмурод Саййидга нисбатан чиқарилган 12 ярим йиллик қамоқ жазосини ўзгартиришсиз қолдиришга қарор қилганди.