"Мирзиёев мақсадга эришиш учун ҳеч нарсадан қайтмайдиган одам"

Шавкат Мирзиёев Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty
Image caption Шавкат Мирзиёев деярли саккиз йилдан буён Ўзбекистон бош вазири вазифасини бажариб келади

"Узметроном" интернет нашри Ўзбекистон парламентининг келаси ой ўтадиган қўшма мажлисида ҳукуматга ишончсизлик билдириш масаласи кун тартибига қўйилиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқатган.

Нашрнинг ўз манбаларига таяниб билдиришича, парламентнинг қонунчилик палатаси депутатлари жойлардаги ҳокимият идоралари фаолиятини ўрганиш мақсадида вилоятларга сафар қилишмоқда.

Уларнинг ҳисоботи Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг истеъфосига сабаб бўлиши мумкин.

Би-би-си суҳбатлашган расмий сиёсий партияларнинг вакиллари бу хабарни тасдиқлашгани ҳам, рад этганлари ҳам йўқ.

Би-би-си "Узметроном" нашри муҳаррири Сергей Ежков билан боғланиб, ҳукуматнинг истеъфоси ҳақидаги тахминлар нималарга асосланган, деб сўради.

Сергей Ежков: Ёдингизда бўлса, ёзда парламентнинг қўшма мажлиси бўлиб ўтди ва унда ҳукуматнинг фаолияти "қониқарсиз" деб топилди. Бу ҳукумат ёмон ишлаяпти, дегани. Бу, менинг назаримда, ҳукуматга бир огоҳлантириш эди. Қишда, йил якунлари сарҳисоб қилинган маҳал, менинг тахминимча, ҳукуматнинг истеъфоси масаласи кун тартибига қўйилади. Фақат бош вазир эмас, балки бутун ҳукуматнинг. Яъни алмаштириладиган бўлса, бутун ҳукумат алмаштирилади. Бу нарса қонунчиликда аниқ-таниқ кўрсатиб қўйилган, нима учун амалда тадбиқ этилмасин?

Би-би-си: Ахборот воситалари, жумладан, сизнинг нашрингиз Мирзиёевнинг истеъфосини биринчи марта башорат қилаётгани йўқ. Аммо Ўзбекистондаги бутун муаммоларга қарамасдан, Мирзиёев ҳам, ундан кичикроқ амалдорлар ҳам истеъфога юборилаётгани йўқ. Қолаверса, жаноб Мирзиёв Президент Каримовнинг эҳтимолий меросхўрларидан бири сифатида кўрилади...

Сергей Ежков: Бу нотўғри. Мен билмайман, ким Мирзиёевни меросхўр сифатида кўради, аммо, менинг назаримда, бу нотўғри қараш. Унинг узоқ вақт ҳокимиятда қолаётганининг сири менимча, мустаҳкам хўжалик ишлари бошқарувчиси эканида. Мирзиёев мақсадга эришиш учун ҳеч нарсадан қайтмайдиган одам. Мамлакат ривожланишининг қайсидир босқичида бу каби бошқарувни қабул қилиш мумкиндир. Аммо мамлакат маъмурий-буйруқбозлик тизимидан чарчаган пайт, бундай раҳбарлардан қутулиш керак. Худди Совет давридаги каби. Ёдингизда бўлса, Совет даврида қаттиққўл хўжалик раҳбарлари ўрнига саводли муҳандислар келишган. Менинг назаримда, меросхўр бутунлай янги одам, янгича ёндашув ва қарашдаги одам бўлиши керак. Агар Шавкат Миромонович меросхўр бўладиган бўлса, унда ҳеч нарса ўзгармайди. Биз ҳозир қандай йўлдан бораётган бўлсак, яна шу йўлдан кетаверамиз.

Би-би-си:Аммо Ўзбекистонда сиёсий ва иқтисодий йўналишни бош вазир эмас, балки президент белгилайди. Президентнинг ўзи ҳозирги йўлнинг тўғри эмаслигини англаб етганми?

Сергей Ежков: Менимча, президент ҳатто биз билмаган кўпгина нарсаларни ҳам англаб етган...

Би-би-си: Аммо Ўзбекистонда президентдан бошқа омма назаридаги сиёсатчилар йўқ. Бутунлай янги одам келади, деб умид қилишга асос борми?

Сергей Ежков: Билмасам. Менимча, Ўзбекистон ҳукумати, унга яқин доираларда янгича фикрлайдиган, мамлакат иқтисодини ҳозирги турғунликдан олиб чиқишга қодир инсонлар бор.

Би-би-си: Президент Каримовнинг сиёсий меросхўрликни таъминлаш ҳақидаги нутқидан буён роппа-роса бир йил вақт ўтди. Амалда ҳокимиятни тинч йўл билан ўзгартиришнинг механизми қарор топиб улгурди, деб ишонасизми?

Сергей Ежков: Албатта. Бундай механизм аввалдан бор эди, охирги пайтларда тўлдирилди, кенгайтирилди. Президент ўз консепсиясида илгари сурган тезисларнинг ҳаммаси парламент томонидан қонунийлаштирилди. Жумладан, ҳукуматга ишончсизлик билдириш тартиби ҳам. Мен ўзбек халқи инқилобий ўзгаришларни истайди, деган фикрларга қўшилмайман. Одамлар ҳокимиятнинг ҳар қандай қадамига мослашишга ўрганишган ва кўпинча ҳокимиятдан ёрдам кутиб ўтирмай, муаммони ўз кучлари билан ҳал қилишга уринадилар.