'Қотилнинг иқрори ' ҳақиқатми ё уйдирма?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption 'Ferghana.ru' хабар агентлиги вебсаҳифасида ашр этилган видеотасмада Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳбусларни қийноққа тутиш билан шуғулланган "ёлланма агент"нинг иқрори тақдим этилган.

'Ferghana.ru' хабар агентлиги вебсаҳифасида Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳбусларни қийноққа тутиш билан шуғулланган "ёлланма агент"нинг иқрори, дея тақдим этилган видеотасма атрофида турли фикрлар билдирилмоқда.

Ушбу видеотасмада ўзини Александр Раҳмонов, дея таништирган шахс Ўзбекистон қамоқхонлари ва тергов изоляторларида иқрор ва маълумотга эришиш йўлида маҳбусларни қийноққа солиш учун махсус ёлланганлигини ҳикоя қилади.

Александар Раҳмоновнинг даъво қилишича, асосан диний ва сиёсий айбловлар билан ҳибсга олинганларни қийноққа тутиш ва ҳаттоки ўлдириш учун махсус хизматлар томонидан ёлланиб йиллар мобайнида турли қамоқхоналар камераларида "фаолият" юргизган.

Биз 'Ferghana.ru' хабар агентлиги асосчиси ва бош муҳаррири Даниил Кислов билан боғланиб ушбу видеотасманинг унинг қўлига келиб тушиш тарихи ва ҳақиқийлиги борасида суҳбатлашдик.

Даниил Кислов: Видеодаги бу одам Ўзбекистондаги қамоқлар ва тергов изоляторларида маҳбусларни қийноққа солиш учун махсус гуруҳга эга бўлганлигини ҳикоя қилади. У бу гуруҳи билан бирга қамоқхоналардаги асосан диний айбловлар билан ҳибсга олганлардан иқрор ва маълумотга эришиш учун уларни қандай қийноққа тутганлари ҳақида айтиб берган. Бу видео Ўзбекистон қамоқхонларида , дея айтилган қийноқларнинг, расмийларнинг раддияларига қарамай, мавжуд эканлигининг далилидир. Бу шахснинг оҳанги, ишлатаётган иборалари ва умуман ўзини тутишидан биз унинг ҳақиқатни айтаётганлигига 95 фоиз ишонч ҳосил қилдик. Бу қотилнинг иқрорига тенг нарса ва шунинг учун ҳам биз бу материалга "Қотил иқрорномаси", дея сарлавҳа бердик. Биз бу видеотасмани нима қилиш ҳақида кўп бош қотирдик, бир йилдан ортиқ, лекин охир оқибат нашр қилиш керак, деган хулосага келдик.

Би-би-си: Бу видеотасма сизнинг қўлингизга қандай қилиб тушган?

Даниил Кислов: Аслида Александр Раҳмонов исмли бу шахс бу интервюни 2005 йили декабр ойида Қозоғистонлик журналистларга берган. Бу интервюнинг бир қисми ўшанда "Мегаполис" газетасида нашр этилганди ҳам. Лекин ўшанда катта шов-шувга сабаб бўлмаган, чунки бу газета кичик бир минтақавий миқёсда чиқадиган нашрдир. Кейинчалик ҳамкасбларимиз биз билан бу видеони ўртоқлашишди, биз нима қилиш ҳақида бош қотира бошладик. Аввал матнга кўчириб, босайликми, деб ўйладик. Кейин ўша шахсни ўзини излаб топишга ҳаракат қилдик. Лекин мен ошкор айта олмайдиган манбалар орқали унинг ўлдирилгани ҳақида хабар топдик. Охир оқибат қўлимиздаги маълумотни қандай бўлса ўшандайлигича нашр қилишга қарор бердик. Чунки бу видеодаги иқрорнинг ўзи ҳамма нарсани муфассал ёритиб берган.

Би-би-си: Ҳеч бўлмаса унинг ўлими ҳақидаги маълумот тасдиқланганми?

Даниил Кислов: Буни ҳам тўлиқ тасдиқланган, деб айтиш қийин. Чунки қўлимизда буни тасдиқловчи ҳужжатлар йўқ. Лекин ўта ишончли тахмин бор. Бундан ташқари унинг Қозоғистондан Ўзбекистонга қайтишидан сал ўтмай ўлдирилгани, ёки таъбир жоиз бўлса "манба сифатида йўқотилгани" ҳақида маълумотимиз бор. У Ўзбекистонга оммага ошкор қилмоқчи бўлган ҳужжатларни олиш учун борган, аммо собиқан уни "ишга ёллаганлар" томонидан ўлдирилган.

Би-би-си: Бу шахс айтаётган ҳодисалар Ўзбекистон қамоқхоналарида рўй бериши ҳақида жуда кўп гапирилади, лекин тасдиқлаш қийин. У мана шу каби гап-сўзларни эшитиб, мужассамлаб шунчаки гапириб берган бўлиши мумкинми?

Даниил Кислов: Биласизми бунинг ҳам эҳтимоли бор. Бу ерда биз кўплаб эҳтимолларни келтиришимиз мумкин. Ҳудди ана шу сабабдан ҳам биз унинг айтаётган сўзларини шарҳламадик, ўз эҳтимоллармизни ҳам илгари сурмадик, қандай бўлса шундайлигича бердик. Биз бу маълумот омма учун жуда муҳим эканлиги сабабли нашр этиб, хулосаларни ўқувчи ёки тамошабиннинг ўзига ҳавола этдик. Улар унга ишониш ёда ишонмасликни ўзлари ҳал қилишсин.

Би-би-си: Лекин ҳар қандай хабар агентлиги бирон маълумотни чоп этишдан аввал ҳамиша уни қайта тасдиқлаш ва ҳақиқийлигини аниқлашга ҳаракат қилиши керак, шундай эмасми?

Даниил Кислов: Кўплаб жорий тузумларнинг жиноятлари аксар ҳолларда бу тузумлар йўқолганидан кейингина ошкор бўлади. Шунинг учун бу маълумотларни тўлиқ тасдиқлаш ўта мушкул иш албатта. Унинг айтаётганларини қандай қилиб тўлиқ тасдиқлаш мумкин? Фақатгина Ўзбекистон турмасида ўтириб чиқиб тасдиқлаш мумкиндир, мен буни ҳеч кимга раво кўрмайман. Биз бу нашр ҳақида кимда қўшимча маълумот бўлса биз билан боғланишни таклиф қилдик. Зора кимлардир биз билан алоқага чиқиб, занжир каби бир-бирининг кетидан қўшимча маълумотлар ошкор бўлиб, бу маълумотларни тўлиқ тасдиқловчи, балкида инкор этувчи иловалар пайдо бўлса.