Ҳиллари Клинтон Ўзбекистонга сафар қилиш қарорини ҳимоя қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Қўшма Штатлар Давлат котибаси Ҳиллари Клинтон Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов билан учрашиш режасини ҳимоя қилган.

Унга кўра, АҚШнинг мазкур авторитар тузум билан алоқалари инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳволни яхшилашга ёрдам бериши мумкин.

Ҳиллари Клинтон бу ҳақда қўшни Тожикистонда сафари чоғи гапирган. Клинтон бугуннинг ўзида Тошкентга учиши кутилмоқда.

"Агар сиз мулоқот қилмас экансиз, таъсирингиз бўлмайди ва бу бўшлиқни инсон ҳуқуқлари юзасидан қайғурмайдиган бошқа давлатлар тўлдиришади", деб айтган АҚШ Давлат котибаси.

Унга кўра, АҚШ сиёсати мувозанат доирасида олиб борилмоқда: "Биз ўз сўзимизни айтишга ва мамлакат ичкарисидаги одамларга ташқарида уларнинг бошларидан нималар ўтаётганига қизиқадиган ва улар учун ўзгаришларни тарғиб қиладиганлар борлигини билдиришга уринамиз".

"Биз зудлик билан ўзгариш бўлишига ваъда беролмаймиз...биласиз, бу каби кўплаб вазиятларда ўзгариш вақт ва ҳаракат билан бўлади", дейди Клинтон хоним. Америка Давлат котиби бундан олдин Афғонистон, Покистонга борган. Энди эса, Марказий Осиёнинг Афғонистонга қўшни икки давлати Тожикистон ва Ўзбекистонга сафар қилмоқда.

Бундан кўзланган мақсад Афғонистондаги ҳарбий амалиётлар, қайта қуришни дастаклаш ва Вашинтоннинг Афғонистондан қўшинларни чиқаришга доир режасини амалга оширишга кўмак илинжи билан изоҳланади.

Иккала давлат ҳам Американинг террорга қарши уруши бошланган йиллари "ёрдамчи" бўлишган.

Ўзбекистон Андижон қирғинидан кейин Америка ҳарбий базасини ҳайдаб солган бўлса ҳам, сиёсий хотира манфаатларга боғлиқ бўлади эмасми, бугун Клинтон хоним юзлаб инсон ҳуқуқлари фаоллари ва минглаб оддий одамлар кўрмаётган "инсон ҳуқуқларида ижобий ўзгаришларни" кўрганини айтди.

Қўшни Тожикистон билан ҳам Американинг олди-бердиси Афғонистон билан боғлиқ бўлганига шубҳа қилинмайди.

'Стонлар' ва 'беки'

Яқинда АҚШ президентлигига республикачилардан номзодлик учун уринаётган Ҳерман Кейн CBN каналининг Ўзбекистон президенти ким, деган саволига:

"Мендан Убеки-беки-беки-беки-стан-стан президенти ким деб сўрашса, мен: "Билмайман. Сизчи, биласизми", деб сўрайман", дея жавоб берганди.

Кейн жаноблари Марказий Осиёдаги давлатларга ишора қиларкан, "станлар", "кичик ва аҳамиятсиз" дегандек ишора қилганди.

Аммо, Ҳиллари Клинтоннинг сафари бунинг акси эканини намойиш этмоқда. Клинтон хоним бир йил ичида иккинчи бор Марказий Осиёга сафар қилмоқда.

2010 йилнинг декабрида Қозоғистондаги Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти йиғинида иштирок этган АҚШ Давлат котибаси Қирғизистон ва Ўзбекистонга йўл олганди.

Бу эса, Барак Обама маъмуриятининг минтақадаги манфаатлари нақадар муҳимлигини урғулайди.

АҚШ Покистон ҳукуматига ишончини йўқотган бир пайтда, Афғонистондан қурол-яроқлари ва қўшинларни шимолий йўл, яъни Тожикистон ва ё Ўзбекистон орқали олиб чиқиши мумкин.

Аммо, қатор халқаро ташкилотлар инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни Ўзбекистону Тожикистон билан стратегик ҳамкорлик соясида қолдирмасликка чақиришган.

Куни кеча қароргоҳи Ню Йоркда жойлашган Ҳюман Райтс Уотч Клинтон хоним Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов билан музокараларда нотўғри ҳибсга олинган ҳуқуқ фаолларини қўйиб юбориш, фуқаровий жамиятлар эркин фаолият юритишига изн бериш, ҳибсхоналардаги қийноқ ҳолларига чек қўйиш ва болалар меҳнатидан фойдаланишни тўхтатиш талабларини қўйиши кераклигини айтганди.