Ўзбекистоннинг қай бир минтақасида электр энергияси бисёр?

Синоптиклар бу йил Марказий Осиёда қиш узоқ ва совуқ келишини тахмин қилмоқда.

Кеча Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларига иккинчи қор ёққан.

Энергия таъминотидаги тақчиллик сабаб оддий одамларнинг қийинчиликларга учраётгани айтилмоқда.

Айрим туманларда маҳаллий ҳокимият томонидан одамларга кўмак кўрсатилаётган бўлса, айрим жойларда аҳолининг шикоятлари бефарқ қолдирилмоқда.

Би-би-си Ўзбекистоннинг турли минтақаларига сим қоқиб, одамларнинг совуқ кунларни қандай ўтказаётгани билан қизиқди.

Вазиятни билиш учун энг аввало Жиззах вилоятига қўнғироқ қилдик.

5 ноябрь куни бўлган теле-мулоқотда вилоят ҳокими энергия таъминоти билан боғлиқ муаммоларни тез орада ечишга ваъда берганди.

Пахтакор туманида яшовчи исми ўзгартирилган Исмоил ака тўрт кундан бери газ ёнаётганини айтади.

"Газимиз рўза бошланмасдан аввал ўчган эди. Кеча яқинда ёнди. Салкам тўрт ой газ бўлмади. Энди келиб қолди", - дейди Исмоил ака.

Газ келган бўлса-да, электр энергияси таъминотидаги узилишлар ҳали ҳам давом этмоқда.

“Ток ҳам ўйнаяпти, роса кўп ўчаяпти. Токка овқат пишириб, плита ишлатиб ўтиргандик. Уни ҳам роса кўп ўчираяпти, оқшом маҳали ва кундуз ўчириб қўйишяпти”, - дейди уй бекаси.

Газ келган бўлса ҳам босим кучли эмас, шу сабабдан қувурнинг сўнггида жойлашган маҳаллаларга етиб бормаяпти. У ердаги одамлар совуқдан кўрпанинг остига кириб, жон сақлашаётгани айтилади.

“Ноилож, энди қайтсин. Кўрпанинг тагига кириб ўтирибди. Бир марта қор ёғди. Қорнинг совуғи бўлди. Бу совуқларда ноилож чидадик, кўрпаларга ўраниб олдик. Уйлар совиб кетаверди, уйдан кўча яхши бўлиб қолди”, дейди Исмоил ака.

Туман ҳокимиятидан одамларнинг шароитини сўраб ҳеч ким қизиқмаган.

“Ҳокимиятдан келиб хабар оладиган одамнинг ўзи йўқ. 4 ой газ бўлмади, биров келиб қандай яшаяпсизлар деб сўрамади. Шикоят қилиб чиққани билан натижа йўқ. Ремонт қилаяпти деган сабабни айтишган”, - дейди Исмоил ака.

Жомбой туманига бундан бир хафта олдин қўнғироқ қилганимизда, электр энергиясида жуда кўп узилишлар бўлаётгани ҳақида айтишганди. Биз билан гаплашган уй бекаси аҳвол ўнгланганини айтади.

“Худога шукур, ҳаммаси яхши. Ҳозир чироқ ёниб турибди. Трансформатордан бўлган экан, шуни созлашди. Бутун вилоят бўйича таъмирлаш ишлари кетаётган экан. Ҳозир яхши бўлиб қолди”, - дейди жомбойлик аёл.

Уй бекасининг илова қилишича, газ таъминотида ҳам яхши ўзгаришлар бўлган, қишки мавсум кириши билан газнинг босими кўтарилиб қолган.

Сурхондарёнинг Бойсун туманида ҳам вилоятнинг бошқа туманлари каби электр таъминотида тез-тез узилишлар бўлиб турибди.

Бойсунлик суҳбатдошимизнинг айтишича, айниқса, одамлар кечки овқатга тўпланадиган вақти соат 6 ва 9 оралиғида мунтазам чироқ ўчмоқда.

"Кечқурун соат 6 атрофида ўчди 9 га яқин ёнди. Деярли 2,5 соат ўчириб қўйди. Ҳар куни шу аҳвол", - дейди бойсунлик суҳбатдош.

Бошқа вақтлари ҳам шаҳар ичида 2 соатлаб электр энергиясини узиш ҳоллари кўп бўлади. Қишлоқ жойларда суткасига фақат 4-5 соат ток бўлишини айтади суҳбатдошимиз.

Газ ва электр энергиясидаги узилишлар сабаб кўмирнинг баҳоси 2 баробар кўтарилиб кетган. Муҳим жиҳати - бойсунликлар ўзларининг ташаббуси ва кучи билан кўмир конларидан кўмир қазиб олишмоқда.

“Баъзан шахталардан нолегал равишда қазиб олиб келишади. Қазиб олиб келинган кўмирнинг бир қопи 15 минг сўмга чиқиб кетган. Илгари 5-6 мингга олган бўлса, ҳозир 2 баробар қиммат бўлиб кетди. Давлат шахтасидан кўмир олиш йўқ. Одамларнинг ўзлари хусусий тарзда қазиб олиб келиб нолегал сотишади. Шахтада ишлайдиган йигитлар эшакларда олиб келиб бозорда сотишади”, - дейди бойсунлик суҳбатдошимиз.

Қўқон шаҳрида ҳам электр таъминотида ҳар куни узилишлар бўлмоқда. Шу кунларда шаҳарга газ берилган, аммо босим пастлигидан овқат пиширишгагина етарли бўлмоқда.

Уйларни иститиш учун имкони борлар ўтин билан ёнадиган печка қурмоқда. Аммо кўп қаватли уйларда яшовчилар қийин аҳволга тушиб қолган.

Шаҳар ҳокимиятининг топшириғи билан давлат муассасаларида ишловчи ходимлар уйма-уй юриб, одамларнинг шароитини ўрганмоқда ва тушунтириш ишлари олиб бормоқда.

Қўқонлик исми ўзгартирилган шифокор Одина опа ўзига тегишли участкада ана шундай тушунтириш ишларини олиб боради.

“Дом"да роса қийинчилик бўлаяпти. Мана ўзим участка врачи бўлиб ишлайман, кўмирингиз борми, қандай қилиб иситаяпсиз, деб сўраб кўчама-кўча юрибмиз. Одамларнинг ҳаммаси хафа, нимага йўқ, деб сўрашаяпти. Кеп қолар, ҳозир шароит шунақа деб тушунтириш ишлари олиб бораяпмиз”, - дейди Одина опа.

Шаҳар ҳокимияти томонидан ўз участкасига юборилган шифокор Анора опанинг айтишича, ҳокимият томонидан кам таъминланган оилаларга арзон баҳода кўмир сотилмоқда.

“Бизга ёрдамга муҳтожларга кўмир бор дейишганди. Бугун учинчи маҳаллада кўмир тарқатаётган экан, бориб олаверинглар дедик. Битта қопи 3 минг, бир тоннаси 71 минг сўмдан экан. Бозорда тоннаси 300 минг сўм экан. Кегин ўтинлар бепул берилаяпти”, - дейди Анора опа.

Болалар шифокори бўлмиш Одина опага кўра, кўп қаватли уйда яшовчи ёш болали оилалар бошқа жойга кетишга мажбур бўлмоқда. Уйларнинг совуқлиги сабаб болаларда хасталиклар сони кўпайган.

“Уйларнинг ҳолатини кўраяпман. Шароити йўқлар онасиникига ёки қариндош-уруғиникига кетаяпти. Уйда қолганлари печ ясаб ўтиришибди. Ёш болалар ўртасида зотилжамга чалиниш кучайди. Шифохоналарга ётқизиш кўпайиб қолди”, - дейди Одина опа.