Самарқанд вилоят ҳокимининг ТВ мулоқоти даврида чироқ ўчиб қолган

Image caption Зойир Мирзаев нима учун аҳоли давлат идораларидан норози эканига тушунмаслигини айтган

Жиззах вилоят ҳокимининг аҳоли билан жонли телевизион мулоқоти ортидан, сешанба оқшомида Самарқанд шаҳар ҳокими Зойир Мирзаев ҳам маҳаллий телевидение орқали уюштирилган дастурда иштирок этган. Дастур бир неча кундирки телевидение орқали эълон этиб келинаётганди.

Самарқандлик инсон ҳақлари фаоли Ҳолиқназар Ғаниевнинг Би-би-сига айтишича, у икки соатга мўлжалланган кўрсатувнинг фақат биринчи қисмини томоша қила олган холос, чунки чироқ ўчиб қолган.

"Еттидан тўққизгача бўлиши айтилганди. Соат роппа-роса саккизда свет ўчди", дейди фаол.

Мулоқот жонли бўлиши кўзланганига қарамай, телефон жиринглаши ёки сим қоққан оддий фуқароларнинг овози эшитилмаган. "Томошабинлардан тушган" саволлар бошловчи томонидан ўқиб эшиттирилган.

Ўз кириш сўзида жаноб Мирзаев аҳолининг газ ва электр таъминоти борасидаги саволларига жавоб беришга тайёр эканини айтган.

"Тўртта телефон номери ёзиб қўйилганди, учтасига мен телефон қилдим. Ҳаммаси банд эди. Биронта ҳам савол берган кишининг овози эшитилмади", дейди Ҳолиқназар Ғаниев.

Ўқиб эшиттирилган саволлар ва шикоятлар газ ва электр таъминотининг ўта абгорлиги, ва йиллар оша бериб-берилмай келаётган газ ва электр қуввати учун давлат мажбуран пул талаб қилаётгани ҳақида бўлган.

Ҳоким жаноблари нима учун аҳоли орасида газ таъминоти идораларидан норозилик борлигига тушунмаслигини айтган.

У одамлар ҳар ойи туман газ идораларига бориб, компьютеридаги рақамлар билан ҳисоб-китоб қилиш кераклигини урғулаган.

Аҳолининг ўзи айбдор

Жаноб Мирзаев бирон муаммони ечиш бўйича чора кўришга ҳам ваъда бермаган. Унинг чиқиши муаммоларда оддий аҳолини айблашга асосланган.

"Оддий одамлар бу кўрсатув ҳокимият тарафини ёқлаш йўналишида бўлди деган гапларни айтаяпти", дейди самарқандлик фаол.

Газ ва электр таъминоти қиш мавсуми арафасида бутун Ўзбекистон бўйлаб бошоғриққа айланмоқда. Баъзи вилоятларда очиқчасига аҳолига газ бўлмаслиги эълон қилинган ва кўмиру ўтинларни жамлаш тавсия этилган.

Ҳолиқназар Ғаниевнинг айтишича, самарқандликлар орасида айни масалада маҳаллий ҳокимиятдан норозилик ҳисси жуда кучли ва улар ҳокимнинг самимийлигига ишонишмади.

У аввало аҳолининг газ ва электр бўйича давлатдан қанча қарзи бор экани ҳақида гапирган.

"Мана бир ойдирки чироқни истаган пайти ўчиради ва истаган пайти ёқади, газни нол деса ҳам бўлади. Мана невараларим билан уч метрга уч метрлик хонада исиниб ўтирибмиз", дейди самарқандлик фаол.