'Раҳбарлар аҳолига ўтин ва кўмир сотиб олишни тавсия қилишмоқда'

Image caption Маиший хизмат корхоналари газдан узиб қўйилганига қарамай, хонадонларга газ оқими кўпаймаган

Ўзбекистонда газ ва электр тақчиллиги билан боғлиқ вазият сақланиб қоларкан, расмийлар аҳолига ўтин ва кўмир сотиб олишни тавсия қилиш билан кифояланмоқда.

Хабарларга кўра, шу кунларда Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида совуқда навбат кутиб, қийналган нафақахўрлар маҳаллий банкнинг ойналарини синдиришган.

"Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамияти вилоят бўлими фаоли Исроил Мирзаевнинг Би-би-сига айтишича, сешанба куни содир бўлган ҳодисада нафақахўрлар милициянинг қаршилигига қарамай, "Халқ Банки" идорасига бостириб кириб, ўз маош ва нафақаларининг берилишини талаб қилишган.

Талабнинг бажарилиб, бажарилмагани номаълум.

'Сўнгги томчи'

Инсон ҳуқуқлари фаолининг айтишича, маош ва нафақаларнинг вақтида берилмаётгани газ ва электр тақчиллигидан қийналган аҳолининг сабр косасини тўлдирган охирги томчи бўлган.

Исроил Мирзаевга кўра, ноябр ойи бошидан Гулистон шаҳрида аҳолига хизмат кўрсатиш шаҳобчалари, умумий овқатланиш муассасалари, хусусий чойхона, новвойхона ва бошқа маҳаллий бизнеслар газ тармоғидан узиб қўйилган.

Унинг айтишича, одамлар ўтин ёқиш учун шаҳар марказидаги дарахтларни ҳам кесиб кетишмоқда.

"Бу жуда ачинарли ҳол. Бизнинг вилоятимизда тупроқ шўр бўлгани учун битта дарахтни кўкартириш жуда қийин", -дейди сирдарёлик фаол.

Унинг сўзларига кўра, вилоят марказидаги мактабларга газ бор, аммо туман ва қишлоқларда мактаб ва шифохоналарга ҳам газ берилмаётир.

"Одамлар шикоятлар билан вилоят, туман ҳокимликларига боришаяпти. Раҳбарлар эса газнинг камлигини айтиб, одамларга ўтин ва кўмир сотиб олишни тавсия этишаяпти", - дейди Исроил Мирзаев.

Би-би-си билан суҳбатда Сирдарё вилоят ҳокимининг ёрдамчиси Алижон Эрматов газ ва электр тақчиллиги аҳолининг норозилигига сабаб бўлаётгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

"Газ бор, берилаяпти", - деди мулозим.

Инқироз

Ўтган ҳафта аҳолини энергия билан таъминлаш масаласи Ўзбекистон парламентининг қуйи палатаси-Олий Мажлис қўмитасида ҳам муҳокама этилган.

Аммо расмий хабар агентликлари муҳокама тафсилотлари ҳақида маълумот бермаган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг четга сотиладиган газ ҳажмини ошириши аҳолига газ таъминотининг камайиб кетишига олиб келгани айтилади.

Ўтган ҳафта газ таъминотидаги узилиш, хабарларга кўра, Андижон шаҳридаги турар-жой биносида портлашга сабаб бўлган.

Расмий манбаълар ҳодиса ҳақида сукут сақламоқда.

Ўтган қиш мавсумида Қарши шаҳридаги турар-жой биносида юз берган ҳодисада камида бир киши қурбон бўлгани, бир неча одамнинг жароҳатлангани хабар қилинган.

Таҳлилчиларга кўра, бу йил қишнинг қаттиқ келиши Ўзбекистоннинг энергия таъминотида инқироз вазиятини юзага келтирган ва аҳолининг жиддий норозилик чиқишларига сабаб бўлиши мумкин.