'Алп Жамол банк'нинг Тошкентдаги мулки кимошди савдосига қўйилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption "Алп Жамол банк"ни Ўзбекистон банк қонунчилигини бузишда айблаб ёпишган

Uzdaily.uz веб-сайти хабар қилишича, 'Алп Жамол банк'ни тугатиш комиссияси банкка тегишли "Версал" ресторани ва "Саёҳат" меҳмонхонасини кимошди савдоси орқали сотишга қарор қилган.

Ўзбекистон Давлат Мулки қўмитасининг кўчмас мулкка ихтисослашган идораси илк аукционни 7 декабрга белгилаган.

Мабодо ўша куни сотилмаса, декабр охирида, иккинчи марта ҳам сотилмаса, яқингача ҳам Тошкентдаги энг бадавлат одамларники деб кўрилган меҳмонхона ва ресторанни 2012 йил бошида савдога қўйиш режаланган.

2010 йил мартида Тошкентда овозали ҳибсга олишлар бўлган, "Узметроном" Интернет нашри бу ҳибсларни "Ўзбекистонда олигархларни синф сифатида тугатиш кампанияси" деб атаган.

"Кампания" Президент Ислом Каримовнинг 2009 йил 8 декабрида Тошкентда Ўзбекистон Конституцияси куни муносабати билан қилган расмий чиқиши ортидан бошлангани, ҳибсга олинган бой-бадавлат кишиларга тегишли уйлар ва корхоналар болалар боғчаси ёда санаторийларга айлантирилгани" ҳақида хабар қилган "Узметроном".

Ўшанда Ўзбекистоннинг Марказий банки "Алп Жамол банк"нинг банк фаолияти билан шуғулланишига изн берадиган лицензиясини қайтариб олган.

"Алп Жамол банк"нинг мамлакат банк қонунчилигини бузгани сабаб қилиб кўрсатилган.

Банк раҳбари Муҳиддин Асомиддиновнинг Ўзбекистондан қочиб кетишга мажбур бўлгани хабар қилинган.

Фаолияти тугатилган пайтда "Алп Жамол банк"нинг активи 118 миллиард Ўзбек сўми ёки қарийб 67 миллион АҚШ долларига тенг бўлгани, мижозлари сони 115 мингни ташкил этгани айтилган.

"Алп Жамол банк"нинг маблағлари Халқ банкига ўтказилган.

Шу йилнинг июн ойида эса Тошкентнинг Олмазор туман маҳкамаси банкнинг қолган барча мол-мулкини давлат фойдасига ўтказиш ҳақида ҳукм чиқарган.

2010 йил бошида муваффақиятли тадбиркорларга қарши бошланган таъқиблар Ўзбекистоннинг бизнес юритиш учун ишончсиз мамлакат деган мавқеини янада мустаҳкамлаган.

Тижорат доираларидаги умидсизлик руҳи жуда кучли" - деган ўз номини ошкор этишни истамаган бир сармоядор -"Маҳаллий бизнес ва банкларга қарши бошланган ҳужумлар вазиятни янада ёмонлаштиради. Хорижий сармоядорлар Ўзбекистонга келишмайди, ичкаридаги ишбилармонлар эса бор мулк ва маблағларини бошқа мамлакатларга кўчириш тадоригига тушадилар".