Ўзбекистон: Бу йил Тошкент Олий ўқув юртлари талабалари ҳам пахтага сафарбар этилишди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ўтган йиллардагидан фарқли равишда бу йил Тошкент шаҳридаги давлат идораси ходимлари ва талабалар ҳам пахта даласига олиб чиқилган.

Шўролар даврида талабаларнинг ўқишдан қолдирилиб, 2-3 ойлаб пахта теримига жалб қилиниши Ўзбекистон мустақил бўлгач қисман қолдирилган ва маҳаллий матбуотнинг Шўролар даврини ёмонотлиқ қилишдаги асосий мавзуларига айланганди.

Мустақиллик ёшлари айнан пахтага жалб қилинмагани учун Тошкентда ўқиш ва яшашни орзу қиладиган даражага етганди.

Аммо ўтган йили айрим олийгоҳлар бошлаб берган пахта териш ташаббуси бу йил Тошкентнинг деярли барча университетларига ёйилди.

Тошкент талабалари оммавий равишда “миллий бойлик”ни териб олиш учун сафарбар қилинди.

Ёшларнинг Тошкент орзусига бу йил путур етгандек бўлди.

Вилоятларда мактаб даврида пахта теримидан чарчаган ўқувчилар пахтаси йўқ Тошкентга ўқишга киришни орзу қилар ва тўлиқ билим олишга интиларди.

Тошкентдаги олийгоҳлардан бирининг талабаси Тошкент вилоятига пахтага чиққан.

“Пахта терими яхши бўлаяпти. Пахта тераяпмиз. Тушгача 20 кило пахта тердик”, - дейди исмини ошкор қилишни истамаган талаба.

Яна бир талабанинг айтишича, далада умуман пахта қолмаган. Эрталабдан тушгача 1 кило пахта терган. Тераётган пахтанинг пули, ҳаттоки, берилаётган овқатнинг ҳам ҳаражатини қопламайди. Лекин тонг саҳардан қоронғу тушгунча пахта даласида юришга мажбур.

“Уч маҳал еган овқатимизнинг пулини стипендиядан қайтариб қолишаркан. Кунлик овқат 2 минг сўмни ташкил қилмоқда”, -дейди у.

Қайта бош кўтарган анъана

Пахтага чиқиш анъанасини ўтган йили Тошкент Тўқимачилик институти бошлаб берган. Бу йил ушбу институтда деярли ҳамма далада.

“Талабаларнинг аксарияти далада пахта тераяпти. Қолган талабаларга қўшимча дарслар қўйилган. Нима учун пахтага олиб чиқилаётганини билмаймиз. Биз буйруқни бажараяпмиз холос”, -дейди тўқимачилик институтидан гўшакни кўтарган ходим.

Бу йил Тошкентнинг донғи кетган Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент Техника университети талабалари ҳам пахта териш учун далага чиқиб кетган.

Техника университетининг фақатгина 1 ва 3 чи курс талабалари ўқиш билан банд.

“Пахтага 2 ва 4 чи курсларни олиб кетди. 3 чи курсларда ҳарбий кафедра бўлгани учун олиб кетмади. Биринчи курслар эса янги бўлгани учун тегинишмаган. Магистратура ва аспирантура ҳаммасини олиб кетишди”, - дейди Тошкент Техника Университети талабаси.

Тошкентлик ҳуқуқ ҳимоячиси Суръат Икромов пахта кампанияси бу йил олдингиларига қараганда анча қаттиқ бўлаётганини таъкидлайди.

“Бу даражада бўлмаганди. Кўплаб давлат идораларида ишлайдиганларнинг ҳам жуда кўпини олиб кетаяпти. Масжидда ишлайдиган домлаларни ҳам пахтага олиб чиқаяпти. Бир хиллар эрталаб олиб чиқилиб, кечқурун олиб келинаётган бўлса, айримларни бир неча кунга олиб кетаяпти. Бу нарса биринчи марта кузатилиши”, - дейди Суръат Икромов.

Ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, пахта ҳосилининг кўп бўлмагани ва совуқ кунларнинг эртароқ тушиши эҳтимоли расмийларни Тошкентдаги талабалар ва ишчиларни далага ҳайдашга мажбур қилган бўлиши мумкин.

Чунки қўшимча ёрдамчилар пахтани тез ва сифатли териб олишда арзон ва самарали куч ҳисобланади.

Расмийлар эса пахтага талабаларнинг нима учун жалб қилингани сабабини очиқламайди. Кўп ҳолларда пахта ким томонидан терилаётгани сир тутилади ёки бундай хабарлар инкор қилинади.

Кузатувчилар мактаб ўқувчилари, талабалар ва ишчиларни асосий вазифасидан қолдириб далага ҳайдаётган Ўзбекистон расмийлари республиканинг халқаро жамоатчилик олдида обрўйини заррача ўйламаслигини айтади.

“Бир марта лавозимли одамдан бўлаётган ишлар Ўзбекистоннинг обрўсига яхши эмас-ку, дея сўрагандим. “Бўлса бўлаверсин, нима қилибди”, дейди.

"Яъни, улар бундан мутлақо чўчиш деган нарсани билишмайди. Гапирса гапираверсин, биз ўзимизнинг ишимизни қиламиз, деб ўйлашади”, - дейди Суръат Икромов.

Ўзбекистон дунёда пахта етиштириш бўйича олтинчи ва экспорт қилиш бўйича иккинчи ўринда туради.

Мустақиллик йилларида ҳукумат пахтани қайта ишлаш соҳасида кенг кўламли ишлар қилгани айтилади.

Аммо уни етиштириш ва йиғиб олишда кўзга кўринарли янги инновациялар жорий қилинмагани танқид қилинади.