Ўзбекистонликларнинг Муаммар Қаддофий шахсига муносабатлари

Муаммар Қаддофий Фото муаллифлик ҳуқуқи Other
Image caption Муаммар Қаддофий шахсига муносабатлар турлича

Дунёнинг нефтга бой давлатларидан бўлмиш Ливияда 42 йил ҳукмронлик қилган Муаммар Қаддофийнинг ўлими жаҳон бўйлаб турлича акс-садо бермоқда.

Сиёсатшунослар томонидан мураккаб шахс дея баҳоланувчи Қаддофий ҳаёти ҳақида фикрлар турфа хил.

Дунё сиёсатга бефарқ бўлмаган ўзбекистонликлар Қаддофий масаласида икки қутбга бўлинган.

Айримлар уни қилмишига яраша ҳақли равишда ўлим топган золим диктатор дея таърифласа, иккинчи томон Қаддофий мисолида табиий бойлик учун қурбон бўлган ўз халқининг қаҳрамони адолатсиз ўлим топди.

Қудратга келган илк йилларида буткул хорижлик компанияларнинг қўлида бўлган нефт конларини давлат ихтиёрига қайтарган ва оқибатда қисқа муддатда дунёнинг фаровон давлатига айланган Ливия мувафаққиятлари айнан Қаддофий номи билан боғланади.

Аммо, режим ҳақида ўзгача фикрловчи исталган шахс узоқ йиллик қамоқ жазосидан тортиб ўлимга буюрилиши ва ҳатто чет эллардаги ўзгача фикрли ливияликларнинг сирли ўлимлари Қаддофийни золим ҳукмдор бўлганига сабаб қилиб кўрсатилади.

Тошкентлик тадбиркор тингловчимизга кўра зулм билан олиб борилган сиёсатнинг охири мана шундай якун топади.

"Менинг фикрим зулм билан олиб борилган сиёсат натижаси охирида мана шундай хотима билан якунланишга сабаб бўлди".

Исми ўзгартирилган ўзбекистонлик яна бир зиёли Зокирга кўра, Қаддофий олган жазо адолатлидир.

"Албатта Қаддофий қилмишига кўра жазо олди. Берилган муддатдан унумли фойдалана олмаганининг акс садоси бу", - дейди Зокир.

Зокирнинг фикрича, 42 йил тахтда зўровонлик билан қолиш бу жуда кўп, ҳукмдор одам учун 20 йил бирон нарса қилиш учун етарли муддат ва ундан ортгач, ўрнини бошқа бировга бўшатиб бериш керак.

- 20 йил давомида қила олдими қила олди. Демак, четга туриб янги ўсиб келган авлодга йўлни бўшатиб бериб, ўзи улгира олмаган ва кучи етмаган нарсаларни эслатиб туриб, маслаҳатчи бўлиб, ўша давлатида ҳурматини ва эътиборини жойига қўйиб халқи билан биргаликда қисматдош бўлиб юриши керак эди, - дейди Зокир.

Тошкентлик Асрор Қаддофийнинг маҳкамасиз ўлдирилганини қоралайди.

"Тўғриси, Қаддофийнинг фаолияти ва нима ишлар қилганини билмайман. Фикримча, одам қанчалик ёмон бўлишидан қатъий назар суд, қонун қоида деган нарсалар бор. Уни суд қилиб ундан кейин жазо бериш керак эди", - дейди Асрор.

Суҳбатдошларимизнинг ҳаммаси ҳам Қаддофий золим диктатор бўлгани учун ўлдирилди деган фикрни қўллаб-қувватламайди. Жиззахлик Дилшодга кўра, Қаддофий ўлими ортида сиёсий ўйинлар туради.

-Америка ва Европа етакчилари ресурсга бой давлатларда авторитар режимларни, геополитик сиёсатни яратаяпти ва ўз манфаати йўлида битта битта йўқ қилиб ўша ердаги ресурсларга эга бўлаяпти, - дейди Дилшод

Англияда ўқиётган ўзбекистонлик талаба Фарҳодбек ҳам Қаддофий табиий заҳиралар учун курашнинг қурбони бўлди деган фикрда. Унга кўра, Оврўпанинг биқинида жойлашган Ливия осон қазиб олинувчи ва ўта сифатли нефт ва газга бой давлат эди. Бошқа давлатлардан фарқли равишда полковник Қаддофий ушбу нефтни тўла миллийлаштирган ва ундан тушган маблағни давлатни юксалтиришга сарфлаган.

-Ливиядаги можаро илк бошланган кундаги фактларга қаранг. Мисол учун Туркия 25 минг ишчисини олиб чиқди, Европа кемалар жўнатиб ишчиларини олиб чиқди, Хитой 30 мингга яқин ўз ишчиларини олиб чиқди. Бу рақамлар Ливияда иқтисодий аҳвол ёмон эмаслигини ва аксинча яхши бўлиб ҳаттоки хориждан ишчилар ёллаб ишлатишини билдирувчи бир кўрсатгич, - дейди Фарҳодбек.

Унга кўра, Қаддофий парчаланиб, мустамлакачилик асоратларини ҳали ҳам бошдан кечираётган бир давлатни қабул қилиб олиб, уни замонавий ва Африканинг энг барқарор давлатига айлантира олган раҳбар эди.

Тошкентлик тадбиркор тингловчимиз Ливиядаги халқнинг фаровон яшаганлиги ҳақидаги гапларга ишонмаслигини айтади.

-Бу фикрларга қўшилмайман, чунки Муаммар Қаддофийнинг оқилона сиёсати халқчил бўлганда эди, халқ норозилиги бунчалик кучайиб кетмаган бўларди, - дейди тошкентлик тадбиркор.

Хориждаги талаба Фарҳодбекнинг айтишича, агар ҳаводан муттасил НАТО кучларининг бомбардимонлари бўлмаганида, исёнчи кучлар Қаддофийни тахтдан тушира олмас эди. Қаддофийнинг халқ томонидан ҳурматга сазовор даҳо бўлгани унинг шундай фикрга келишга сабаб бўлган.

-Ливияда бўлган можароларда шунга аминманки, инқилоб мамлакатга тинчлик олиб келмайди. Ливия халқи ҳали Қаддофий даврида эришган мувафаққиятларни соғиниб яшайди.Бундан кейинги бўладиган ҳукумат талашишлар, ўзаро қабилавий жанглар ва мансаб талашиш учун бўладиган ҳудудий жанглар Ливияни янада парокандаликка етаклайди ва яхлит давлат сифатида қолишига шубҳа уйғотади. Ва шунинг учун ҳам Ливия ҳалқи Қаддофий даврини соғиниб яшашади деб ўйлайман, - дейди хорижлик талаба Фарҳодбек.