ХВЖ Ўзбекистонда юқори суратли иқтисодий ўсишни башорат қилмоқда

Халқаро Валюта Жамғармасининг Тошкентга сафар қилган ҳайъати 2011 йил Ўзбекистондаги Ялпи ички маҳсулот ўсиши 8 фоиздан ошишини айтган.

Шунингдек, ташкилотга кўра, Ўзбекистонда 2000 йил ўрталаридан буён юқори даражада иқтисодий ўсиш кузатилган ва глобал иқтисодий инқирозга яхши бардош берган.

Жамғарманинг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё бўлими раҳбари Вероники Бакалуга кўра, сўнгги 5 йил асносида Ўзбекистондаги иқтисодий ўсиш суръати ўртача 8,5 фоизни ташкил этган. Бу эса, Марказий Осиёдаги ўртача ўсиш даражасидан юқори эканини айтилади.

Бакалу хонимга кўра, ўтган йиллар мобайнида катта ҳажмли давлат заҳираси, қарзлар миқдори камлиги, барқарор банк тизими ва халқаро молия бозорларидан эҳтиёткорлик билан қарз олингани мамлакатни глобал инқироздан тўғридан-тўғри зиён кўришидан асраган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон четга сотадиган маҳсулотлар, айниқса, олтин ва газ нархлари ошган.

Бироқ, Ғарб мутахассислари бу мамлакатдаги иқтисодий ўсиш борасидаги расмий маълумотларни савол остига олишади.

Ўзбекистон аҳолиси эса, айтилаётган иқтисодий ўсиш ўз моддий шароитларида деярли акс этмаслигини урғулайдилар.

Ҳамон миллионлаб ўзбеклар яқин ва узоқ хорижга иш излаб кетишга мажбурлар.