Ўзбекистонлик меҳнат муҳожири Қозоғистон ҳибсхонасида қолади

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Қозоғистоннинг Ўрол шаҳрида ҳибсга олинган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири Собир Носиров яна 5 ой ҳибсхонада сақланади.

Унинг укаси томонидан БМТнинг Қийноқлар қарши қўмитасига ёзган ариза асосида Қозоғистон Бош прокуратураси шундай қарор чиқарган.

Ўзбекистонда Акромийлар оқимида аъзоликда ва яна бир неча оғир жиноятларни содир этганликда айбланиб қидирувга берилган Собир Носировнинг яқинлари унинг айбсиз эканлигини таъкидлашади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича бюронинг Ғарбий Қозоғистондаги филиали директори Павел Кочетков бошчилигида БМТнинг қийноқларга қарши қўмитасига Носиров иши бўйича 28 та ҳужжат йўлланган ва Қозоғистон ҳукумати қийноқлар мунтазам қўлланади деб топилган Ўзбекистонга Носировни экстрадиция қилиш халқаро қонун меъёрларига тўғри келмаслиги айтилган.

- Бундай ҳолатда икки давлатга ҳам қарши иш кўриб чиқилади. Айбланувчини ушлаб турган ва уни сўраган давлатлардаги аҳвол ўрганилади, - дейди Павел Кочетков.

БМТнинг қийноқларга қарши қўмитаси томонидан юборилган хатда Носировнинг аризаси ушбу қўмитада кўриб чиқилмагунча Қозоғистон ҳукуматидан Ўзбекистонга экстрадиция қилмай туришлик сўралган.

Фарғона шаҳри прокуратураси томонидан Собир Носировга Ички ишлар ходимларига ҳужум қилиш, қурол тортиб олиш, террористик ҳаракатларда иштирок этиш ва тайёргарлик кўриш каби айбловлар қўйилган ва 2006 йил феврал ойида давлатлараро қидирувга берилган.

Жумладан, Собир Носиров 12-13 май куни Андижон воқеаларида бевосита иштирок этмаган бўлса-да, Ўзбекистонда тақиқланган "Акромийлар" диний экстремистик ташкилотда фаол иштирок этгани, ишлаб турган корхонасидан оладиган маошнинг 1/5 қисмини ушбу ташкилот жамғармасига ўтказганлиги айтилади.

Собир Носировнинг укаси Абдулло ушбу айбловлар ёлғонлигини ва уларнинг қўлида 2007 йил декабр ойида Қўқон шаҳар ички ишлар бошқармаси томонидан қидирувда эмаслиги ҳақида маълумотнома борлигини айтади.

Акасига қўйилган "Акромийлар" оқимига пул ўтказиш ҳам ҳақиқатдан йироқлигини айтади.

"Прокуратура қидирув қоғозида акам қанақадир Узконтех деган фирмада ишлаб пулларининг 1/5 тўлаб юрган экан. Акам Узконтехда ишламаган. Якка тадбиркорлик билан шуғулланган одам бошқа жойда ишлолмайди. Акам ўша вақтларда хусусий тадбиркорлик қилган. Уйда ўзимиз ака-укалар стол-стул чиқарганмиз," - дейди Абдулло.

Собир Носировнинг ҳибсга олинганига 3 ойдан ошган бўлса-да, ҳуқуқ ҳимоячиси Павел Кочетков Ўзбекистондан экстрадиция бўйича қўшимча ҳужжат келмаганини айтди.

Фарғона вилоят прокуратураси экстрация масалари билан шуғулланувчи ва ўзини Аҳмаджон ака деб таништирган ходим Носиров иши бўйича Фарғона шаҳрига борсак ёки ёзма мурожаат қилсак батафсил жавоб беришини айтди.

Аҳмаджон акага кўра, экстрадиция масаласи бўйича ишлар қонунда кўрсатилгандек кетаётган бўлиши керак.

"Тегишли тартибда қонуний кўриб чиқилади. Қозоғистоннинг сўровига биз ҳам сўров билан жавоб берган бўлишимиз мумкин. Менимча экстрадицион жараёни кетаяпти. Ҳужжатларда бирор англашмовчилик бўлса юқори идоралар орқали тегишли тартибда ҳал бўлади",- дейди Аҳмаджон ака.

Ўзбекистонлик Собир Носиров 2006 йилдан бери Россияда қурилиш объектларида қонунинй равишда ишлаб юрган. Шу йилнинг 23 июль куни миграцион ҳужжатининг муддати битгач, уни янгилаш мақсадида Қозоғистон ҳудудига ўтганда чегарачилар томонидан қўлга олинади.