Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Диний маҳбуснинг аёли: "Айбимиз йўқлигини фақат Оллоҳ билади, лекин президентимиз бизни кечирсин"

Image caption Ўзбекистонда диндорларга тазйиқлар бўйича халқаро ҳисоботларда энг юқори ўринларни эгаллаб келади

Тошкент вилоятида ўтган ёпиқ маҳкамада ваҳҳобийликда айбланган 16 нафар диндорлар орасида янгийўллик Исмоил Холматов ҳам олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

У ҳам диний-эктремистик ташкилот тузиш ва конституциявий тузумга тажовуз қилишда айбдор деб топилган.

Исмоил Холматовнинг турмуш ўртоғи Шаҳло Холматованинг айтишича, эри оддий мисгар бўлиб ишлаган.

Унинг ҳибсга олинишига эса 2008 йилда ҳамкасбларидан бирининг уйида ўтган маракада янграган даъватга қулоқ тутгани, ва ўз заргар устозидан бир неча бор Қуръон ҳақида дарс олгани сабаб бўлган.

Шаҳло Холматова эрининг ваҳҳобий ё бошқа диний гуруҳларга аъзо эканини мутлақо рад этади ва судга тортилган яна 15 киши билан умуман алоқада бўлмаганини таъкидлайди.

"Битта шу айби ақиқага борганлиги бўлиб қолди. Кейин Қуръондан дарс олгани... Қуръондан дарс олиш айб ҳисобланмайди-ку. Ўзбекистонда ҳамма нарсага очиқлик, енгиллик берилган-ку", дейди у.

29 ёшли Шаҳло учун эрининг қамалиши оиладаги охирги боқувчининг йўқолишини англатади.

Икки фарзанднинг онаси ва сил билан оғриган Шаҳло ўзи "ишга ярамаслиги" ва эрининг укаси ҳам аввалроқ диний айблар билан қамалгани учун оилада саккиз жон боқувчисиз қолганини айтади.

Шаҳло Холматова Би-би-си билан суҳбатда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга мурожаат қилиб, унинг эри ва оиласини авф этишни сўради.

"Ҳаммасига розимиз, майли, бизни айбдор деб билишаяптими, айбсизлигимизни ёлғиз Оллоҳ билади, узр сўраймиз. Хўжайиним, қайниукамлар номидан ҳам узр сўрайман. Сизлардан илтимос, узрларимизни етказинглар. Шароитимиз жуда оғир", дейди Шаҳло.

Исмоил ва Шаҳлонинг фарзандлари ҳам вазиятдан жабр чекмоқда.

"Фарзандларим дадасининг келишини кутиб, кун санашади. Мана, саккиз ёшли қизим юрагим санчияпти дейди, юрагидан шикоят қилаяпти. Илтимос президентимиздан, илтимос қиламан, авф этсинлар".