Испаниянинг донгдор ‘Реал’ (Мадрид)и Ўзбекистонда ҳам ўз футбол академиясини очмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ўзбекистон Футбол федерацияси тарқатган хабарларга кўра, Испаниянинг “Реал”(Мадрид) жамоаси ҳайъати пойтахт Тошкентда ўз футбол мактабини очиш лойиҳаси бўйича музокаралар олиб бориш мақсадида бугун – 22 октябр куни Ўзбекистонга сафарини бошлайди.

Ҳайъат таркибида “Реал”(Мадрид) жамғармаси Васийлик кенгаши раиси Карлос Эскудеро ва унинг ёрдамчиси Антонио Санчес Леон ҳам борлиги айтилмоқда.

Расмий хабарлардан аён бўлишича, испаниялик ҳайъатнинг ташрифи Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова Васийлик кенгаши раиси бўлган Фонд Форум ва Ўзбекистон Футбол федерацияси томонидан ташкил этилмоқда.

Гулнора Каримованинг ўзи қарийб икки йилдирки, Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчиси ҳисобланади.

Айни ўринда шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, Фонд Форум 2009 йилда ўша пайтда Испаниянинг “Барселона” клубида тўп сурган юлдуз футболчи Самуэл Это’O ва “Реал”(Мадрид)нинг суянган тоғи Криштиану Рональдоларни Тошкентга таклиф этиб, улар билан ҳамкорликка оид меморандумлар имзолашга ҳам муваффақ бўлганини маълум қилганди.

Жамғарма буни Ўзбекистондаги ёш спортчиларнинг маҳоратларини ошириш мақсадида қилганини айтганди.

Ундан аввалроқ эса, Карлес Пуйол, Андрес Иньеста, Францеск Фабрегас ва Лионел Месси каби жаҳон ва Испания футболи юлдузлари ҳам Ўзбекистонга келиб, маҳорат дарслари ўтказиб кетишгани хабар берилганди.

Футбол бозорида миллионлаб долларга баҳоланувчи жаҳон футболи юлдузлари билан боғлиқ Ўзбекистондаги шов-шувли хабарлар эса, маҳаллий футбол ишқибозлари ва жамоатчилиги томонидан бир хилда қарши олинмайди.

Улар масаланинг айнан молиявий томонини назарда тутиб, бу каби келишувлар осонлик билан қўлга киритилмаслигини урғулашади.

"Энг зўр клуб"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

“Реал Мадрид” жамғармаси нуфузли халқаро ташкилотлардан бири бўлиб, ФИФА 20-асрнинг энг зўр клуби деб топган “Реал” ( Мадрид) жамоаси қошида ташкил этилган.

Клуб рекорд сонда, яъни 31 маротаба Испания чемпиони, энг кўп Чемпионлар чемпиони бўлган жамоа ҳам саналади.

Жамоа сафларида Криштиану Рональдо, Кака, Месут Озил, Карим Бензема ва яна кўплаб дунё футболи қаймоғи бўлган сара футболчилар ҳам тўп суришади.

Устига устак, “Реал”(Мадрид) дунёдаги чўнтаги энг бақувват клуб ҳам саналади.

Шу йилнинг феврал ойида Delloitte консалтинг ширкати олтинчи бор Мадриднинг "Реал"ини дунёнинг энг бадавлат клуби, деб топганди.

Ўзбекистон футбол доираларига кўра, футбол мактабининг қачон иш бошлаши, қанча болага мўлжаллангани, қай тариқа фаолият юритиши ва ким томонидан молияланиши испаниялик ҳайъат иштирокида келаси ҳафта Ўзбекистон Футбол федерациясида бўлиб ўтажак матбуот анжумани ортидан аён бўлади.

Айрим маълумотларда “Реал” (Мадрид) ўтган икки ой ичида дунёнинг олти давлати – Италия, Португалия, Танзания, Шарқий Тимор, Гондурас ва Марокашда ўз футбол академияларини очишга муваффақ бўлгани айтилади.

Янги имкониятлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Дунёнинг манаман, деган клуби томонидан Ўзбекистонда янги футбол академиясининг очилиши ўзбекистонлик футбол мулозимлари ва мутахассислар томонидан хуш қаршиланмоқда.

Дастлабки мўлжалларга кўра, у Ўзбекистон Футбол Федерацияси қошида очилади.

UzDaily.com веб саҳифаси келтирган иқтибосида федерация президенти Мираброр Усмонов ҳам “Реал” айнан дунёдаги энг зўр клублардан бири экани боис, улар Тошкентда ташкил этажак футбол мактаби ёш авлод учун янги имкониятлар эшигини очишини айтган.

Ўзбекистонлик афсонавий футболчи Биродар Абдураимов ҳам янги академиянинг очилиши Ўзбек футболининг ривожланишига катта ҳисса қўшишини таъкидлайди.

"Агар "Реал"(Мадрид) Ўзбекистонда ўз футбол академиясини очадиган бўлса, ўзимизни ниҳоятда бахтли ҳис этардик. Нега деганда, улар кўп нарсаларни ўргатиши мумкин. Болаларнинг интилиши яхши бўлади", дейди у.

Ўзбекистонлик фахрий футбол шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаев эса, Испания ҳозирги кунда Жаҳон чемпиони экани, ҳам ўсмирлар, ҳам ёшлар ва ҳам катталар футболи борасида дунё миқёсида тан олинган мамлакат эканига эътибор қаратади.

Унга кўра, "Шунинг учун ҳам, Испания ҳамма мамлакатлар учун ўзига яраша ўрнак бўлиши керак"

Аён бўлишича, испаниялик ҳайъат ўзининг Ўзбекистонга уч кунлик сафари давомида ArtWeekStyle.uz-2011 доирасидаги маданий тадбирларда иштирок этади, қатор спорт муассасалари ва иншоотларига ҳам ташриф буюради.