Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

'Холжигитов қўйиб юборилгани тўла 'озодлик'ни англатмайди'

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Норбой Холжигитов қамоқдан қўйиб юборилгани "у тўла озод бўлганини англатмайди".

Норбой Холжигитовнинг сафдошларига кўра, у "шартли равишда озод қилинган".

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари Жамиятининг Иштихон тумани бўлими раиси Норбой Холжигитов 14 октябр куни қамоқдан қўйиб юборилган.

Охирги вақтларда ҳуқуқ фаоли Қарши шаҳридаги қамоқхонда сақланган. Норбой Холжигитовни бориб кўрган яқинлари унинг соғлиги ёмонлашганидан хавотир билдиришганди.

Жиззахлик инсон ҳуқуқлари фаоли Бахтиёр Ҳамроев Холжигитов қамоқдан қўйиб юборилганидан сўнг гаплашишга муваффақ бўлган.

"Дўстимиз, сафдошимиз озод қилингани ҳақида хабар келди. Биз бундан жуда хурсандмиз. Мен у билан қисқагина бўлса ҳам, гаплашишга муваффақ бўлдим. Биринчи соғлиғини сўрадим. Соғлиғи ўша аҳвол, ўша аҳвол. Қандли диабетнинг таъсири боис оёғининг тиззасидан пасти деярли ҳеч нарсани сезмайди. Ҳозирча шуни айтиб берди", дейди Бахтиёр Ҳамроев.

Холжигитов 2005 йили товламачилик, конституцион тузумга таҳдид ва президент жонига суиқасд қилишга уриниш айбловлари билан ҳибсга олиниб, 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.

У, бошқа сиёсий маҳбуслар сингари, маҳбуслар амнистиясидан истисно қилиб келинганди.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бир неча йилдан бери Ўзбекистон ҳукуматига Норбой Холжигитовни озод қилиш бўйича босим кўрсатиб келаётганди.

Унинг нима учун айнан ҳозир қўйиб юборилгани юзасидан расман тушунтириш берилмаган.

"Норбой Холжигитовнинг озод этилиши бўйича иккита тахминимиз бор. Бу Норбой Холжигитовнинг соғлиғи борган сари ёмонлашаётгани, иккинчидан, халқаро ташкилотлар томонидан жуда кўплаб талабларнинг ҳам таъсири бўлди. Учинчидан, ҳеч кимга сир эмас, Америка ҳукумати билан Ўзбекистон ўртасида илиқлик кучайиб боряпти, ўзаро муносабатлар яхшиланиб боряпти, шундан келиб чиққан ҳолда, келишув асосида озод қилинган, деган тахмин ҳам бор", дейди Жиззахлик инсон ҳуқуқлари фаоли Бахтиёр Ҳамроев.

Халқаро ташкилотларга кўра, ўзбекистон қамоқхоналарида сақланаётган мухолифат ва ҳуқуқ фаоллари баъзида авф этилиб, озодликка чиқарилаётган эса-да, уларга чиқарилган ҳукм ҳозирга қадар бекор қилинмаган ва ҳукумат ҳам ашаддий танқидчиларига қарши кампаниясини бўшаштирмаган.