Сўнгги янгиланиш 14 октябр 2011 - 17:12 GMT

Ўзбекистонда хоразмлик фермер қамаб қўйилди

Ўзбекистонда фермерларга нисбатан маҳаллий идораларнинг босимлари ҳақида хабарлар янгилик эмас

Ўзбекистонда фермерларга нисбатан маҳаллий идораларнинг босимлари ҳақида хабарлар янгилик эмас

Хоразм вилояти Шовот туманида фермер Қурязова Сафаргул қамаб қўйилган. Бу ҳақда Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи хабар тарқатган.

13 октябр куни кечда Шовот тумани ҳокимиятига чақирилган фермерни фуқаро кийимидаги ҳуқуқ-тартибот ходимлари олиб кетишган.

Ҳозирда унинг Урганч шаҳридаги 6-сонли қамоқхонада сақланаётгани хабар қилинади.

Аммо, Қурязова Сафаргулнинг оила аъзоларига кўра, шу пайтгача у билан учрашиш рухсати берилмаган.

"Учраштирмади ҳам, овқат ҳам, кийим-кечак ҳам олмади", дейди фермернинг турмуш ўртоғи Раҳматилла Нуржонов Би-би-си билан суҳбатда.

Раҳматилла Нуржоновга кўра, ҳозиргача Қурязова Сафаргулнинг аҳволи ва ё нима учун ҳибсга олингани ҳақида ҳам маълумот берилмаган.

'Ҳоким чақирганди, ўша ердан олиб кетишди'

"Соат 12:00лар чамаси ҳокимнинг секретари телефонда алоқага чиқиб айтди: "Сиз билан ҳоким учрашмоқчи, ҳокимиятга соат 19:00лар чамаси келасиз", деб айтди. Ҳокимликка бордик, ҳокимиятга кирмасдан фуқаро кийимидаги уч киши машинага ўтқазиб олиб кетди. Мен машинада эдим, етиб боришга ҳам улгурмадим", дейди Раҳматилла Нуржонов.

Кейин у милиция идорасига излаб боргани ва ўша ердаги навбатчидан суриштирганини айтади.

"У ёқни бу ёқни изладим. Кейин бориб милицияхонага бориб навбатчидан сўрадим. "Ҳа, келди шу ерга", деди", дея қўшимча қилади Раҳматилла Нуржонов.

Ой бошларида Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи Хоразм вилояти Шовот туманидаги "Зубайда-Холида-Азиза" фермер хўжалиги иш юритувчиси, собиқ агроном Сафаргул Қурязова Тошкентдаги Мустақиллик майдонида ўзига ўт қўймоқчи бўлгани хусусида хабар тарқатганди.

Бунга фермерга нисбатан очилган жиноят иши ва туман расмийларининг тазйиқлари сабаб бўлгани айтилган.

Сафаргул Қурязова Ўзбекистон республикаси жиноят кодексининг 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) бўйича маҳкамага тортилган ва маҳкама иши 3 йилдан бери давом этаётган бўлган.

Би-би-сига гапирган Раҳматилла Нуржонов турмуш ўртоғига қўйилган айблов тўқима эканини айтади. Унга кўра, бу можаролар 2009 йилдан бошланган.

"2009 йилдан бошланди. 17 гектар еримиз бор эди. Кичик фермер эдик. 3-4 йил ҳамма шартнома режаларини бажарганмиз. Шуни инобатга олиб, бизга 108 гектар ер ажратилди. 49 йилга ҳокимликнинг қарори билан берилган. Кейин, "белгиланмаган экин эди, ўт бостирди, сувсиз қолган", деб прокурорнинг тақдимотига асосан ҳоким бизга қарши чиқиб, судга бериб, ерни тортиб олмоқчи бўлди-да. Ҳали судда турибди бу", дейди у.

Раҳматилла Нуржоновга кўра, 2 ҳафта бурун "судда ажрим чиқарилгани" хабар қилинган, аммо тафсилотлари маълум қилинмаган.

Ўзбекистонда фермерларга нисбатан маҳаллий идораларнинг босимлари ҳақида хабарлар янгилик эмас.

Ўтган ой Сурхондарё вилояти Музработ туманида ўз жонига қасд қилган фермер Исмоил Тўраназаровнинг дафн маросими бўлиб ўтган.

Унинг ўлими юзасидан жиноий иш қўзғатилган хабар қилинган эди.

Маҳалладошлари ва музработлик бошқа фермерларнинг айтишларича, ўлимидан олдин Музработда ўтказилган пахта йиғим-теримига бағишланган мажлисда 50 ёшли Исмоил Тўраназаровни кунлик пахта топшириш режасини бажармагани учун Сурхондарё вилоят ҳокими таҳқирлаган ва у бир кеча мобайнида ҳибсга олинган.

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.