Жаҳон бўйлаб молия тизимига қарши намойишлар Ўзбекистонда қандай акс садо топмоқда?

Фото муаллифлик ҳуқуқи REUTERS TV
Image caption Молия тизими ва ҳукумат сиёсатига қарши намойишлар АҚШнинг Ню Йорк шаҳрида бир мунча муддатдан бери давом этиб келмоқда.

Бундан бир ой олдин Ню Йоркда бошланган “Уолд стритни ишғол қил” норозилик акцияси иштрокчилари дунёнинг мингга яқин шаҳрида ўз қўлловчиларини топди.

100 минглаб оломон ҳукумат сиёсати ва молиявий тизимларнинг фаолиятидан норозиликларини қаердадир тартибсизликлар ва қаердадир тинч йўллар билан билдирди.

Ўзбекистонда ушбу янгиликлар одатда ёритилмайди.

Би-би-си минтақанинг ёпиқ ва қаттиққўл ушбу давлатида одамларнинг норозилик чиқишларига муносабатини ўрганди.

Суҳбатдошларнинг аксарияти кўчага чиқиш муаммога ечим бўлмаслигини таъкидладилар.

Чет элларда бўлаётган табиий офатлар, очлик ва ҳалокатлар ҳақида тинмай хабар берувчи Ўзбекистон телеканалларининг янгиликлар дастурлари мингга яқин шаҳарларни қамраб олган норозилик акцияларига ҳозирча эътибор қаратмади.

Суҳбатдошларимизнинг аксари ойнаи жаҳон орқали ушбу янгиликни кўрсатмаганини таъкидлади.

Тошкентлик коллеж талабаси, деб таништирган Жавоҳир бирор нарсадан норози бўлиб кўчага чиқишларни қоралайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи
Image caption Ўтган ҳафтадан бери Лондонда намойишчилар Сейнт Паулс черкови ўнгидаги майдонни эгаллаб олдилар.

“Борига барака қилиб, ҳамма нарсага ўз меҳнати билан эришиш керак. Камбағал одамнинг шундай бўлишига унинг ўзи сабабчи. Чунки ҳамма ўзининг меҳнати билан шу нарсага эришаяпти. Мен норозиликка қаршиман ва норозилик бўлишини истамайман. Ҳар доим тинчлик бўлсин”, - дейди Жавоҳир.

Жавоҳирнинг курсдоши Шаҳзод ҳам норозилик орқали муаммони ечиб бўлмаслигини айтади.

“Кўчага чиқиш ечимга олиб келмайди. Барибир бир кун келиб ўзига зарар бўлиб чиқади. Агар фойдаси бўлганда ўтказса бўларди. Ўзига ҳам, жамиятга ҳам фойда олиб келмайди”, - дейди Шоҳруҳ.

Коллеж талабаларига кўра, адолатсизликка қарши одамлар ўз фикрини кўчага чиқиб изҳор қилиши керак эмас, балки тегишли органларга мурожаат қилиб муаммога ечим излаш лозим.

Навоий тоғ металлургия комбинатида муҳандис бўлиб ишловчи Анвар ҳам муаммони норозилик орқали кўчага чиқиб эмас, тегишли органларга мурожаат қилиш орқали ҳал қилиш керак деган фикрда. Агар тегишли органлар адолатсизлик қилаётган бўлса, тизимни ўзгартириш керак дейди у.

“Бунинг ечими тизимни ўзгартириш керак бўлади. Тинч йўл билан ўзгартириш керак. Намойиш ёки акциялар орқали ўзгартириш керак эмас”, деган фикрда Навоийлик Анвар.

Тошкентлик уй бекаси норозиликни чиқиб айтиш керак деган фикрни қўллайди.

“Чиқиб айтиш керак, гапириш керак”, - дейди у.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Римдаги намойишлар полиция билан тўқнашувларга олиб келди.

Бухородаги бир корхонада таъминотчи бўлиб ишловчи Аваз акага кўра, намойишлар қайси давлатда бўлаётганига кўп нарса боғлиқ. Айрим давлатларда бундай чиқишлар орқали муаммо ечилади, баъзи давлатларда эса акс таъсир беради.

“Намойишлар қайсидир маънода тўғридир, айрим муаммоларни шу тарзда ҳал қилиш мумкиндир. Лекин буни қайсидир давлатда қилиш мумкин, қайсидир давлатда йўқ. Айрим мамлакатларда ушбу намойишлар оддий қабул қилинса, баъзи давлатларда жиноятчига айланиб қолишингиз мумкин”, - дейди Аваз ака.

Аваз акага кўра, адолатсизликни кўрган одам жим туриши керак эмас. Ушбу муаммодан чиқиб кетиш йўлини излаши керак.

“Муаммони ичига ютгани маъқул эмас. Чунки ҳақиқий ўзига ишонган инсон ушбу муаммодан чиқиб кетиш йўлини излагани яхши. Мен яшаб турган давлатда бу нарса қийин. Муаммодан чиқиб кетиш йўли намойиш ўтказиш орқали бўлмайди. Ўзимнинг ҳам бошимга кўп муаммолар тушган ва ақл билан чиқиб кетишга ҳаракат қилганман. Бизнинг давлатда муаммодан чиқишнинг йўли бу пул. Баъзида муаммога ечим тополмай, қийин аҳволга ҳам тушиб қолганман,” – дейди бухоролик Аваз ака.

Би-би-си қўнғироқ қилган яна 10 чоғли одам ушбу ҳодиса ҳақида бирорта ҳам фикр билдира олмаслигини ва ўзлари яшаб турган жойда ҳаммаси тинч эканлигини ва бу улар учун энг катта бахт эканлигини билдиришди.