Ўзбекистонда вилоят ҳокимларини телевидение орқали халқ билан мулоқотга чиқишга ундаётган омиллар қандай?

Ўзбекистонда вилоят ҳокимларининг телевидение орқали халқ билан мулоқотга чиқиш ҳолатлари кузатилмоқда.

5 ноябр куни Жиззах вилоят ҳокими Сайфиддин Умаров вилоят телевидениеси орқали 1.5 соат мобайнида телефон воситасида берилган саволларга жавоб берган.

Берилган саволлар асосан вилоятдаги ижтимоий-иқтисодий масалалар билан боғлиқ бўлиб, газ ва электр таъминотидаги узилишлардан тортиб, пластик карточкаларни ишлатишда юз тутилаётган муаммоларни ўз ичига олган.

Биргина Жиззах шаҳрининг ўзидан вилоят ҳокимига 40дан ортиқ савол берилган.

Бугун 8 ноябр куни кечқурун эса Самарқанд вилояти ҳокимининг ҳудди шу каби теле-мулоқотининг эфирга узатилиши кутилмоқда.

Бухоро ва Қарши шаҳридаги вилоят телевидениелари ҳам ўз режаларида вилоят ҳокимлари билан мулоқотлар киртилганлигини маълум қилганлар.

Жиззах вилоят ҳокими Сайфиддин Умаров аҳолидан келган энг долзарб саволларга масъулларни студияга йиққан ҳолда жавоб беришга ҳаракат қилган. Биргина Жиззах шаҳрининг ўзидан 40 дан ортиқ савол тушган.

Жиззахлик ҳуқуқ фаоли Саида Қурбонова ҳоким билан уюштирилган мулоқотни бошдан охиригача кўрган.

"Вилоят ҳокимига шунақа савол тушди. "Биз ойлик ҳисобига олаётган пластик карточкамизга озиқ овқат маҳсулотларини 30 фоиз қимматига сотиб олаяпмиз, бунга барҳам бериладими", деган савол берилди. Вилоят ҳокими "буни шахсан ўз назоратимга оламан", деди", - дейди Саида Қурбонова.

Ҳоким билан мулоқот 5 ноябр куни эфирга узатилган, шу вақтгача пластик картадаги пулни нақдига ўтказиш ва маҳсулотларни ўз қийматида сотиб олиш борасида бирор чора тадбир кузатилганча йўқ.

Ушбу мулоқотни ёзиб олиб эфирга узатган шаҳар телевиденияси масъул ходимининг Би-би-сига айтишича, ҳоким студияга келиб тушган барча саволларга жавоб берган.

"Муаммолар ҳал бўлиб бошлади. Мисол учун маҳаллаларда ГРПларни инвертаризациядан ўтказалиб , халққа газни тўғридан тўғри етиб боришини таъминлаш борасида ишлар қилинди. Бугунги кунда энг долзарб нарса бу газ, шу нарса ҳал бўлди", - дейди шаҳар телевиденияси ходими.

Вилоятда энг долзарб бўлиб турган электр энергияси ва газ етказиб бериш бўйича ҳам юзага келган муаммоларни ҳоким ечишга ваъда берган.

Жиззах шаҳрида яшовчи тадбиркор аёл 3 кундан бери чироқ ва газ ўчиб қолгани боис невараларини бошқа жойга жўнатиб, ишлаб чиқаришни тўхтатишга мажбур бўлаётганини айтади.

"Газ йўқ, свет йўқ, совуқ. Уч кундан бери на газ бор ва на свет бор. Ҳозир ишимиз тўхтаб қолган. ", - дейди Жиззах шаҳрида қандолатчилик билан шуғулланувчи якка тадбиркор.

Жиззахликлар ҳозир ноябрь ойининг ўрталарида газ таъминотининг қишки режимга ўтишидан умид қилиб ўтиришибди. Агар газ таъминоти қишки режимга ўтса юқори босим билан келади.

Аммо электр энергиясининг яхшиланиши борасида умидлар йилдан йилга сўниб бормоқда.

" Электриклар билан гаплашсангиз, трансформаторлар ўта эски, янгиларини сотиб юборишган. Сотиб, ўрнига эскисини қўйиб, ҳокимлар бўшаб кетаверган. Ёмғир қор майли, сал шамол турса юрагим пўккилаб туради, ҳозир хамирим қолиб кетади, портлаб кетади, деб. Ҳақиқатдан ҳам трансформатор портлаб кетади", - дейди жиззахлик тадбиркор аёл.

Жиззахлик ҳуқуқ фаоли Бахтиёр Ҳамроев вилоят ҳокимининг аҳоли билан очиқ мулоқотини қўллаб қувватлайди, аммо унга кўра, йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларни ҳоким еча олмайди.

"Ҳокимнинг мулоқотга чиққанини қўллаб қувватлаймиз. Бу яхши нарса. Лекин ҳоким бу муаммоларни еча олмайди", - дейди Бахтиёр Ҳамроев.

Бугун Самарқанд вилоят ҳокими ҳам маҳаллий иккита канал орқали халқ билан мулоқот уюштиришни режалаган. Ушбу вилоятда ҳам газ ва электр энергияси таъминотидаги муаммолар энг долзарб масала бўлиб тургани айтилади.

Маҳаллий ҳокимларнинг халқ билан бу йўлда тўғридан-тўғри мулоқотга чиқишлари Ўзбекистонда шу вақтгача кузатилмганди, эндиликда бу қадамга борилаётгани ортида турган сабаблар нимада? Ва аслида ташаббус қаердан чиққан?

Бу ҳақда Би-би-си шарҳловчи Камолиддин Раббимов билан суҳбатлашди.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди